"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

ЮКСАК ҒАЛЛА ХИРМОНИ – ДАСТУРХОН ТЎКИНЛИГИ, КЎНГИЛ ХОТИРЖАМЛИГИ

10-июль 2017 йил, 16:04. Ўқилди: 654 марта

Туманимизда буғдой етиштириб, давлатга топшириш бўйича йиллик шартномавий режаларнинг ортиғи билан адо этилганлиги барча-барчани бирдек қувонтирди. Ахир қувонмай бўладими, бир вақтлар етиштириш учун барча шароитлар бўлишига қарамасдан асосий озиқ-овқат маҳсулоти бўлган ун четдан келтирилган юртимизда бугун хирмонлар буғдойга тўлиб, ўзимизни тўла таъминлаб, ҳатто четга сотилаётган бўлса.

Бу истиқлол йилларида ғалла мустақиллигига  эришиш борасида олиб борилган оқилона сиёсат, халқимизнинг юксак бунёдкорлик меҳнати самарасидир.

Демак, сўз туманимизда яратилган залворли буғдой хирмони бунёдкорларига!

Нураддин Бекчонов, "Қипчоқ” ММТП раиси:

– Бизнинг "Қипчоқ” муқобил машина трактор паркимиз ҳудудимиздаги 39 та фермер хўжаликларига хизмат кўрсатади. 15 та фермер хўжалигида ўтган йилнинг кузида 143 гектар майдонга буғдой экилиб, текис ниҳол олишга эришилган эди. Аввало, иқлим шароитимизга мос янги, ҳосилдор ва тезпишар навлар яратилиб, экилаётгани, қолаверса, вегетация даврида минерал ўғитлар билан ўз вақтида озиқлантирилиб, суғорилиб, бегона ўтлардан тозалангани мазкур майдонларда мўл ҳосил яратишга асос бўлди.

Айни кунгача 15 та фермер хўжаликда ҳам буғдой топшириш давлат шартномалари ортиғи билан бажарилди. 143 гектар буғдойзордан 362 тоннадан зиёд ҳосил йиғиштирилиб олинди ва давлат хирмонига топширилди. Ҳосилдорлик айниқса "Хидиров Нуруллабой”, "Ўрозбоев Достонбек” фермер хўжаликларида юқори бўлди. Хирмони донга, кўнгли қувончга тўлган туманимиз деҳқонларини эришилган ютуқ билан қизғин табриклайман!

Матназар Айтбоев,

"Айтбой Отахон” фермер хўжалиги раиси:

– Туманимиз бўйича ғалла топшириш режаси ортиғи билан адо этилганлиги деҳқонларнигина эмас, бутун туманимиз аҳолисини қувончга белади. Ахир ғалла асосий  ризқ-рўзимиз, тирикчилигимиз асоси.

Турфа услубда ёпилиб, дастурхонимизни безаб турган бири-биридан ширин нонларимиз ўз тупроғимизда униб, ўз меҳнатимиздан бунёд бўлганлигини ўйлашнинг ўзи ҳар биримизнинг кўнглимизни фахр-ифтихор туйғуларига тўлдиради.

Бизнинг "Айтбой Отахон” фермер хўжалигимизда 4,8 гектар майдонга ўтган йили кузда "Краснодар-99”навли буғдой уруғини сепган эдик. Бир текис ниҳол олиб, агротехника қоидаларига мувофиқ парваришладик. Натижада ҳар гектаридан 40 центнердан зиёд ҳосил йиғиштириб олиб, туманимиз ғалла хирмонининг барвақт юксалишига муносиб ҳисса қўшдик.

Қурол Бешбоев,

"Бешбоев Қурбонғалий” фермер хўжалиги раиси:

– Туманимиз деҳқонларининг юксак буғдой хирмонида бизнинг "Бешбоев Қурбонғалий” фермер хўжалигимиз аъзоларининг ҳам ҳиссаси борлиги барчамизни қувонтиради. 10 гектар буғдой экилган далалардан 25 тонна ҳосилни давлат хирмонига топширдик. Жами ҳосилимиз гектарига 55-60 центнердан тўғри келаяпти. Режадан ташқари йиғиштириб олинган ҳосил хўжалигимиз ижарачиларига, механизаторларига, ҳудудимиздаги кам таъминланган оилаларга тарқатилаяпти. Юқори ҳосил етиштиришдан ижарачиларимизнинг манфаатдорлиги уларни яна ҳам унумли ишлашга руҳлантираяпти.

Хуршид Тожибоев, комбайнчи:

– Ғалла ўрим-йиғими уюшқоқлик билан ташкил этилиб, зарур шароитлар яратилгани боис, туманимизда ғалла етиштириш режаси қисқа муддатларда адо этилди. Мен ҳам 6-отряд таркибида ўзимга бириктирилган комбайн ёрдамида Й.Ўрозбоев номли ММТП хизмат кўрсатадиган фермер хўжаликлари далаларидан 450 тоннадан зиёд буғдойни йиғиб олишга эришдим. Дала бошида иссиқ овқат ташкил этилиб, дам олиш учун шароитлар яратилгани, ёнилғи-мойлаш материаллари ўз вақтида етказиб бериб турилганлиги ишимиз унумли бўлишини таъминлади.

Туманимизнинг бунёд этилган улкан буғдой хирмонида менинг ҳам ҳиссам борлигидан қувонаман. Ахир ғалла халқимизнинг миллий бойлиги, асосий ризқи. Халқ ризқини зиёда қилаётган ғаллакорлар, барча деҳқонларга юксак хирмон қутлуғ бўлсин, дейман.

Ҳамро Матёқубов,

туман Ички ишлар бўлими ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи:

– Туманимиз деҳқонлари эришган улкан ютуқда бизнинг бўлинмамиз ходимларининг ҳам ҳиссалари бор.

Туманимиз бўйича тузилган ўрим-йиғим отрядларининг ҳар бирига ходимларимиз бириктирилди ва ёнғин чиқишининг олдини олиш борасида барча чора-тадбирлар кўрилди.

Ўрим-йиғим бошланиши олдидан барча фермер хўжалик-лари, ғаллакорлар, комбайнчилар ғаллазорларда ёнғин чиқишининг олдини олишга доир йўриқнома билан таништирилди. Кўрилган барча тадбирлар ўз самарасини берди. Деҳқонларимизнинг ҳалол меҳнатлари эвазига етиштирилган буғдой ҳосили ўриб-йиғиб олиниб, исрофгарчиликсиз давлат хирмонига топширилди.

Бўлинмамиз ходимлари, ғаллазорларда ўрим-йиғим даврида ёнғин содир бўлишининг олди олинганлигидан жуда хурсанд.

Суҳбатдош Ойгул РАЖАБОВА.

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш