"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

ҲАЁТИНГИЗГА ЁНҒИН ХАВФ СОЛМАСИН!

07-сентябр 2017 йил, 09:19. Ўқилди: 2953 марта

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги "Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2992-сонли Қарори 6-бандига мувофиқ ҳафтанинг ҳар чоршанба куни "Ёнғинлар профилактикаси куни” сифатида белгиланди.

Қўнғирот туманидаги Ақчалак шаҳарчасида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуасида "Ёнғинлар профилактикаси куни” тадбири доимий равишда ўтказилмоқда. Мажмуада асосан юқори зичликдаги полиетилен ва полипропилен грануласи ишлаб чиқарилиб, чет элларга экспорт қилинмоқда. Мажмуани ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бу ерда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ёнғин хавфсизлиги бошқармасига қарашли ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги отряди ташкил қилинди. Отряд замонавий автомобиллар билан таъминланган бўлиб, ҳар бир қисмнинг  ёнғин ўчириш автотранспортлари ва навбатчи шахсий таркиби доимий шай ҳолатга келтирилди. Мажмуа замонавий ёнғин ўчириш воситалари, ёнғин хавфидан хабар берувчи ва ёнғин ўчирувчи автоматик қурилмалари билан жиҳозланган.

Ҳозирги кунда мажмуани ёнғиндан муҳофаза  қилувчи мухандис-инспекторлар томонидан ёнғиннинг олдини олиш борасида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилиб, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Ўтказилаётган тадбирларда мажмуада ишловчи ходимларга Республикамизда содир бўлаётган ёнғинларнинг кўпчилиги эътиборсизлик оқибатида келиб чиқаётганлиги, содир бўлаётган ёнғинлар таҳлили, сабаблари ва ёнғин оқибатида кўрилаётган катта талофатлар, инсон ҳаётига хавф солувчи оғир куйиш ҳолатлари ҳақида тушунчалар берилиб, огоҳликка чақирилди.

Ёнғин – тилсиз ёв. Шунинг учун биз, албатта, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилган тақдирдагина ушбу тилсиз ёвни енга оламиз. Шу боис, мен барча юртдошларимизни ҳар лаҳзада огоҳ бўлишга чақираман.

Руслан ҲАМРОЕВ, 6-ҲЁХО инспектори, сержант.

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш