"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

ТАКРОРИЙ ЭКИН ЕРНИ БОЙИТАДИ, ХАЛҚИМИЗ ДАСТУРХОНИГА ФАЙЗ БАҒИШЛАЙДИ

06-июль 2017 йил, 16:11. Ўқилди: 1171 марта

Ўзбекистон заминининг мўъжизакор гўзаллиги, серҳосиллиги, бу заминда етиштирилган неъматларнинг бетакрор таъми юртимиз меҳмонларида ҳамиша ҳавас ва ҳайрат уйғотади. Мутахассисларнинг фикрича, қиши илиқ ва қисқа бўлган юртимиз шароитида етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари қуёш нурига яхши тўйинганлиги боис, оқсил ва витаминларга бойлиги билан ер юзининг  бошқа минтақаларида етиштирилган маҳсулотлардан кескин фарқ қилади.

Мамлакатимизнинг тупроқ-иқлим шароити қишлоқ хўжалиги экинларини йил бўйи экиб, 2-3 марта ҳосил олиш имконини беради. Бу эса халқимиз дастурхонига тўкинлик, ҳаётига фаровонлик бахш этади.

Шу йилнинг 1 июнидаги "2017 йил ҳосили учун ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида озиқ-овқат экинларини жойлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қишлоқ хўжалигида оз меҳнат ва харажат талаб этиладиган энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиб, маҳсулот таннархини камайтириш, деҳқончиликда ноанъанавий усулларни қўллаган ҳолда буғдойдан бўшаган майдонларга такрорий экинлар экиш орқали  халқимиз турмуши фаровонлигини янада юксалтиришни назарда тутади.

Президентимизнинг ушбу Қарорини  ҳаётга татбиқ этиш мақсадида туманимиздаги 379 та фермер хўжаликларининг барчасида ғалладан бўшаган майдонларга полиз ва сабзавот, шунингдек дуккакли дон экинларини экиш ишлари бошлаб юборилди. Чунончи, 285 гектармайдонга сабзавот экинлари, 300 гектар ерга картошка, 200 гектарига кунгабоқар экилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, бир неча фермер хўжаликларида жами 100 гектарлик соя плантацияларини яратиш кўзда тутилган. Чунки соя тупроқ унумдорлигини сақловчи ва оширувчи хусусиятга эга. Шу билан бирга соя дони таркибида ёғ миқдорининг кўплиги, оқсилларга бойлиги билангина эмас, поясининг ўғитлилик даражаси билан ҳам ноёб ҳисобланади. Ҳосили йиғиб олинган соя экилган майдонларга ўсимликнинг поялари сочиб юборилса, келгуси йил ҳосили учун зарур бўлган биологик ўғитга айланади ва тупроқнинг донадорлигини оширади. Бундан ҳам муҳими, соя дони унга айлантирилиб, буғдой уни билан омухта нон ёпилса, бундай нон нафақат ширин ва юмшоқ, балки тўйимлилиги, дармондориларга бойлиги билан дастурхонларимизга файз, танамизга қувват бағишлайди.

Бу йил фермерларимиз 200 гектар ерга такрорий экин сифатида мош экишга киришдилар. Мош озиқлик қиймати жиҳатидан бизнинг Амударё туманимиз шароитида етиштириладиган буғдой ва ловия донларидан 1,5-2 баравар устун туради. Бундан ташқари, мош вегетация даврида тупроқда кўп миқдорда биологик азот ва органик моддалар тўплаб, ернинг табиий унумдорлигини оширади. Инсон соғлиги учун ўта муҳим бўлган оқсил ва витаминларга бой бўлган энг шифобахш дон ҳисобланади. Мошнинг пояси ва илдизининг қолдиқлари эса тупроқ учун тенгсиз биологик ўғит вазифасини ўтайди.

Демак, фермерларимиз ҳеч иккиланмасдан ғалладан бўшаган майдонларга дуккакли экинлардан соя ва мош уруғини эксалар, ҳам халқимиз фаровонлигини, ҳам тупроқнинг агрофизик ва  агрокимёвий хоссаларини оширишни таъминлайдилар.

Бизнинг туманимиз тупроқ-иқлим шароитида такрорий экинлардан шолидан ҳам мўл ҳосил олиш мумкин. Чунки шоли ер танламайди, ҳатто шўр тупроқли ерларда ҳам яхши ўсиб-ривожланади. Қолаверса, шоли экилган майдонларда тупроқнинг ҳосилдор қатламида биологик ва органик моддалар тўпланиб, ернинг табиий унумдорлиги ошади. Бу эса шоли экилган майдонларда баҳорги экинлардан мўл ҳосил етиштириш имконини беради. Такрорий экин сифатида шоли ниҳолларини кўчатлаб экиш усули эса фермерларимиз учун янада юқори даромад манбаи ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, туманимиз тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, ғалладан бўшаган майдонларда нафақат юқоридаги экин турларидан, балки кечки тарвуз, помидор, қовун, бодринг, шолғом, турп, ловия, макка, сули каби экинлардан ҳам мўл-кўл ҳосил олиш мумкин. Фақат деҳқонларимиз бу экинларни экиш ва парваришлаш агротехникасига амал қилсалар, кифоя. Бу билан халқимиз дастурхони тўкин, ҳаётимиз эса янада файзли бўлади.

Анвар ЙЎЛДОШЕВ,

туман Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

(Фото - https://sensorika.uz)

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш