"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

КАШАНДАЛИККА БАРҲАМ БЕРИШ – СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИНИНГ МУҲИМ ШАРТИ

07-июнь 2017 йил, 11:00. Ўқилди: 7591 марта

Энг кўп тарқалган зарарли одат – тамаки чекиш ва нос отиш ҳисобланади. Бироқ кашанда одам тамаки тутуни таркибида 3800 турдаги заҳарли кимёвий моддалар борлигини билмайди. Жумладан, никотин, қатрон, цианид кислота, аммиак, ис гази, бензол, радиоактив полоний, кобальт, қўрғошин, маргумуш кабилар шулар жумласидандир.

Тамаки тутуни таркибидаги заҳарли моддалар кашанданинг мия, юрак, ўпка, жигар, меъда каби ҳаётий муҳим аъзоларини заҳарлаб, турли хил сурункали касалликларни юзага келтиради. Уни вақтидан илгари ногиронликка дучор қилиб, умрига зомин бўлади. Кашандалар орасида миокард инфаркти каби оғир  касаллик туфайли ҳаётдан кўз юмганлар, тамаки чекмайдиганларга нисбатан 5 марта кўп.

Тамаки чекишни ташлашга аҳд қилган одам бу режани 1-1,5 ойдан ошмаган муддатда бажариши керак.

Асосий натижа одамнинг иродаси, соғлом бўлиш истаги, ўзининг ва оила аъзоларининг соғлом бўлишига ғамхўрлигидир.

Соғлом турмуш тарзининг маъно-мазмунини тўғри англаган одам чекиш ва бошқа зарарли одатлардан воз кечади.

Носни ҳам мунтазам қабул қилиш натижасида одам организми унга ўрганиб, руҳий ва жисмоний мутеъ бўлиб қолади.

Носни биринчи марта қабул қилганда унинг таркибидаги тамаки, оҳак, кул каби заҳарли моддалар таъсирига нисбатан одам организмининг ҳимоя реакцияси пайдо бўлади. Кўнгли айнийди, қайт қилади, боши айланади, юрак уриши тезлашади, совуқ тер босади, маст одамдек гандираклайди. Бундай ёқимсиз ҳолатнинг юзага келиши туфайли носни биринчи марта қабул қилган кўпчилик ўсмирлар бу зарарли одатдан воз кечиб, уни иккинчи марта такрорламайдилар ва ўрганмайдилар.

Нос отувчи уни вақтида қабул қилмаган пайтда аввалига руҳий мутеълик белгилари пайдо бўлади. Кайфияти ёмонлашади, жаҳли чиқади, ишлагиси келмайди, ўзлаштириш, фикрлаш каби ақлий иш бажариш қобилияти пасаяди. У қандай бўлса ҳам нос топиб уни қабул қилишга интилади.

Кашанданинг юраги, ўпкалари, жигари, буйраклари зарарланиши туфайли у ҳаракат қилган пайтида нафаси қисади. Юраги ўйнайди, артериал қон босими кўтарилади, томир уриши тезлашади, ранги оқаради, лаблари кўкаради. Шунингдек, жигар соҳасида (ўнг қовурға остида) оғриқ пайдо бўлади. Буйраклари касалланиши туфайли эрталаб уйқудан турганда кўзларининг ости шишган бўлади. Кечқурун эса оёқлари шишади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, оғиз, тил, қизилўнгач, меъда каби аъзоларнинг рак касаллиги нос отувчиларда бошқаларга нисбатан бир неча марта кўп учрайди. Шундай қилиб, кўп йиллар нос чекиш натижасида одам аста-секин ақлий ва жисмоний жиҳатдан заифлашади, иш қаобилиятини йўқотади, вақтидан илгари кексаяди ва ногиронга айланади.

Кўриниб турибдики, сигарета чекиш ва нос отиш – кони зарар. Шунинг учун ҳам бутун дунё бўйлаб кашандаликка қарши кураш тобора кенг авж олдирилмоқда.

Жумабой ЯВҚАШЕВ,

туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси Саломатлик бўлими мудири.

(Фото - http://uzbekistonovozi.uz)

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш