"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

ОЗОДЛИК, ТИНЧЛИК, ТОТУВЛИК ВА БАХТИЁРЛИК ТАНТАНАСИ

30-август 2017 йил, 09:03. Ўқилди: 4351 марта

Эркинлик, озодлик! Ҳар бир инсон ўз ҳаётини ўзи орзу қилганидай яшамоғи, нималарга қодир эканлигини намойиш қилмоғи ва муваффақиятларга эришмоғи учун зарур омиллардир.

Қафасдан озод бўлган қуш бирданига юксак парвозга шайланар экан. Худди шу сингари собиқ иттифоққа муте бўлиб, жамики ситамларига чидаб, мустақилликка интилиб келган халқимиз ўз эрки ўзига теккан кундан бошлаб ҳеч кимлардан кам эмаслигини дунёга кўз-кўз қилди, қисқа фурсатлар ичида обод ва файзли турмуш тарзини бунёд этди. Шунинг учун ҳам йигирма олти йилдирки, халқимиз юртимиз узра истиқлол қуёши порлоқ нур сочган кун – 1 сентябрни энг улуғ, энг азиз миллий байрами сифатида қизғин нишонлайди.

Шу йилнинг 29 августида туманимиздаги Вахум аҳоли пунктида жойлашган спорт компексида мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Байрам куни мамлакатимизда инсон омилига кўрсатилаётган улкан эътибор, тинч-тотув ҳаёт, миллатлараро ҳамдўстлик, ўсиб келаётган ёш авлодга ғамхўрлик, кексаларга ҳурмат, бугунгидай дориломон турмуш тарзимизга шукроналикни ифода этиб турган безаклар, гуллар майдонга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Байрам томошасига  тўпланганларнинг юзида табассум. Майдон узра мустақилликни, озодликни, бахтиёр замонамизни мадҳ этувчи қўшиқлар янграётир, жамоавий рақслар ижро қилинаяпти.

Августнинг сахий қуёши тафти ҳар доимгидан ҳам ўткир бўлишига қарамай, барчанинг юзида байрам руҳи акс этади.

Томошагоҳга туманимиз раҳбарлари, республика раҳбарияти вакиллари ташриф буюрди. Улар дастлаб туманимиз қишлоқ хўжалиги ходимларининг жорий йилда экин майдонларида етиштирган энг сара маҳсулотлари ва турли касб-ҳунар эгаларининг меҳнатлари маҳсули намойиши билан танишдилар, деҳқонларимиз етиштирган маҳсулотлар тотли ҳиди она заминимиз саховатидан дарак бериб турганлигини таъкидладилар, миришкор деҳқонлар яратажак улкан пахта хирмонига барака тилаб, дуога қўл очдилар.

Байрам томошасига йиғилганларни, бутун халқимизни туманимиз ҳокими Султанбой Йўлдашев қизғин табриклади.

Шундан сўнг туман Маданият ишлари бўлими томонидан тайёрланган "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган ғояни ўзида мужассам этган улкан театрлаштирилган байрам томошаси бошланди. Мустақилликни, бетакрор юртимизни, ундаги барқарор бахтиёр давронамизни улуғловчи қўшиқлар қўшиқларга уланди, рақслар, адабий композициялар ижро этилди.

Байрам томошаси тугагач, навбат миллий спорт ўйинларига берилди. Кўнгилочар томошалар узоқ давом этди.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган байрам тадбири чин маънода тинчлик, озодлик, тотувлик ва бахтиёрлик тантанаси бўлди, истиқлол қадрини қалбларимизга янада теранроқ жойлади.

Ойгул РАЖАБОВА.

Суратларда байрам тантанасидан лавҳалар.

М.ШОМУРОДОВ олган суратлар.

Манба: amunews.uz

Фотолагерея:

Туманда мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрами кенг нишонланди

Туманда мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрами кенг нишонланди (2-қисм)

Туманда мустақиллигимизнинг 26 йиллик байрами кенг нишонланди (3-қисм)

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш