"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

Имконияти чекланганларга янги уй-жойлар топширилди

06-сентябр 2017 йил, 19:01. Ўқилди: 4298 марта

Юртимиз бўйлаб мустақиллик байрами нафаси кезиб юрган шу кунларда туманимизда яна бир қувночли воқеа – Президентимиз қарори асосида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилган дастлабки арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Яна ҳам қувонарлиси, ушбу уй-жойларнинг дастлабки эгалари давлатимиз ва ҳукуматимизнинг алоҳида ғамхўрлигидаги имконияти чекланган юртдошларимиз бўлди.

Инсон омилига юксак эътибор қаратилаётган давлатимизда жамиятнинг барча тоифаси вакиллари қатори имконияти чекланган кишиларга ҳам алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 августдаги "Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Эндиликда Президентимиз ташаббуси билан уй-жойга эга бўлмаган эҳтиёжманд фуқаролар айниқса, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор амалий ишлар қилинмоқда. Жумладан, уй-жойга эҳтиёжманд ногиронларнинг янгиланган лойиҳалар асосидаги арзон уй-жой олишлари учун бошланғич бадал пулининг тўлаб берилаётган улари учун катта совға бўлмоқда.

Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан туманимизнинг Тош-ёп овули ҳудудида 2 қаватли, ҳар бири 16 хонадонли 2 та турар жой қурилиши бошланиб, мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрами арафасида қуриб битказилган эди.

Мана шу кўп қаватли уйдаги хонадонларнинг 4 таси туманимизда истиқомат қилаётган имконияти чекланган юртдошларимизга тантанали равишда топширилди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергенов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса ерниязов ва бошқалар ногиронларга тантанали равишда уй-жой топшириш бўйича ўтказилган маросимда иштирок этиб, юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг дарду ташвишларига шерик бўлиш, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтдилар. Айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, кам таъминланган ва кўп болали оилалар, ногиронлар ва имконияти чекланганларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.

Биргина мисол – ногирон аёл-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз топшириғига асосан меҳнат қилиш имконияти бўлган хотин-қизларга "Пахтасаноат" уюшмаси ҳудудий бўлимлари томонидан замонавий тикув машиналари берилди. Эндиликда тикув машиналари эгалари "Пахтасаноат" уюшмаси ҳудудий филиаллари билан тузилган шартнома асосида пахта териш учун этаклар, қўлқоплар, уруғлик солинадиган қопча, махсус иш кийимлари ва соҳада зарур бўлган бошқа маҳсулотлар етказиб беради. Уларнинг иш ҳақи олдиндан тўлаб берилади. Ўн мингдан ортиқ этак тиккан тикувчиларга арзон уйлардан сотиб олишлари учун етадиган бадал пули – 10 миллион сўм маблағ пластик карточкаларига ўтказиб берилади. Шунингдек, маҳсулот тайёрлаш учун зарур бўлган мато ва ип пахта тозалаш корхоналари томонидан етказиб берилади. Бу имконият ногиронлар учун даромад манбаларини шакллантириш ва фойдали иш билан машғул бўлиб, ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топишларида муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирда 4 нафар юртдошларимизга янги уйларнинг калитлари тантанали равишда топширилди. Айтиш керакки, ушбу хонадонларда уй эгалари учун барча шароитлар яратилган. Кўп квартирали уйларни қуришда квартиралар эгаларининг эхтиёжларини қондириш мақсадида ҳовлида жойлаштириладиган иморатлар — болалар майдончалари, дам олиш учун айвонлар, душ ва бошқалар барпо этиш ҳамназарда тутилган.

Янги хонадонлар эгалари бундай ғамхўрлик ва эътибор учун Президентимизга катта миннатдорчилик изҳор қилдилар. Ўзларининг фидойи меҳнатлари билан давлатимиз ва жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшажакларини таъкидладилар.

Ушбу мавзуга оид фотолавҳалар билан қуйидаги манзилда танишишингиз мумкин.

Ғ.Ешниёзов.


Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш