"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

ЁШЛАРНИ БУГУНГИДАЙ ҲУР ДАВРНИ ҚАДРЛАШГА ЎРГАТАЙЛИК

14-август 2017 йил, 09:13. Ўқилди: 3408 марта

Мен эсимни таниган пайтларимда қишлоқларда турмуш шароити жуда оғир эди. Ёш-у қарининг ҳаёти пахта билан боғланган, оилада етти яшардан етмиш яшаргача ҳамма ёз бўйи ғўза парваришида, кузак келса, йиғим-теримида ишлашга мажбур эди.

Шундай машаққатли йилларда ҳам ота-онам менинг ўқишимга эътибор бериб, барча оғирликларни ўзларига олишган.

Ўрта мактабни тугатгач, аввал Хива  шаҳридаги қишлоқ хўжалик техникумини, кейинчалик Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ҳозир шу номдаги университет)ни тугатдим. Дастлаб туман раҳбариятида мутахассис, пахтачилик хўжалигида партқўм, касаба уюшмаси раиси бўлиб ишладим.

Очиғини айтганда, ўша йиллар ҳаётим доим қил устида турган десам, лоф деб ўйламанг. Чунки ишда ҳамманинг кўнглига ета олиш, муроса қилиш осон эмас. Дакки еган баъзи манфур кимсалар қилдан қийиқ ахтариб, зарба беришга интилишарди. Шундай "чақув”лар қурбони бўлиб кетган қанча одамларни биламан.

Мен ҳам бундай хавфлардан холи эмасдим. Эсимда, партқўм раиси бўлиб ишлаб юрган вақтларимда кимдир мени овулимизда бир диний маросимга қатнашди, деб туман раҳбариятига етказибди. У вақтлар шукрона билан хайр-эҳсон қилиб, элга ош бериш ҳам эскилик сарқити, дея баҳоланар эди-да. Хуллас, раҳбариятдан ўқиган, илмли бўла туриб, хурофотга берилмаслигим лозимлиги тўғрисида огоҳлантириш олдим.

Собиқ "Манғит” совхозида касаба уюшма раиси лавозимида ишлаб юрган кезларим, бир куни Нукус шаҳрига, шошилинч йиғилишга боришимга тўғри келиб қолди. У пайтларда Амударёда кўприк йўқ, республика марказига кунига икки рейс автобус Туркманистон давлати орқали қатнар, бориб-келиш амримаҳол эди.

Хуллас, эртасига билсам, кимдир хўжаликка қарашли болалар боғчасига келиб, болаларнинг гўштсиз шавла еётганини расмга тушириб кетибди. Боғча таъминоти менинг зиммамда, аксига олиб, боғчада ўша куни гўшт тугаб қолган экан.

Яратганнинг марҳамати билан ўзимга отилган тошлардан эсон-омон қутулиб қолдим.

Кейинчалик 40-сонли мактабда ўқитувчилик қилиб, 1994 йилда нафақага чиқдим.

Мақтаниш бўлмасин-у собиқ иттифоқ даврини ва бугунимизнинг  фарқини, инсон омилига эътиборни  юрак-юрагимдан ҳис қилганим учун ҳам мустақилликнинг қадр-қиммати ҳақида ёшларга гапиргим келаверади. Мактабларга учрашувларга, маҳалламизда ўтказилган тадбирларга чақиришади. Шундай дамларда баъзи тенгқурларим "қўйсангчи, биз кексаларга нима бор?”, деган истиҳолага боришади.

– Кўрган, билганларимизни болаларимизга айтайлик, – дейман уларга доим. – Ахир улар ўтган кунларимизни билсагина бугунги ҳур замоннинг қадрига етишади.

Ҳа, катта-ю кичик эъзозда яшаётган бугунгидай фаровон кунларимизнинг  таърифига сўз йўқ. Илоҳим, мустақиллигимиз абадий бўлгай, авлодларимиз шу озод ва обод Ватанда бахтиёр яшагай!

Солий СОБИРОВ, халқ таълими фахрийси.

(Фото - http://uzbekistonovozi.uz)

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш