"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

ЭЗГУ ИШЛАР МУҚАДДИМАСИ

31-август 2017 йил, 10:13. Ўқилди: 6458 марта

Тиббиётнинг аниқлашича, одамнинг бахтиёр бўлиши кўп жиҳатдан унинг  саломатлигига боғлиқ экан. Чиндан-да, ҳаётда соғлом, эмин-эркин ҳаракатланиб, хавотирсиз яшаганга нима етсин!

Афсуски, орамизда дунёга қандайдир нуқсонлар билан келган, ё ҳаётда қандайдир сабабларга кўра бирор мучасига зиён етган, асоратли хасталикларга дуч келган одамлар ҳам учрайди.

Дард салмоғини дардли билади, деганларидай, нуфузли идораларда ишлаб юриб, давр тақозоси билан штат қисқариши туфайли уйида вақтинча ўтириб қолган, "Бойовул” маҳалласида истиқомат қилувчи Нилуфар Холбоева 1999 йилда онкологик касалликка дучор бўлиб қолди.

2003 йилда туман раҳбарияти Ногиронлар жамияти туман бўлимига раҳбарлик қилиш вазифасини зиммасига олишини сўрашганида у ҳеч иккиланмай рози бўлди. Унинг нияти ҳаётда жисмоний имконияти чекланган инсонларга далда бўлиш, уларга муносиб турмуш шароитлари яратиш ва ижтимоий фаол бўлишларига кўмаклашиш эди.

Мана, 14 йилки, у баъзан ўз дардини ҳам унутиб, имконияти чекланган одамларнинг ҳам имкон қадар барча қатори яшаши, ўзини намоён эта олиши учун тинмай елиб, югуради.

Нилуфар Холбоева имконияти чекланган ёшларни компьютер саводхонлигига ўргатиш, шунингдек имконияти чекланган йигит-қизларни касб-ҳунарга, хусусан, бичиш-тикиш, тўқишга ўргатиш борасида лойиҳалар ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги  нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди таъсис этган грант танловларида қатнашди ва ғолиб бўлиб, лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширди.

Яқинда жамият яна Фонднинг грант танловида "Бўш вақтларини самарали ўтказишни ташкил этиш мақсадида имконияти чекланган, ногирон болалар, айниқса, кўзи ожиз болалар учун қулай шарт-шароитларга эга замонавий болалар кутубхонасини ташкил этиш” номли лойиҳаси билан қатнашиб, яна ғолиб бўлди ва Парламент комиссияси қарорига кўра, лойиҳани амалга ошириш учун 25 млн. сўм грант маблағи Ногиронлар жамияти туман бўлими ҳисобига ўтказилди.

Яқинда туман ҳокими С.Йўлдашев қабулида Н.Холбоевага Олий Мажлис депутати Жолдасбой Абдужамилов грант сертификатини тантанали равишда топширди.

Мазкур лойиҳа доирасида Ногиронлар жамияти туман бўлимида ҳали кўплаб савобли ишлар амалга оширилиши шубҳасиз.

Ойгул РАЖАБОВА.

Суратда: Олий Мажлис депутати Ж.Абдижамилов Н.Холбоевага грант сертификатини топширмоқда.

М.Шомуродов олган сурат.

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш