"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

БУ МУҚАДДАС ВАТАНДА АЗИЗДИР ИНСОН

02-сентябр 2017 йил, 10:35. Ўқилди: 5219 марта

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллигига

Шукрона

Ўзбекистон собиқ иттифоқ даврида энг қимматбаҳо хомашё – пахта етиштирувчи республика саналса-да, мамлакатдаги  энг қолоқ ҳудудлардан бири эди. Марказ ўзбекистонликларнинг чинакам манфаатлари, ўзига хос шароити ва имкониятларини писанд қилмас, маъмурий буйруқбозлик жабрини оддий халқ кўрар эди.

Пахтачилик соҳасига доир технологиялар, ёнилғи-мойлаш материаллари, асбоб-ускуналардан тортиб, кундалик  ҳаёт учун муҳим бўлган халқ истеъмоли моллари-ю ҳатто ўзимизда етиштириш имкониятлари кенг бўлган дон ва гўштнинг 70 фоизи, картошканинг 60 фоизи, шакар 100 фоиз четдан олиб кириларди. Беҳисоб заҳиралари мавжуд бўлишига қарамай, ош тузи ҳам ташқаридан келтириларди. Бундан кўзланган мақсад жуда аёвсиз эди: Ўзбекистонни марказга қарамликда ушлаб туриш ва жаҳон бозорида ғоятда қимматбаҳода сотиладиган пахта етиштиришни йил сайин кўпайтириш. Бу мақсадга  халал бериши мумкин бўлган, аждодларимиздан асрлар давомида сайқалланиб етиб келган касб-ҳунар заволга юз тутди, халқнинг тадбиркорлик қобилияти бўғилди.

Мустақиллик! Бу сўзни шунчаки айтиб бўлмайди. Жон қадар азиз, мўътабар шу биргина сўз замирида аждодларимизнинг эрк ва озодлик учун олиб борган курашлари, Яратганнинг бизга насиб  этган бу қутлуғ неъмати ва шу туфайли эришган озод ва тинч-осуда турмушимиз бор.

Ҳа, мустақиллик бизга ўз юртимизга ҳукмронликни, ўлкамизнинг беҳисоб бойликларига эгаликни қайтариб берди. Орадан ўтган 26 йил мобайнида жафокаш халқимиз ўз қўли билан ўзининг ёруғ келажагини бунёд этди.

26 йиллик қутлуғ довондан туриб юртимизнинг, шу жумладан, туманимизнинг бугунги қиёфасига назар ташлаган одамнинг юраги фахр-ифтихордан тўлиб-тошиб кетади. Тилига беихтиёр шукрона келади.

 

Ўтган кунларни

хотирлаганда...

Истиқлолдан олдинги йилларда Манғитдан Қиличбойга ё Қипчоққа, Жумуртовга бориб келиш учун йўлга одамнинг  ярим куни кетарди. Республикамиз маркази – Нукус шаҳрига кунига икки ё уч рейс автобус қатнар, уям Туркманистон давлати орқали уч-тўрт соатлаб йўл босарди, десам ишонмайдиганлар топилса керак. Эҳ... у пайтларда турмуш шунчалар ночор эдики...

... Ўшанда 1968 йилнинг кўклами эди. Қиш қаттиқ келганмиди ё бир офатми, кўкламда қиш бўйи музлаб ётган дарё суви эриб, ўзанига сиғмай тошқин юз берди. "Тўлқин” овулида кўпгина оилаларнинг ҳовли-жойлари сув остида қолиб, вайронага айланди.

Шунда сув тошқинидан талофат кўрган аввал хутор ҳолида яшаган оилаларга посёлкалаштириб ҳовли-жой солиш учун ер берилди. Бу-ку яхши тадбир бўлди. Бироқ ўша вақтларда икки-уч хонали жойни солиб, эпақага келтиргунча бир-икки йиллаб ҳовлиси бор қариндошлариникида, ҳатто  ертўлаларда яшаган оилалар ҳам бўлди.

Энди шуларни эсласам, ҳозир кўз ўнгимизда ҳовли-жойларнинг, маъмурий биноларнинг, мактаб, мактабгача таълим муассасалари биноларининг, савдо, маиший хизмат кўрсатишга мўлжалланган биноларнинг жуда қисқа муддатларда бўй тиклаб, фойдаланишга топширилаётганлиги, аҳолининг ҳам турар жойларини бир неча ойлар ичидаёқ қуриб битказиб олаётгани  халқимизнинг истиқлол сабабли юзага чиққан бунёдкорлик салоҳияти туфайли эканлиги ойдек равшан бўлади.

Бир вақтлар дастурхонимизда фақат нон бўлар эди. Ҳовлилар бўсағасигача пахта экилгач, қишлоқ одами тонгдан шомгача пахта даласида ишлагач, мевани ким етиштирсин, ахир?! Тўртта моли бешта бўлган одам шахсий бойлик орттирган бўлиб, марказ сиёсати қурбонига айланиб турса, ким юрак ютиб фаровонликка интиларди? Яратганга беадад шукроналар бўлсинки, буларнинг бари энди ўтмишда қолди.

 

Бугунги кун манзаралари

Айни кунларда мамлакатимизнинг, туманимизнинг қайси бурчагига борманг, кўчалар бири-биридан обод, кенг, равон, оддий меҳнаткашларнинг ҳам ҳовли-жойи замонавий услубларда таъмирланган, ҳар бир оила  ўз ҳовли-жойига эга, деярли ҳамма хонадонларда ўзимиз-да ишлаб чиқарилган машиналар, қўраси молга тўла. Ҳа, Биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг ҳар бир оила фаровон яшашига эришиш учун қишлоқда яшовчи аҳолига қўшимча томорқалар бериш, ҳовли қуриш учун ер участкалари ажратиш, тадбиркорлик ва хусусий бизнес билан шуғулланувчиларга зарур шарт-шароитлар яратишга ва шу баробарида халқнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга доир олиб борган халқчил сиёсати ўзбекистонликларнинг ҳаётини қисқа муддатларда тубдан ўзгартириб юборгани айни ҳақиқат. Мамлакат ижтимоий ҳаётида аҳолининг бирламчи эҳтиёжи бўлган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш устувор мақсад қилиб қўйилди ва шу йўналишда олиб борилган саъй-ҳаракатлар ўзбекистонликларнинг қанчалар буюк ишларга қодир эканлигини бутун дунёга кўрсатди. Кўрсатгани шу бўлдики, аввал четга қарам бўлган Ўзбекистон қисқа муддатларда ўз халқини ўзи боқа оладиган давлатга айланди. 2015 йилда Ўзбекистон БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти  (ФАО)га аъзо давлатларнинг  озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун  бериладиган мукофотга сазовор бўлган 14 та давлатдан бири сифатида эътироф этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро экспертлар аниқлашича, энг тинч-осойишта мамлакат, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланган мамлакат, иқтисоди барқарор ривожланаётган мамлакат сифатида ҳам юқори  ўринлардан жой олган. Энг муҳими, инсон омилига эътибор кун сайин кучайтирилмоқда. Муносиб турмуш ва меҳнат шароитлари яратиш эвазига ҳар кимнинг ўз ҳаётидан, тузумдан рози бўлиб яшашига эришиш бугунги куннинг асосий вазифасидир.

Муҳтарам Юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг жорий йилимизни "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” дея атаганлари замирида янада улкан эзгу мақсадлар мужассамлашган.

 

Халқ бой бўлса...

Дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган фозил-фузалоларнинг авлоди бўлмиш бағрикенг, некбин халқимиз барча соҳаларда ҳам улкан  салоҳиятга эгалигини аллақачон дунё тан олди, илм-фанда, санъатда, адабиётда, спортда...

 Буларнинг замирида уларга яратилаётган шароитлар муҳим ўрин тутади.

Шароит... бу ҳақда ўйлаганимизда кўнглимизни нурафшон қиладиган, эртаги кунги ишларимизга рағбат берадиган омиллар жуда кўп.

 Шу йилнинг бошидан бери озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш учун чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, қуёнчилик, боғдорчиликни йўлга қўйиш ва музлаткич ўрнатиш учун 105 та лойиҳа, саноат салоҳиятини ошириш учун 39 та лойиҳа, хизмат кўрсатиш ва сервис объектлари ташкил қилиш учун 107 та лойиҳа туманда фаолият кўрсатаётган банклар филиаллари томонидан молиявий қўллаб-қувватланиб, кредитлар ажратилди.

Шунингдек, 110 нафар коллежлар битирувчиларига ўз бизнесини йилга  қўйишларига кредитлар берилди.

"Оддий аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш” шиори остида жорий йил бошидан бери амалга ошириб келинаётган ишлар самараси сифатида одамларнинг даромад манбаларини яратишларига кўмаклашиш мақсадида тижорат банклари томонидан 3 йил муддатга имтиёзли кредитлар берилгани халқимизга чин маънода мадад бўлди. Бу чора-тадбирлар мамлакатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидай, халқимиз турмуши сифатини оширишга, ҳар бир хонадонни, пировардида давлатимизни бой ва қудратли қилишга қаратилгандир.

Биринчи Президентимиз И.А.Каримовнинг 2015 йилда "Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган эди.

Қарорга мувофиқ фермер ва деҳқонларимизнинг ички истеъмол бозоридан ортган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини жаҳон бозорига чиқариш имконияти яратилган, бундан олинган тушумларнинг 25 фоизини давлатга мажбурий сотиш белгилаб қўйилган эди.

Мамлакатимиз Президентининг шу йил 28 июлдаги "Маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар ва фермер хўжаликлар фаолиятини, уларнинг ташқи бозорларда рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариши ва экспорт қилишини рағбатлантириш, шунингдек, валюта бозорини янада либераллаштириш мақсадида уларнинг маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) экспорт қилишдан валюта тушумларининг 25 фоизини мажбурий сотиш бўйича талаб бекор қилинди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг  26 йиллиги арафасида яна бир қутлуғ ишга тамал  тоши қўйилди: ўтган йили Ўзбекистон озиқ-овқат корхоналари асоциацияси базасида ташкил этилган "Ўзбекозиқовқатхолдинг” Холдинг компанияси UzAgro бренди остида хориж бозорларига янги ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шунингдек озиқ-овқат саноати маҳсулотлари етказиб бера бошлади. UzAgro бренди остидаги кўплаб биологик хусусиятлари ва таъми беқиёс бўлган маҳсулотлар тез орада ўз харидорларига эга бўлди.

 

Ҳар куни ўзгаришлар

Ҳа, аввалги тузумда фақат ишга бориб келиб, ўртамиёна маошни кейинги ойгача қандай етказишни хаёл суриб кун ўтказишларимиз энди хотирага айланди.

Шиддаткор давримизнинг ҳар бир куни мамлакатимизда қутлуғ эврилишлар, ўзгаришлар, бунёдкорликлар  билан кечаётир.

Энг муҳими, халқимиз бу саъй-ҳаракатлар ўз турмуши ободлиги, фаровонлиги учун эканлигини англаган ҳолда бу жараёнларда  фаол ҳаракат қилмоқда. Истиқлол даврида эришилган  ютуқларнинг, қисқа муддатда амалга оширилган улкан бунёдкорликларнинг, ўзгаришларнинг ҳам сабаби шу бўлса ажаб эмас.

... Май ойининг охирлари эди. Бир куни эрталабки нонушта пайтида беш яшар неварам:

– Эна, бизникига ҳам Президент бобом келадими? – деб болаларга хос ширин тилда сўраб қолди.

Неварам муҳтарам Юртбошимизнинг вилоятларга ташриф буюрганларида хонадонларга кириб, одамлар билан суҳбатлашганларини телевизорда кўргани учун шундай хаёлга борганини тушундим.

– Ҳа, келадилар қизим, келадилар, – дедим қатъий.

– Келсалар, қаймоғимдан берар эдим-да, – деди онаси тарелкага солиб берган қаймоққа қараб.

Томоғимга нимадир тиқилгандек бўлди. Жажжи қизалоғим катта ўғлимизга иморат солиб бериш учун (шаҳарда яшасак-да, соғин сигирсиз бўлмасдик) сигиримизни сотганимиздан сўнг сут-қатиққа бироз ташна бўлганимиз, яқинда имтиёзли кредитга соғин сигир олганимизга мамлакатимиз раҳбарига миннатдорчилиги ифодаси сифатида қаймоғини ҳадя этмоқчи  эканлигини англаб турардим.

Сигиримизни анча вақтгача Президентимиз қарори билан олганмиз, деб оила аъзоларимиз билан қувонишиб айтиб юрган эдик-да.

Оиламизда улғаяётган гўдак ҳам Юртбошимизнинг, давлатимизнинг элга ғамхўрлигини ҳис қилиб турганлигини сезиб, юрагим тўлиб кетди ва яна иқрор бўламан, наинки менинг неварам, жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси – хоҳ у ёш, ё катта, соғлом ё ногирон, ҳеч ким давлатимиз эътиборидан четда қолаётгани йўқ.

Туманимизда биргина жорий йилнинг ўзида 197 та янги уй-жойлар, шундан 30 та арзонлаштирилган, 2 та 32 оилага мўлжалланган кўп қаватли уй-жойлар қурилиб (яна узоқ муддатли кредит ҳисобига!) фойдаланишга топширилаётгани, кексаларга нафақасининг нақд пулда берилиши йўлга қўйилгани, туманимизнинг энг чекка ҳудудлари ҳам узлуксиз электр энергияси билан таъминланаётгани... хуллас, ҳар куни бир ижобий ўзгаришлар...

Энг муҳими, бу бизнинг шу азиз диёрда бахтиёр, саодатли, фаровон яшашимизга, турмушимиздан рози бўлиб, эмин-эркин яшашимизга хизмат қилмоқда.

Илоҳим, инсон қадр-қиммати юксак тутилган юртимиз доимо тинч бўлсин!

Ойгул РАЖАБОВА.

(Фото - http://ijod.uz)

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш