"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

ИНСОН СОҒЛОМ БЎЛСАГИНА МУСТАҲКАМ БИЛИМ ЭГАЛЛАЙДИ

08-июнь 2017 йил, 14:30. Ўқилди: 7760 марта

Мамлакатимизда инсоннинг шахс сифатида шаклланиши, камолотга етишуви учун барча қонуний асослар яратилган. Хусусан, Бош Қомусимизнинг 40-моддасида ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Бу ҳуқуқий пойдевор мамлакатимиз соғликни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш имконини яратди. Янгидан-янги шифо масканларини замон талабига мос ҳолда жиҳозлаш, инсонлар саломатлигини яхшилаш, касалликларни ўрганиш ва келиб чиқиш сабабларини тадқиқ этиш ҳамда даволаш билан боғлиқ жараёнларга илм-фан ютуқларини жорий этиш масалалари Конституциямиз олтин қоидаларининг ҳаётдаги ижросидир.

Мамлакатимизда инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий муҳофазалаш, ҳар бир фуқаронинг замонавий тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлишини таъминлашга қаратилган Президент Фармон ва Қарорлари бу борадаги ислоҳотларни амалга оширишда муҳим омил бўлаётир.

Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастури тўғрисида”ги Қарори эса бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Президентимиз Ш.М.Мирзиёев раҳнамолигида тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш борасида олиб борилаётган ишлар, айниқса, аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасини тубдан такомиллаштириш сари муҳим қадам бўлди. Президентимизнинг 2017 йил 16 март кунги "Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, 2017 йил 1 апрель кунги "Соғликни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори халқимизга малакали тиббий хизмат кўрсатишни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Конституциямизнинг 41-моддасида "Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”, дейилган. Асосий Қонунимизда ўз ифодасини топган бу нормаларнинг "Таълим тўғрисида”ги Қонун, "Кадрлар тайёрлаш Миллий Дастури”да ташкилий-ҳуқуқий механизми белгилаб берилганки, худди ана  шу ҳуқуқий асослар туфайли мамлакатимизда узлуксиз таълим тизими яратилиб, иқтисодиётимизнинг барча соҳалари учун олий ва ўрта махсус маълумотга, касб-ҳунарга, юқори савиядаги билимга эга бўлган мутахассис кадрларни тайёрлаш ва уларни иш билан таъминлаш йўлга қўйилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, билим олиш ҳуқуқини бирон бир шаклда чеклаш тегишли жавобгарликни келтириб чиқаради. Таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бошқа давлат фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам республикамиздаги таълим масканларида ўзлари танлаган йўналишлар бўйича билим олишлари мумкинлиги назарда тутилган. Бош Қомусимизда белгилаб қўйилган нормаларга кўра, тили, ёши, ирқи ижтимоий мавқеи, мамлакатимиз ҳудудида қанча вақт яшашидан қатъий назар, ҳар бир инсонга билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланади.

Хулоса қилиб айтганда, инсоннинг энг аввало, соғлом, баркамол шахс сифатида камолотга етишини таъминлашда сифатли тиббий хизмат ва бепул умумий таълим  борасидаги Конституциявий нормаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши жамиятда нафақат сиёсий, балки иқтисодий ўзгаришлар ясаш имконини беради.

Отабек ЭШЧАНОВ,

Амударё қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.

(Фото - ЎзА)

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш