"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

Амударёлик “Олтин тулпор” соҳиби

11-май 2017 йил, 16:03. Ўқилди: 4558 марта

Шундай касб эгалари борки, биз баъзан уларнинг фаолияти, фидойиликлари туфайли жамиятимиз нечоғлик манфаат кўраётгани, турмушимиз фаровонлигига, саломатлигимизга салбий таъсир кўрсатувчи оқибатларни бартараф этишдаги хизматлари ҳақида кўпам билавермаймиз. Хусусан, ветеринария хизмати соҳаси ходимлари. Назаримда, бу соҳа ходимларини кўпчилик хонадонига тегишли уй ҳайвонлари касалланганда эслаб қолишади. Аслида эса ветеринария хизмати ходимларининг жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссалари беқиёс катта. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон мустақилликнинг илк йиллариданоқ, 1992 йилда Бутунжаҳон ҳайвонлар соғилигини сақлаш ташкилотига аъзо бўлди.

Шиддат билан ривожланаётган дунёда инсоният жадал ечим талаб этадиган бир қанча муаммоларни бошидан кечирмоқда. Улардан бири инсонлар билан ҳайвонлар ўзаро муносабатда яшаб турган муҳитда  вужудга келаётган юқумли касалликларнинг тарқалишидир. Бундай касалликлар туфайли кўплаб мамлакатлар иқтисодий зарар кўриб, кенг аҳоли қатламлари ҳаёти хавф остида қолаётгани сир эмас.

– Мамлакатимизда бундай зарарли хавф-хатарнинг олдини олиш мақсадида барча ҳуқуқий асослар яратилган, – дейди туман Ветеринария бўлимига қарашли 9-сонли Қипчоқ ҳудудий бўлинмаси зооветеринария шохобчаси мудири Ҳайтимбат ака Бекниёзов. – "Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ эпизоотияга қарши профилактик тадбирлар олиб борилаётгани туфайли мамлакатимизда инсонлар ва ҳайвонлар ҳаёти учун хавфли юқумли касалликларнинг кириб келиши ва тарқалишининг олди олиниб, барқарор эпизоотик вазият сақланмоқда.

Ҳайтимбат ака Бекниёзов туманимиз ветеринария соҳаси фидойиларидан бири. Самарқанд қишлоқ хўжалик институтининг ветеринария факультетини тугатиб, ўз иш фаолиятини бошлаганига 41 йил бўлган Ҳайтимбат Бекниёзов 12 йилдирки, туман ветеринария бўлимига қарашли 9-сонли Қипчоқ ҳудудий зооветеринария бўлинмасига раҳбарлик қилиб келмоқда. Ҳайтимбат Бекниёзов ўзи раҳбарлик қилаётган ҳудудий бўлим тасарруфидаги чорвачилик фермер хўжаликлари ва хонадонлардаги уй ҳайвонларининг саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишларни тизимли равишда ташкил этиб, даволашнинг замонавий усулларини амалиётга татбиқ этиш орқали туман аҳолисининг ҳурмат ва эътиборини қозониб келмоқда. Айниқса, уй ҳайвонларида учраши мумкин бўлган "қораоқсоқ”, "ўт қопи яраси”, "оқсил”, "қорасон”, "бруцеллёз”, "қутириш” касалликларига қарши эмлаш ва профилактик чора-тадбирларни амалга оширишда юқори натижаларга эришиб келмоқда. Бевосита Ҳайтимбат Бекниёзов раҳбарлигида уй ҳайвонлари ҳаёти учун хавфли бўлган бруцеллёз ва силга қарши ёппасига ҳудудий эмлаш ишлари олиб борилиши натижасида Қипчоқ овулида 2015-2016 йиллар давомида бундай касалликлар деярли учрамади.

– Уй ҳайвонлари касалликка чалинишининг олдини олишда уларни сифатли озуқа билан таъминлаш муҳим аҳамият касб этади, – дейди Ҳайтимбат ака Бекниёзов. – Бу ҳайвон-ку, деб  дуч келган хашакни беравериш ярамайди.

Шунинг учун ҳам Ҳайтимбат ака хонадонлардами, чорвачилик фермасидами, қаерда бўлишидан қатъий назар, аҳолини  сифатли ва хавфсиз чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлаш ҳақида қайғуради. Шу мақсадда 2016 йилда ўзи раҳбарлик қилаётган бўлимда салкам 500 тонна чорвачилик озуқа маҳсулотларини лаборатория текширувидан ўтказди.

Ҳудуддаги қорамоллар, қўй-эчки ва парранда боқиладиган қўраларнинг санитария ва зоответеринария ҳолатини бирма-бир ўрганиб чиқиб, хонадон эгалари ва фермер хўжаликлари чорвадорларига зарур тавсиялар беради.

Ҳамон ўқиб-изланишдан, ўз устида ишлашдан чарчамайдиган Ҳайтимбат ака Бекниёзов ҳар йили амалий семинарларда ўз тажрибаларини ошириб боришни асло канда қилмайди. Ўз тажрибаларини ёшларга ўргатишдан ҳеч эринмайдиган бу фидойи инсон тез-тез туманимиздаги чорвачиликка иҳтисослаштирилган фермер хўжаликларида ёш ветеринарлар учун семинар-ўқувлар ташкил этиб, амалиёт сабоқларини олиб боради. Унинг 10 нафардан ортиқ шогирдлари Республикамизнинг турли ҳудудларида ветеринария соҳаси ривожи учун фидойилик билан хизмат қилишмоқда.

Ҳар йили апрель ойининг охирги шанбасида бутун дунё миқёсида Халқаро Ветеринария куни кенг нишонланади. Шу жумладан, мамлакатимизда ҳам. Тошкент шаҳрининг муҳташам "Туркистон” санъат саройида халқаро Ветеринария куни муносабати билан Ўзбекистон Ветеринария соҳаси вакилларининг анжумани ўтказилиб, мамлакатимизда бу йил Халқаро Ветеринария куни илк бор кенг миқёсда нишонланди ва ветеринария соҳаси фидойилари иштирокида "Олтин тулпор” кўрик-танлови ҳам ташкил этилди.

Ушбу кўрик-танловда туманимиз, қолаверса, Қорақалпоғистон Республикаси номидан иштирок этган Ҳайтимбат Бекниёзовнинг ветеринария соҳасини ривожлантиришдаги хизматлари юксак баҳоланиб, кўрик-танловнинг "Олтин тулпор” мукофоти билан тақдирланди.

– Ғолиб бўламан, деган ўй хаёлимда ҳам йўқ эди, – ҳаяжонли лаҳзаларни мамнуният билан эслайди Ҳайтимбат ака. – Чунки кўрик-танлов ҳайъати жуда нуфузли олимлар, давлат ва жамоат арбобларидан иборат эди-да. Шундай билимдон инсонлар назарига илинганимдан жуда хурсанд бўлдим.

Ўз касбининг фидойиси, тиниб-тинчимас инсон Ҳайтимбат ака Бекниёзов амалга ошираётган ишлар салмоғи катта, миқёси жуда кенг. Биз унинг фаолиятидан айрим лавҳаларнигина келтирдик, холос. Унинг ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, юртимизни боғ-роғларга буркаш борасидаги, талабчан устоз ва оила бошлиғи сифатидаги ҳаёт чизгилари ранг-баранг ва ҳавасга муносиб. Энг муҳими, Ҳайтимбат ака Бекниёзов ўзининг камтарлиги, одамийлиги, жонкуярлиги билан туманимиз халқи орасида ҳурмат-эътибор топган, элим, юртим, деган оддий ва фидойи инсонлардан бири.

Робия ЙЎЛДОШЕВА.

 

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш