"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

Умиданинг режалари кўп

14-март 2017 йил, 10:27. Ўқилди: 5263 марта

2015 йил охирида Қиличбой овулининг "Хизр эли” маҳалласи ҳудудида тендер асосида 60 гектар экин майдонида фермер хўжалигини ташкил этиш ҳуқуқини қўлга киритган Умида Қурбонбоева аввал ишни нимадан бошлашни билмай, ўйланиб қолди, зиммасига қанчалик улкан масъулият олганини энди аниқ ҳис қилди. Ахир 35 гектар пахта, 10 гектар ғалла, 1,5 гектар боғ, сабзавот ва полиз экинларидан кўзланганидай ҳосил олиш,пудратчиларнинг меҳнатига яраша ўз вақтида ойлик маошларини бериб бориш лозим. Бунинг устига зиммасида 20 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилиб, ҳудуддаги 42 та фермер хўжалиги экин майдонларини зараркунандалардан ҳимоя қилиш учун биомаҳсулот ишлаб чиқарувчи биолаборатория раҳбарлиги ҳам елкасида.

Кўз қўрқоқ, қўл ботир экан. Бир умр қишлоқ хўжалигида бригада бошлиғи, агроном ва бошқа лавозимларда ишлаб, улкан тажриба тўплаган отаси Зарифбой Қурбонбоевнинг,биолабораторияда ишлаган онаси Тўлғоной опанинг йўл-йўриқлари, маслаҳатлари асосида иш юритган ёш фермер қизнинг меҳнатлари зое кетмади. 2016 йилда 10 гектар майдондан 25 тонна ғалла, 35 гектар майдондан 130 тонна пахта етиштирилиб, ҳосилдорлик кўзланганидан анча юқори бўлди. "Зарифбой - Тўлғоной” фермер хўжалигининг ҳам, пудратчиларнинг ҳам даромади яхши бўлди.

Интилувчан, янгиликка ўч фермер қизнинг бу йилги кўзлаётган режалари эса яна ҳам юксак: фермер хўжалигини кўптармоқли хўжаликка айлантириш, асаларичиликни, балиқчиликни ва ҳудуд аҳолисига маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш.

– Фермерлик – фидойилик, дегани экан. Буни ўз ҳаётимда кўрмоқдаман, ҳам ҳисобчи, тракторчи, ҳатто баъзан ҳашарчиларга тушлик тайёрлайдиган ошпаз ҳам бўлавераман, – дейди Умида кулиб.

Кичкинагина жуссасига оламча ғайрат-шижоат жо бўлган, интилувчан қиз Умиданинг суҳбатларига қулоқ тутган киши бир олам таассуротлар олади. Юртимизда ёш тадбиркорларга, фермерларга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик ўз меваларини бераётганидан қувонади.

Ойгул РАЖАБОВА.

Суратда: ёш фермер Умида Қурбонбоева.

Саҳифадаги суратларни М.Шомуродов олган.

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш