"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ ОТА-ОНА НАЗОРАТИДА ТАЪЛИМ ОЛГАНИ ЯХШИ

09-сентябр 2017 йил, 12:02. Ўқилди: 3783 марта

Ҳар бир ота-она учун фарзандининг соғлиги қанчалик муҳим бўлса, ўқиб, илм олиши, касб-ҳунар эгаллаши ундан-да муҳимроқ. Бекорга халқимиз: "ёшликда олинган билим – тошга ўйилган нақш”, деган мақолни яратмаган.

Менинг фарзандларим умумтаълим мактабининг 11-синфини тамомлаб, турли касб эгалари бири – чевар тикувчи, бири – кутубхона ишлари бўйича мутахассис, яна бири санъаткор бўлиб етишдилар. Ҳаммалари ҳаётда ўз ўринларини топишди. Невараларим эса...

Тўғриси, катта неварам ўрта махсус, касб-ҳунар коллежига ўқишга кирганида жуда қувонган эдим. Танлаган йўналиши бўйича яхши касб эгаси бўлиб етишса, ишласа, эл-юртга нафи тегса – қандай яхши! Лекин бундай бўлмади. Неварам ўқишга бир кун борса, 2-3 кунлаб дарсдан қоладиган, ҳатто ўқишга бирон ўқув қуролисиз кетадиган кунлари кўп бўлди. "Нега дарслик ёки дафтар-қаламсиз ўқишга бораётирсан?” – десам, "ҳамма шундай боришади, ўқиш унчалик бўлмайди”, – деб жавоб берарди. Ўзим ўқитувчи бўлиб ишлаб, нафақага чиққаним учун коллежларнинг моддий-техника базасини  мустаҳкамлаш мақсадида давлатимиз томонидан йиллар давомида ажратилаётган миллиардлаб сўмлик маблағлар, барпо этилаётган коллеж бинолари, бундан ҳам муҳими, айни ўқиб-ўрганадиган, касб-кор эгаллайдиган ёшдаги фарзандларимизнинг ҳавога совурилган қимматли вақтларига ачиниб кетардим, ҳар гал неварамнинг бундай гапларини эшитганимда.

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими тизими соҳасини ўрганиб, таълимнинг бу йўналишида йўл қўйилаётган камчиликларга ҳаққоний муносабат билдирдилар, 11 йиллик мажбурий таълим тизимини қайтадан жорий этиш таклифини илгари сурганларида, очиғи, қувончдан кўзларим намланди. Ахир бизнинг "Чойкўл” овулимиздан туманимиз марказидаги ва Қипчоқ овулидаги касб-ҳунар коллежларига 3 йил давомида чала-чулпа қатнаб ўқиб, қўлида коллеж дипломи билан ишсиз юрган қанча ёшлар бор: уларнинг деярли  барчаси ишсиз, ишлаётганлари ҳам ёлланма ишчилар эканлигини ҳисобга олсак, фарзандларимизнинг ота-онаси бағрида, ўз уйидан кириб-чиқиб, умумтаълим мактабида таҳсил олгани, ҳафтанинг маълум кунларида  касб йўналишлари бўйича ўқув курслари машғулотларида қатнашиб, зарур малака ва кўникмага эга бўлганлари ҳамма ота-оналар учун маъқул. Шахсан мен невараларимнинг умумтаълим  мактабида 11 йиллик маълумот олиш асносида касб-кор эгаллашларидан жуда хурсандман. Ўқувчи ҳафтанинг белгиланган кунларида дурадгор-устакорлик, чеварлик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, бухгалтерия ҳисоби, ҳайдовчилик, тўқувчилик ёки компьютер мутахассислиги каби ҳунарларни белгиданган қисқа муддат ичида ўзлаштириб олаверади. Бунинг учун коллежга 3 йил қатнаши шарт эмас. Муҳими, фарзандларимиз ўзимизнинг назоратимиз остида бўлади. 11 йиллик мактаб таълими қайта тиклангани, менимча, ҳар бир оила, ота-она учун айни муддао бўлди.

Гулсара КАМОЛОВА,

"Чойкўл” овули, фахрий ўқитувчи.

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш