"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8093 -3.33
  • 1 EUR = 9531.94 -77.72
  • 1 RUB = 136.86 -1.57

АЁЛ БЎЛИБ ТУҒИЛИШ БАХТ САНАЛУВЧИ ЮPТИМ

"... Оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан – мамлакат барқарордир”, дея ёзган эди Биринчи Президентимиз И.А.Каримов "Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида.

Оилалар соғломлиги, ундаги соф маънавий муҳитнинг барқарорлиги, тинч-тотувлиги эса номи ожиза саналса-да, табиатан меҳри уммондай, мислсиз сабру қаноатга эга, фариштага қиёс қилингувчи аёлга боғлиқ.

Шу боисдан ҳам мустақиллик йилларида оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг  оиладаги ва жамият ҳаётидаги ролини ошириш, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ҳамда мавқеини  юксалтириш давлатимизнинг устувор вазифаларидан бирига айланди. Шу мақсадга хизмат қилувчи қатор фармонлар, қарорлар, дастурлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Натижада ҳар бир аёл, қизнинг ўз қизиқишлари, танлаган соҳасида эмин-эркин фаолият олиб боришига, иқтидорини намоён эта олишига имкониятлар яратилди. Пировардида илм, фан, санъат, адабиёт, спортда, ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида қўлга киритилаётган улкан ютуқларда, юксалишларда, ҳатто мамлакат бошқарувида хотин-қизларнинг ҳиссаси нечоғлик улкан эканлиги бугун барчамизга аён.

Булар ҳақида ўйлаш – ҳар бир аёл-қиз кўнглида ҳаётдан мамнунлик уйғотиши шубҳасиз. Ва беихтиёр тилимизга шукрона келади. Ахир биз умргузаронлик қилаётган ер куррасининг турли ҳудудларида ҳаёт турлича, аёлларга муносабат турлича...

Яқинда халқаро экспертлар аёл бўлиб туғилиш даҳшат саналган давлатлар рўйхатини эълон қилди. Ундаги маълумотларни ўқиб кўриб... тўғриси, қанчалик толеи баланд аёл эканлигимни теранроқ англагандай бўлдим. Толеим шуки, Ўзбекистондай жаннатмакон юртда туғилганим (ахир қай маконда туғилишимизни ўзимиз белгиламаймиз-ку)!

Аёл бўлиб туғилиш даҳшат саналган мамлакатларнинг бири – Сомали. У ерда парламентда аёллар 7,5 фоиз ўрин эгаллайди, 9 фоиз аёлларгина тиббиёт муассасаларида туғади. Қолган аёлларнинг бундай масканларга туғруқ учун пул тўлашга қурби етмайди.

Дунёнинг энг камбағал мамлакатларидан бири бўлмиш Малида қизлар ёшлигиданоқ таҳқирланишларга учрайди. Улар болалигидан турмушга чиқишга мажбур. Ҳар ўнинчи ҳомиладор туғруқ вақтида ёки ҳомиладорлигида вафот этади.

Гватемаланинг бечора аёллари ўз оилаларида зўрликларга учрашади. Шунингдек, бу ерда ОИТСнинг энг юқори даражаси қайд этилган.

Судан ғарбида ҳам аёлларнинг аҳволи жуда ёмон. Ўғирлаш, зўрлаш мамлакатда 2003 йилдан буён миллиондан ортиқ аёлнинг ўлимига сабабчи бўлган.

Ироқ – зиёлилик даражаси араб мамлакатлари ичида бир вақтлар энг юқори  ўринларда турган бўлса-да, айни дамда бу ерда аёлларнинг аҳволи жуда оғир.

Покистоннинг айрим ҳудудларида эркак кишининг айби учун ҳам аёлларни таҳқирлашади. Бу ерда 90 фоиз аёллар зўравонлик, қўпол муносабатлар қурбони бўлаётган бўлса-да, ҳали бунга қарши қонунлар ҳам қабул қилинмаганлигига нима дейиш мумкин?

Ҳиндистонда аёллар умумий ОИВ юқтирганларнинг 39 фоизини ташкил қиларкан, 70 фоизи оиладаги зўравонлик қурбони. Ҳар уч дақиқада аёлларга нисбатан жиноятлар содир этилади.

Чадда аёлларнинг мутлақо ҳуқуқи йўқ. Турмуш ташвишларининг аксарияти аёллар зиммасида.

Конгода аёллар фронтнинг олд қисмида жанг олиб боришади. Улар кўпинча тўғридан-тўғри ҳужумларга дуч келишади, ҳар куни 1100 номусга тегиш ҳолати қайд этилади, 57 фоиз ҳомиладор аёллар камқонликдан азият чекишади.

Ўзбекистонга қўшни давлат ҳисобланмиш Афғонистонда аёллар ўртача 45 йил умр кўради, аксарияти саводсиз. Ҳар ярим соатда туғаётган аёл вафот этади.  Келинларнинг ярмидан кўпи 16 ёшгача бўлган қизлар. Бу давлат дунёнинг оналар ўлими энг кўп қайд этиладиган мамлакатларидан бири.

Бу маълумотларни ўқишнинг ўзи даҳшат! Бироқ, бугунги глобаллашув жараёни кечаётган шиддаткор замонда ҳар биримиз ўз ҳаётий  позициямизни тўғри белгилаб олишимиз учун, ўзимиз умргузаронлик қилаётган шу муқаддас юртимизнинг қадрини чуқурроқ англашимиз учун албатта, дунёдаги аҳволдан хабардор бўлишимиз лозим. Ушбу сатрларни ёзар эканман, беихтиёр улуғ шоиримиз Абдулла Ориповнинг "Бир хўплам сув учун шукрона даркор”, деган сўзлари ёдимга тушади.

Ҳа, азизлар! Биз саховатли ўзбек заминида дунёга келганимизга, оиламиз бағрида эмин-эркин, тинч-осуда яшаётганимизга, фарзандларимиз бағримизда ҳеч нарсага зориқмай улғайиб, вояга етаётганига, юрт корига  яраб, Ватанимиз равнақига ҳисса қўшаётганига... ва  ҳар оқшом уларнинг эртасидан кўнглимиз хотиржам, осуда ором олаётганимизга шукроналар айтайлик.

Энди мақола муқаддимасидаги мамлакатимизда аёл-қизларга қаратилаётган эътибор ҳақидаги фикрларимга қайтсам: Файласуфлар аёлга эътиборни миллатга, жамиятга эътибор сифатида баҳолашади.

Бас, шундай экан, мен фахр билан айта оламанки, истиқлол йилларида юртимизда эришилган юксак тараққиётга асос бўлган омиллардан бири – фаолиятининг ҳар лаҳзасида инсоний қадри, шаъни юксак тутилган аёл-қизлар меҳнатидир.

Илоҳим, аёл бўлиб туғилиш даҳшат эмас, балки, бахт саналувчи юртимизда ана шундай фараҳли турмушимиз, тинч меҳнатимиздан обод ҳаётни Яратганнинг ўзи бардавом қилгай!

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: