"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

ҒАЛЛАНИ СИФАТЛИ САҚЛАШ – БУРЧИМИЗ

11-июль 2017 йил, 12:04. Ўқилди: 311 марта

Ғалла – ризқ-рўзимиз, дастурхонларимиз кўрки, фаровонлигимиз асоси.

Деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнати, пешона тери эвазига етиштирилган донни исроф қилмай, сифатли сақлаш, қайта ишлаш корхоналарига етказиб бериш соҳа мутахассислари зиммасидаги масъулиятли вазифа ҳисобланади. Шу боис, ғаллакор фермерлар билан "Тахиатош дон маҳсулотлари” АЖ "Манғит дон” филиали ўртасида 2017 йил ҳосилини нест-нобуд қилмай сифатли қабул қилиш ва сақлаш  бўйича контрактация шартномалари тузилди. Ушбу шартномага кўра, фермер хўжаликлари далаларида етиштирилган ғаллани сифатли  қабул қилиш ва сақлаш борасида корхонамиз томонидан зарур шарт-шароитлар яратиб берилди ва ўрим-йиғим мавсумининг муваффақиятли ўтказилиши таъминланди. Аввало, ғаллани ёнғиндан сақлаш  мақсадида бирламчи ўт ўчириш ускуналари ўрнатилиб, очиқ майдондаги қуритилаётган донни ёғин-сочиндан сақлаш чоралари кўрилди. Нам ўтказмайдиган брезентлар тайёрлаб қўйилди. Мавсумий иш ўринлари яратилиб, 22 нафар кишининг икки сменада баракали ишлаши таъминланди.

Корхонамиз томонидан қабул қилинган 5530 тонна буғдой ҳосилини навлари ҳамда авлоди, синфи, сифат кўрсаткичлари бўйича алоҳида қуритиш ва сифатли сақлашга эътибор берилди. Натижада 4830 тонна товар-дон, 703 тонна уруғлик буғдойни ўз вақтида ва узлуксиз қабул қилишга эришилди.

Туманимиз далаларидан корхонамизга пешма-пеш келтирилган ҳар бир килограмм ғалла бўйича белгиланган прейскурант асосида ҳисоб-китоб қилиниб, хизмат кўрсатувчи банкларга қабул квитанциялари ўз вақтида тақдим этилди. Янги технологиялар асосида электрон тарози ўрнатилиб, ҳосилни онлайн тизимида қабул қилиш йўлга қўйилгани эса ишимизни анча енгиллаштирди.

Бу йилги ҳосил карвонини биринчилардан бўлиб бошлаб берган "Муҳаммадсолиев Диёрбек”, "Қадамбой Пўлат”, "Бобур-Жайхун пахтаси” каби фермер хўжаликлари ғаллакорлари туманимизнинг улкан хирмонига муносиб ҳисса қўшдилар.

Шуни алоҳида мамнуният билан қайд этаманки, мавсум давомида ғаллакор фермерлар, ижарачи деҳқонлар, ўрим-йиғим комбайнларининг операторлари, жамғарилган ғаллани корхонамиз омборига ташиб келтирувчи транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ҳақиқий фидойилик намуналарини кўрсатиб ишладилар. Ғаллани икки сменада, узлуксиз қабул қилишни таъминлаш мақсадида ишчи-хизматчилар учун зарур ва қулай меҳнат шароитларининг яратилгани ишимизда юксак унумдорлик, сифат ва самара берди. Ишчи-хизматчилар иссиқ овқат, чанқовбосди салқин ичимликлар билан таъминланди.

Хулоса қилиб айтганда, ризқ-рўзимиз, ҳаётимиз ва дастурхонимиз кўрки бўлган мўл-кўл ғалла ҳосилидан Аму элимизнинг хирмонлари янада юксалди. Ана шу  юксак ғалла хирмонининг бунёд этилишида "Тахиатош дон маҳсулотлари” АЖ "Манғит дон” филиали корхона ишчи-хизматчиларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Мен фурсатдан фойдаланиб, туманимизнинг миришкор ғаллакорларини эришилган юксак ғалаба – 7030 тонналик "қирмизи дон” хирмони билан чин дилдан муборакбод этаман:

– Ғалла хирмонларингиз бундан ҳам сарбаланд бўлсин, лафзи ҳалол фермерлар, –дейман.

Икром КЕНЖАЕВ,

"Тахиатош дон маҳсулотлари” АЖ "Манғит дон” филиали бошлиғи.

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш