"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

ИСТИҚЛОЛДАН НУРАФШОН ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН

23-февраль 2017 йил, 12:36. Ўқилди: 1843 марта

Мустақиллик йилларида Қорақалпоғистон замини чинакам бунёдкорликлар майдонига айланди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 243 километрузунликдаги Туямўйин-Нукус-Чимбой-Тахтакўпир сув тармоғи ишга туширилди. 1991-2010 йиллар оралиғида ҳудудда газ ва газ конденсати, сода, вермикулит концентрати, Талькомагнезит, глицерризин ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

2000 йилда Нукус шаҳри билан Хўжайли шаҳри ўртасида Амударё устига улкан темир-бетон кўприк, 2001 йилда 345 км. масофада Нукус-Султон Увайстоғ-Мискин-Учқудуқ-Тинчлик-Навоий темир йўли қурилиб, ишга туширилди ва 4 минг 160 км. масофадаги автомобиль йўллари халқаро талаблар даражасида реконструкция қилинди.

Қорақалпоғистон – бебаҳо ер ости ва ер усти бойликларига кон диёр. Бу бойликларни излаб топиш, ишлаб чиқаришга йўналтириш мақсадида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хорижлик инвесторлар билан ҳамкорликда "Жел”, "Ғарбий Орол” истиқболли конлари очилди, "Ўзбекгеофизика” АЖнинг "Устюрт геофизика экспедицияси” филиали жамоаси билан ҳамкорлиги туфайли кунига 45 минг кубометр газ ишлаб чиқараётган "Тиллали”, "Сайхун”, "Инъом”, "Арслон” сингари янги конлар Қорақалпоғистон геофизик олимларининг билим ва салоҳиятлари маҳсулидир.

Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти, муҳтарам И.А.Каримов ташаббуси билан барпо этилган "Устюрт – газ-кимё” мажмуаси бугунги кунда бутун дунё халқларининг эътиборида, ҳавасли, ҳайратли нигоҳларида. Чунки мазкур корхона жаҳоннинг энг нуфузли нашрлари томонидан 2012 йилнинг энг яхши лойиҳаси деб тан олинди. 2014 йилда нуфузли "Infrastructure journal” халқаро нашри мазкур лойиҳа қурилишини "2014 йилнинг нефть-газ соҳасидаги энг йирик битими” деб эълон қилди. умумий қиймати 4 млрд. АҚШ долларини ташкил этган ушбу лойиҳа амалга оширилиши нафақат Қорақалпоғистон, балки Ўзбекистон Республикаси саноатини янада юксалтириши табиий. Мазкур мажмуада 3,7 млрд. куб метр газ, 387 минг тонна полиэтилен, 83 минг тонна полипропилен, 102 минг тонна пиромез дистилмати ва бошқа  қимматбаҳо маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Бундан ташқари енгил саноат  тез ривожланиб бормоқда.фақат 2016 йилнинг ўзида момиқ ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган "Бунёдбек-Хўжайли” оилавий корхонаси ишга туширилди. "Ёқубова Гавҳар” фермер хўжалигида эса калава ип ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Элликқалъа туманида "Global nationaltex” шўъба корхонасида жинси мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилиш арафасида. Амударё туманидаги "Камекс-КК” корхонасида момиқ, Кегайли туманидаги "Авто-Қайип-майши” масъулияти чекланган жамиятида ойига 50 минг жуфт пайпоқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Фермер хўжаликларининг салоҳияти янада ошиб, аҳоли даромадлари кўпайди, ва бу Республикада ҳар йили юзлаб оилалар янги замонавий услубда қурилган намунали уйларга кўчиб ўтаётганида яққол намоён.

 

Қорақалпоғистон Республикаси маркази – Нукус шаҳри сўнгги икки йил ичида таниб бўлмас даражада ўзгарди. Дунё ёшлари ҳавас қилгулик "Бахт уйи”, темир  йўл вокзали, И.Савицкий номидаги санъат музейи беқиёс гўзал қиёфа касб этди. Шаҳар марказидан оқиб ўтувчи, кичик дарёни эслатувчи "Дўстлик” канали бўйлаб 2,5 км. масофада бунёд этилган кўнгилочар объектлар нафақат шаҳарликлар, балки шаҳар меҳмонлари ва хорижлик сайёҳлар эътибори ва эътирофига муносиб.

Қорақалпоғистонда экологик барқарорликни таъминлаш долзарб вазифага айлангани бутун дунё афгор оммасига маълум. Айни пайтда Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича 2013-2017 йилларга мўлжалланган Дастурига мувофиқ Оролбўйини соғломлаштиришга қаратилган кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Орол денгизининг қуриган ҳудудларида, Мўйноқ туманида, денгизнинг "Ахантай” қисмида 1500, "Оққум” қисмида эса 34 гектарлик сунъий ўрмонлар барпо  этилди. Юқоридаги Дастурга мувофиқ Орол бўйини соғломлаштириш, сунъий ўрмонлар барпо этиш мақсадлари учун 89,39 млрд. сўм, 1635,55 млн. АҚШ доллари ва 57,63 млн. евро маблағ йўналтириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда 90 млн. АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳа асосида Орол денгизининг қуриган қисмида кичик ўрмонзорлар барпо этиш ишлари давом этмоқда.

Қорақалпоғистон саноатининг йирик ишлаб чиқариш объектларидан бири ҳисобланган Қўнғирот сода заводи ўз маҳсулотларининг асосий қисмини жкспортга йўналтирмоқда. Йилига хорижий буюртмачиларга 34-35 минг тонна маҳсулот етказиб бераётган завод маҳсулотлари ички бозор  талабларини ҳам тўла қондириш имкониятига эга.

Тобора ривожланиб, гуллаб-яшнаётган Қорақалпоғистон Республикаси халқи учун намунали тиббий хизмат кўрсатиш масканларида яратилган замонавий шароитлар таҳсинга лойиқ. Ёшларнинг малакали билим олишлари учун Тошкент Давлат Педиатрия институти, Тошкент Давлат Аграр Университети, Тошкент Ахборот технологиялари Университети, Тошкент Давлат маданият иститутларининг Нукус филиаллари, Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат  Университети, Ажиниёз номидаги Қорақалпоқ давлат Педгогика институтида энг замонавий шарт-шароитлар яратилган. Барча таълим-тарбия масканлари Қорақалпоғистон ёшлари ўз қобилиятларини, иқтидорларини намоён этишлари учун энг замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган.

Хулоса қилиб айтганда, кўпмиллатли Қорақалпоғистон Республикаси халқи Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон, келажаги порлоқ Ватаннинг ворислари ва бунёдкорлари сифатида ўлканинг янада тараққий этиши учун фидойилик билан меҳнат қилиб, мустақиллик ғояларини мустаҳкамлашдек шарафли вазифани оғишмай амалга ошираверадилар. Зеро, озод ва ҳур Ватанда эркин ва бахтиёр яшаётган қорақалпоғистонликлар учун она Ватан бахт-саодати, келажаги йўлида хизмат қилиш шарафдир.

Робия ЙЎЛДОШЕВА,

www.amunews.uz мухбири.
(Фото - uza.uz

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш