"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

ФЕРМЕРНИНГ БИР КУНИ

04-июль 2017 йил, 10:04. Ўқилди: 1742 марта

(Лавҳа)

Матназар оға ўрнидан туриб, жорий йил кўкламида анҳор бўйидаги узум кўчатлари экилган бир гектарлик далага келганида уфқ қип-қизариб, қуёш оҳиста ердан бош кўтараётган эди. Тонгнинг салқин ҳавосида деярли хатосиз униб чиққан, новдалари уч-тўрт қарич бўлиб қолган узум кўчатлари япроқларидаги шудринг ялтираб кўринади. Ажиб манзара...Яқиндагина яйдоқ бўлиб ётган ерда узумзор бунёдга келаяпти. Кўчатлар оралиғига экилган помидор палак ёйиб, мевалари сирғилиб турибди.

– Ер сахий-да, – хаёлидан ўтди оғанинг, – меҳнат қилган одамдан саховатини аямайди. Мана шу бир гектарлик даланинг ўзи ҳали насиб қилса, хўжаликка қанча-қанча фойда келтиради.

У ўз ўйларидан ўзи қувониб, ёндош дала – буғдойзорга ўтди. Бўлиқ бошоқлари эгилиб, чайқалиб турган сап-сариқ рангдаги буғдойзордан тотли дон ҳиди анқиб турибди. Буғдойзорнинг бу йилги ҳосили ҳам ўтган йилгидан кам эмас. У шу далаларда бир неча соатлардан сўнг ўрим-йиғим бошланишини, бултурги кузакдан бери қилинган меҳнат натижаси хирмонга тушишини ўйлаб, ширин энтикди. Кейин ғўза қатор оралари қўшимча равишда юмшатилаётган пахта даласига ўтди. Механизаторнинг ишидан кўнгли тўлиб, хўжалик устахонаси ёнидаги шоли, буғдой хорозларини ҳам бир кўриб ўтай, деб ўйлади. Ахир хорозлар доим ишлаб турмаса, хўжаликдаги аҳолининг эҳтиёжи туғилса, қопини кўтариб, йўл босиб, бошқа ҳудудларга бориб овора бўлишади-да. Оғанинг бу борада ўзи ҳамиша амал қиладиган қоидаси бор: меҳнат қилган одамга зарур шароитларни яратиб бериш ҳам керак. Шундагина улар ўз меҳнатидан, турмушидан рози бўлади. Бу туйғу эса уларни яна ҳам унумли ишлашга ундайди. Буни "Бўзёп” овулидаги "Айтбой Отахон” фермер хўжалиги раиси, қарийб 30 йилдан бери шу ҳудудда бригада бошлиғи, фермер хўжалиги раиси бўлиб, элдошлари билан бир ёқадан бош чиқариб, кўнглига йўл топиб меҳнат қилиб келаётган Матназар оға Айтбоев жуда яхши билади.

Шунданми, ўтган йиллар давомида у раҳбарлик қилиб келаётган фермер хўжаликда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришнинг барча турлари бўйича режалар ортиғи билан, ҳатто 150-160 фоизга адо этиб келинмоқда.

Шу боисдан ҳам у 2015 йилда "Қорақалпоғистонда энг илғор фермер” деб топилди, эришаётган ютуқлари, иш тажрибаси нафақат тумандаги, балки республика миқёсидаги барча фермер хўжаликларига намуна сифатида кўрсатилиб, хўжалик далаларида чигит экиш, ғўза қатор ораларига ишлов бериш, озиқлантириш ва суғориш ишларини ташкил қилиш бўйича беш марта кўргазмали семинар ўтказилди.

Оға деҳқончилик борасида иш юритиш, одамлар билан аҳилликда ишлашиш тўғрисида суҳбатлашишдан чарчамайди. Хўжалик ҳудудидаги хонадонларнинг томорқалари ҳам унинг назаридан четда қолмайди. Бирини яхши ишлари учун "Баракалла!” деб алқаб ўтса, бирига йўл-йўриқ кўрсатади.

– Деҳқончилик – серзаҳмат иш, – дейди Матназар оға бу ҳақда. – Баъзан вақт билан ҳисоблашмай ишлашга тўғри келади. Шундай қийин-қистовли кунларда ҳоридим, демай меҳнат қилган одамлардан жонимни ҳам аягим келмайди.

Фермер оға хўжалик ишчиларига муносабатини шундай дебгина ифодалаб қўйса-да, аслида барча, 95 нафар ишчиларини жуда азиз тутади. Кейинги уч йилда кам таъминланган олтита оилага хўжалик ҳисобидан қорамол, 20 та оилага 9,5 млн. сўмлик моддий ёрдам берилди, ишчиларни моддий ва маънавий рағбатлантириш учун ҳар йили 2,5-3 млн. сўмлик маблағ сарфланмоқда, ишчиларга ва кам таъминланган оилаларга 18 тонна буғдой тарқатилди.

Фермер хўжалигида йилдан-йилга рентабеллик ошаётгани сабабли ҳар йилги фойда ҳисобига сотиб олинган техникалари сони ҳозир 19 тага етди. Ерларни экишга тайёрлашдан тортиб, экиш, парваришлаш, ҳосилини йиғиштириб, давлат хирмонига топширишгача бўлган ишларда  хўжалик фақат ўз техникасидан фойдаланади. Бу – олинган фойданинг тежалашига шароит яратади.

Фермер оға деҳқончиликдаги тажрибаларидан келиб чиқиб, суғоришдан олдин ғўза қатор ораларига 30-35 см. чуқурликда ишлов бериб, ерни қўшимча равишда юмшатадиган мослама яратди ва ўз тажрибасида қўллади. Натижада тупроқ унумдорлиги ошиб, ҳосилдорлик 3-4 центнерга кўтарилди. 15 бош қўй-эчки, 18 бош йирик шохли қорамол, 280 та парранда, 30 қути асалари, 16 сотихлик ҳовуздаги балиқчиликдан келадиган даромадлар ҳам чакки эмас. Фермер оға икки ўғил, тўрт қизни ана шундай ҳалол меҳнатлари эвазига камолга етказиб, олий маълумотли, уйли-жойли қилмоқда, ишчиларнинг ҳам турмуши фаровон.

Шунинг учун ҳам Матназар оғанинг йўлини ҳеч бири кесиб ўтмайди, сўзини икки қилмайди. Элнинг ҳурмат-эҳтироми эса уни яна ҳам унумли ишлашга ундайверади.

– Матназар Айтбоевда ҳали бир эмас, бир неча йигитнинг кучи, интилиши бор, – дейди у ҳақда "Бўзёп” овул фуқаролар йиғини раиси Махсуд Холмуродов. – Кейинги йилларда фермер хўжалигида уч сотихлик иссиқхона ташкил этилиб, помидор, булғор қалампири, эртаги карам кўчатлари етиштирилиб, ҳудуд аҳолиси томорқа хўжалиги ривожланишини таъминлаяпти. 2015 йилда сиғими 100 тонналик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сақлашга мўлжалланган замонавий сэндвич панелли музлатгич қурилиб, ишга туширилди ва аҳолига арзон мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етказиб берилаяпти.

... Хороз ўрнатилган бино олдида, мевали, манзарали дарахтларнинг қуюқ соясида бироз дам олиб, хаёлга берилган Матназар Айтбоевнинг фикрини чўнтагидаги қўл телефонига келган қўнғироқ овози бўлди. Қўнғироқ қилаётган овул оқсоқоли экан.

– Ҳозир, нонушта қилиб олиб, олдингизга ўтаман, бир маслаҳатли иш бор, – деди у оқсоқолга.

Маслаҳатли иш... Уни Матназар оға анчадан бери ўйлаб юрганди: хўжалик ишчиларидан бир-нечасига ҳовли солиш учун ер участка керак. Агар хўжалик ҳудудидаги фойдаланилмай ётган ерларга уй-жойлар қуриш учун туман ҳокимлигига таклиф берилса, ҳовлига муҳтож янги оилалар ер участка олишлари мумкин бўларди-да.

– Ажойиб халқимиз бор-да, – хаёлидан ўтди унинг. – Оила қургач, алоҳида ҳовли солиб, бовур босиб, униб-ўсиб яшагиси келади. Илоҳим, ҳаммалари ниятларига етсин!

Хўжалик даромадлари ҳисобига харид қилинган "Каптива” русумли машинасига ўтириб, йўлга тушар экан, Матназар оғанинг хаёлига ҳудуддаги мактабга кириб, таъмирлаш ишларидан ҳам хабар олиш фикри келди. Ахир шу ҳудуд болалари ўқийдиган мактабдан хабар олиб турмаса, инсофдан бўлмайди-да.

У бугунги кун учун режалаган ишлари билан андармон бўлиб юрганида туман Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимидан ҳокимликда буғдойдан бўшаган далаларга такрорий экинларни экишга бағишланган йиғилиш бўлишини, йиғилишда бу борадаги тажрибаларини гапириб бериши лозимлигини хабар қилишди.

Йиғилиш қош қорайганда тугади. Фермернинг яна бир иш куни поёнига етиб борарди.

Фермернинг бир иш куни... Фермер хўжалиги ташвишлари билан ўтадиган унинг ҳар бир куни яратиш, бунёдкорликлар сари муҳим бир қадамдир. Шунинг учун ҳам ҳар сонияси қадрли.

Шундай турмуш тарзи, ҳалол меҳнат билан ўтадиган кунлар Матназар Айтбоевни эл орасида обрўли, эътиборли қилди, камол топтирди, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўсратган пахтакор” фахрий унвонига савзовор этди.

Ойгул РАЖАБОВА.

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш