"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

Онам ҳақида қўшиқ

15-март 2017 йил, 16:17. Ўқилди: 4899 марта

Ноанъанавий Достон

Ўтмишдан бир лавҳа

Пастккина айвон муюшига қурилган қўл тегирмон секин гуввилайди. Бот-бот тегирмоннинг овози тинади-ю яна бир маромда ишлайверади. Тегирмоннинг гувиллашига монанд тепадаги керагага ўрнатилиб, бир учи тегирмон тошининг четидаги тешикчага тиқиб қўйилган чирач (тегирмонни юргизиб турувчи ёғоч мослама) оҳиста шақиллайди. Оёқлари тагига хом ғиштлардан токча қўйиб олган 9-10 ёшли қизалоқ митти қўллари билан тегирмон чирачини ҳар айлантирганида ожизгина "иҳ” деб қўяди. Жажжи қўлчалари билан тегирмон тошининг ўртасидаги ўйиғига тез-тез дон ташлайди-да, яна жон жаҳди билан тегирмон тошини айлантиради. Қизча то онаси колхоз юмушидан қайтгунча кунига 5-10 кило жўхори ёки буғдой донини тегирмонда ун қилиб қўйиши керак. Акс ҳолда онасидан гап эшитиши тайин.

Қизалоқнинг елкалари, беллари зирқираб оғрийди. Қўллари қавариб кетади. Тегирмон тошлари орасида эзилиб, унга айланаётган доннинг миқдори камайган сари унинг митти жони қийналиб, ҳансираб қолади. Тегирмон тошини кўмиб турган унни йиғиб, онаси ташлаб кетган халтага солгунича зўрға чидайди қизгина.

Баъзан қазув, баъзан дала ишларидан чарчаб қайтган онаси рўзғор юмушларини бекам-у кўст бажариб, укаларига бош бўлиб ўтирган Сарагулни асло эркалатмайди. Худди шундай бўлиши керакдай, рўзғорнинг юки оғир аравасини Сара қиз судраши шартдай...

­- Қиз бола қаттиқчиликка чидаса, ҳаётда қоқилмайди, болам. Ўзингга куч-қувват берсин...

Тозагул эна қизалоғининг юрагига шундай далда бўларди. Сара қизига хамир қордирарди. Ўзи тегирмонда тортган унни қавариқ қўллари билан муштларди у. Тонг билан нон ёпишарди. Онаси нонушта пайтида болаларига нонни тақсимлаб берарди. Тушликда яна шу ҳол такрорланарди. Кечки овқатда дастурхонга нон қўйилмасди.

­- Ётар қурсоқ (қорин демоқчи) ярим бўлади, - дерди онажониси.

Шундай дерди-ю кўзларига ғириллаб ёш келарди. Шунда ёшгина қизалоқ Сарагул ич-ичиданэзилиб кетарди.

Қўллари меҳнатдан бўшамайдиган онасига юраги ачишибми, ўзининг зиммасидаги фарзандлик бурчларини жуда эрта англаган қизалоқ 9-10 ёшидаёқ катталар билан баб-баравар меҳнат майдонига кирди. Узун, сунбул сочларини бошига чамбарак қилиб, пахта теримида "авангард” бўлганида бор-йўғи 10 ёшда эди у! Шу ёшидаёқ унинг суяги меҳнатда қотди. Сабр сувини симириб, ҳалол-у покиза феъли билан қаноатга фарзанд бўлди Сара қиз!

­– Отанг урушдан соғ-омон қайтса, ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетамиз...

Урушнинг излари

Онаси ширин умидлар билан эркаларди баъзан уни. Ана шу умидлар этагидан тушларида гуллар терарди Сара қиз. Узун тунлар онаси билан кўсак чувиб ўтириб ухлаб қоларди қизгина. Доим бир хил тушлар кўрардими ё орзулари хаёл кўзгусида акс этардими? Буни қизалоқ тушунолмасди. Эс-эс биладиган отажони тушларида аскар кийимида кириб келарди уйларига.

–Отажо-о-о-н! –ўз қувонч ҳайқириғидан уйғонарди қизалоқ. Ва... Ва ҳаёлида ёрқин бир қўшиқ бўй тикларди:

Дунё нурга тўлиб кетгандай...

Ёришди тун, замин-у осмон.

Уй ҳам бахтга тўлиб кетгандай,

Менинг отам қайтдими? Отам!

Бу ҳол ҳар тонг бўларди такрор,

Умид гулин териб ўсди у.

Еттимиди? Саккиз йил бедор,

Болаликдан сағир ўсди у.

Оёқлари остидаги ер,

Тошдай қаттиқ. Юракка ботди.

Манглайидан томчилаган тер,

Вужудида симобдай қотди...

Болалиги тегирмон тошга

Муҳрланиб қолди беомон.

Бошларини қўйди қуёшга,

­Уни ташлаб кетса-да осмон.

Қуёш бўлди унга қаноат,

Қуёш бўлди ҳатто сабр ҳам.

Ўшал сабр-қаноат, ҳайҳот,

Азоблардан асради ҳар дам.

Бир тонг суюнчи хабари билан,

Ёйилди кун бутун қишлоққа.

Ярим тан-у ярим дил билан

Ота қайтди қўлтиқтаёқда!

Оёғ-у қўл минг битта ямоқ,

Кўз кулади, юракда фарёд.

Қирғинлардан ярим жон қайтмоқ,

Насиб этмиш отага, ҳайҳот!

Неча арслон дўстин йўқотиб,

Омон қайтган ота кулмайди.

-Қизим, – дейди, – меҳнатда қотиб,

Тобланган дил асло ўлмайди.

Меҳнат сенинг улуғ байраминг,

Куч-қудрат ҳам, ҳурлик ҳам шунда.

Тинчлик билан ўтса кунларинг

Шудир асл бахтинг аслида...

Тандир – олов ичига кириб,

Ўн бир ёшда нонлар ёпди қиз.

Онасининг ёнида юриб,

Оилага бўлди бир илдиз.

Ота ўзин тиклаб олгунча,

Ўтиб кетди неча ой, йиллар.

Сарагул қиз бўйга етгунча,

Машаққатга туташди йўллар...

Улғайиш ва йўқотиш

Оҳ, Сара қиз! Болаликнинг эртакларига эгиз, сирли кўчалари бу қизгинани тамоман унутди. Чорламади сира. Ё чорлаганда тегирмоннинг чирачидан қўлларини узолмади Сара қизгина. Шу йўсин ўтди кунлар. Шу йўсин уни меҳнат ва машаққатга туташ йўллар ўсмирликнинг ўйинқароқ оқ, ойдин кечаларидан ҳам четлаб, балоғат палласига етаклади. У энасининг, онажонининг, отасининг тиззаларига бош қўйиб эртаклар тинглашдан, "Тоҳир-Зуҳра”, "Ёрилтош”, "Юсуф ва Зулайҳо”ларнинг оламида яшашдан мосуво, жуда эрта улғайди. Меҳнатда пишиб, ҳаёт сўқмоқларида тобланиб-тобланиб улғайди қизгина.

Улғайганин ўзгалар билди,

Олиб кетди "ёр-ёр”лар билан.

Кўкрагига тузувлар1 илди,

Сочин ювиб гулоблар билан.

Елкасидан тоғ қулаб тушди,

Кабутарлар қўнди бошига.

Меҳр нури қалбига тушди,

Ўсма суви тегиб қошига.

Бир уй тўлди орзу гулига,

Бахтга элчи бўлди Муҳаббат.

Поёндозлар солиб йўлига

Аллоҳ берди улуғ саодат.

Саодатки, умр айвони,

Оиласин қучди фароғат.

Фарзандларнинг меҳр уммони,

Дил уйини айлади обод.

Тўртта қиз-у тўртта ўғлони,

Худойимдан келган мурувват.

Меҳнат билан файзли қўрғони,

Тан-жонида ажиб ҳаловат.

Аммо бир кун...Кўнгил боғини,

Аёз урди... Музлар қотди, муз...

Суянгани ­– Асқар тоғини

Юлиб кетди қаҳри қаттиқ куз...

Бир-биридан мурғак саккиз жон,

Саккиз бола қолди эшикда.

Эс билгани бўзлар! "Ота-ж-о-о-н!”

Билмагани ухлар бешикда.

___________________________________________________________________

1 тузув – Аму бўйи аёлларининг кўкракка тақиладиган кумуш тақинчоқлар жамланмаси.

Саккиз ўғил-қизнинг юкини

Елкалади мардона. Унсиз...

Ёшин артди. Юракдагини

Ичга ютди ўлгунча... Эсиз...

Қирққа кириб қирга етганда

Узун тунга асир қолди у.

Бошларига болиш ботганда,

Дил саҳроси ичра толди у.

Шундай ўтди ҳижрон онлари,

Синиб кетди ўттиз икки тиш.

Кипригида отиб тонглари

Кўзда қолди армон тўла туш.

Юзлари ойдан-да сулувроқ эди...

Онажон! Онажонгинам менинг! Қишин-ёзин елкасидан кетмон, қўлидан ўроқ тушмаган муштипаргинам!

­– Мени онам меҳнат газагида туққанлар...

Овозингиз маҳзунгина, майингина, қарашларингиз ҳокисоргина эди. Асли шу меҳнат Сизни овутди, далда бўлди. Алдамчи туйғулар гирдобига ташлаб қўймади. Бу куч, бунчалик фидойилик қайдан, онажон! Бу –иродами? Ёки бу кучнинг номи – Қаноат! Ёки бардош! Шу куч Сизни асради. Шу куч умрингизга ҲАЛОЛЛИК деган чирой берди. Серфарзанд она деган аёллик салтанатини берди.

Кўз ўнгимдан ўтади. Ўтаверади, тузувларини шилдиратган аёллар , гулбанд1 таққан аёллар... Улар гўзал. Улардан-да гўзал, маликалардай сарв сумбатлиси – менинг онажоним. Билакларини яшириб турган енг шимарилса, сунбул сочлари ёйилса, мўъжизадан юрагим ҳаприқиб кетарди менинг! Кетмон ва ўроқ тутган қадоқ қўлларнинг билаклари оппоқ, тундай қора сочларнинг ҳар битта толасида сим-сим нур. Офтоб билан чалишади улар! Тун пардасин кўтариб, узун, найза киприкларига камон тортган қошлар ҳаёт гуркираб турган чақноқ кўзларга паноҳ. Лолагун ёноқларга нуқраранг таратиб, жуфт лаблар остида тизилишган инжу тишлар, оппоқ атиргулнинг латиф гулбаргидай даҳан. Буларнинг барчаси бир аёл чеҳрасида, сохт-гумбатида, Онажонимда мужассам эди. Мен бу гўзаллик таърифини келтира билдимми? Йўқ, дейман, йўқ, азизлар.

Онагинам, дейман. Меҳнатдан дағаллашиб кетган қўлларини силаб-силаб, юзимга босаман. Болалик шууримда қолган гўзаллик кўз олдимда жонланади. Юрагимда нимадир "чирт!”узилгандай бўлади.

– ­Қани, қани ўша гўзаллик? Ойдайин юз, самбитдай сарвқад, қуёшдай балқиб туришлари қани? – дейман.

Бир ҳазин сас келади. Жуда олисдан. Жуда ҳазин сас.

­–Улар айрилиққа асир дамларда қолди! Қаноат, сабр ва бардош йўлларига тўкилди-ку бу гўзаллик!

–Шундайми...

Онажоним,

Асли оппоқ эди билакларингиз,

Юзингиз ойдан-да сулувроқ эди.

Меҳнатга юкинган тилакларингиз,

Барча тилаклардан улуғроқ эди.

______________________________________________________________________________________________________________

1гулбанд - Амубўйи аёллари бўйинларига тақиб юрадиган мунчоқмонанд тақинчоқ.

Дилбарлик, гўзаллик, назокат - бари,

Ўрнин бердилар-ку фидойи онга.

Ёшликнинг барқ урган чаманзорлари,

Асло туташмади ўткинчи шонга.

Тунлар адашдилар. Кундузлар сарсон,

Меҳнат кунларининг адоғин йўйиб.

Сиз тонглар далага ошиққан замон

Саккиз гўдак қолди ортда мунғайиб.

Олти милён тонна юкнинг остида

Тизлардан қон сизиб, букилди беллар.

Эллик ёш қайдадир, қирқнинг устида,

Ҳасса тутиб қолди қадоқли қўллар.

Ҳамма жойдан кенг макон

Содда онам! Ҳокисоргина, ҳаммага бирдай мулойим, меҳрибон онам. Назаримда мен ўсган ота макон ҳамма жойдан кенг эди. Худди онажонимнинг бағри каби. Саккиз фарзандини – бир этак етимчаларни оқ ювиб, оқ тарагувчи онажонимга интилувчи қора-қура болажонлари жуда кўп эди. Онажонимнинг овсинлари – опа-сингилларидай оқибатли аёллар – Жумабика момом, Амина момом, қўшни Малика чеча, Раҳимбой, Ҳожибой тоғаларимиз, Жумабой акам ва Чиннигул холамнинг фарзандлари биз билан бирга улғайишган. Онажоним уларни урушмасдилар, кўкрагидан итармасдилар. Баъзан ўн беш-йигирма, ҳатто ундан ҳам кўпроқ болаларни бир дастурхон атрофига йиғиб, ошқовоқ гўмма, тухум бўрак, гўжа, жўхори ёрма, ийжон, зоғора нон пишириб берардилар. Айниқса, онажонимнинг ийжони билан пиёзли патрак ва зоғора нонлари ғоят тотли бўларди. Ҳовлидаги баланд гужумларга осилган ҳалинчаклар шамоли юзимни силагандай, Онажонимнинг қўшиқлари қулоғим остида жаранглайди:

Бу дунёнинг ёлғони кўп,

Ош, мойидан ёвғони кўп.

Ўйнаб-кулинг болаларим,

Ярим йўлда қолғони кўп.

Саккиз болам саксон бўлса,

Ўғил-қизим ўйнаб-кулса.

Шудир ош-у мойим менинг,

Суви тиниқ сойим менинг

Тақдир экан, есир ўтдим,

Шукур, ёруғ кунга етдим.

Саккиз ўғил-қизим энди,

Эл-у юртга сингиб кетди.

Армонимни айтиб нетай,

Барин тишда олиб ўтай.

Ҳасратларим босиб ётган

Чангларини олиб кетай...

Дил ҳасратларини, дардларини тиш ёриб ўзгага тўкмаган Онажоним-ай! Соғиниб-соғиниб, қувончларимни ичимга сиғдиролмай борардим баъзан ота маконимга. Баъзан ҳаёт зарбаларидан зард олган кўнглимни очгани ошиқардим Онажоним бағрига! Маҳзунгина, мулойимгина сўрашарди Онажоним:

– Келдингми, болаларинг омонми, ишларинг яхшими?

Ўзимдан олдин болаларимни , ишларимни сўрарди муштипарим менинг!

– Қора узум пишди, ол болам!

Ҳар ғўраси челакдай-челакдай узумга қараб, мунғайиб қолардим.

– Отам эккан эдилар...

– Ҳа, болам, отанг эккан эди, бир тўйиб есанг, танангга куч бўлади.

Ҳар гал боғимизда янги мевалар пишганида, билардим, онажоним ота уйидан илдиз отган саккиз нафар ўғил-қизига алоҳида-алоҳида улуш тугиб, кутардилар.

–Оқ шафтоли пишди, келмадинг.

–Оқ шафтоли! Ҳали оқ шафтоли пишдими!? – яшнаб кетарди дилим.

Дастурхонга қўйилган лаган тўла шафтолидан бирини аста қўлимга оламан. Егани кўзим қиймайди. Боламга, болаларимга илинаётганимни сезади Онажоним!

–Ол, тўйиб е, танангга қувват бўлади, отанг эккан шафтоли...

Биттасини олиб тишлайман, хуш таъмидан танам яйраб кетади. Кетишимда бир челакни тўлдириб шафтоли олиб чиқадилар Онажоним!

–Бобоси эккан шафтоли. Болаларинг ҳам тотишсин...

Кейин ота макондаги боғда оқ ўриклар пишади, ҳусайни узум, хирмони узум, нашвати, олма-ю анорлар... пишаверади. Барчасидан онажоним ҳар биримизга алоҳида-алоҳида улуш тугиб қўяверадилар. Барчасидан барчамиз тўйиб-тўйиб еймиз-у ўз болаларимизга илинамиз. Ота маконимдан онажонимнинг невараларига ҳадяларини севиниб-севиниб олиб кетамиз.

Болаларим дарров билишади:

–Момомнинг олмалари!

–Момомнинг боғида шафтолилар пишибди!

Худдики момоси билан кўришгандай, унинг меҳр қуёшидан баҳра олгандай, яйраб кетишади болажонларим! Уларнинг қарсиллатиб олмани ейишларидан, оппоқ шафтолиларни ҳидлаб-ҳидлаб суюнишларидан яшнайди дилим! Бунчалар ширин бу болалар-ай! Худди онажоним мени севгандай, менга мевалардан илиниб тургандай, мен ҳам болаларимга талпиниб турганимни ҳис этган сари қалбим жунбушга келади. Онам ато этган бахт бу ! Мен онамдан ўрганган ҳаёт фалсафаси бу!

Ё бу менинг иқроримми? Ёки кўнгил изҳорим! Дилимда онамнинг қўшиғига монанд туйғулар жунбушга келади:

Бир парча гўшт эдим туғилган чоғда,

Шунчалар асралдим иссиқ қучоғда.

Асралдим жондайин жонда, қароғда.

Онажон, севмоқни сендан ўргандим.

Осмонни кенг, десам, ўзинг ундан кенг.

Қалбингда бир эмас Қуёш, балки минг.

Ойдайин балқишинг оламларга тенг,

Оламни севмоқни сендан ўргандим.

Ой кўкка ўрлайди. Юлдузлар ғужғон,

Бедорлик кўшкида тунлар ҳам ёлғон.

Субҳидам кўксидан гул терар мужгон,

Тонгларни севмоқни сендан ўргандим.

Саҳролар бағрида кезганда кўнгил,

Саҳройи дилимда бир гул унди. Гул!

Дединг сен: "Бу гулга ҳаётни сунгил...”

Баҳордай гуллашни сендан ўргандим.

Кўзимга тор келиб турса-да олам,

Дастим етмаганда эзгуларга ҳам.

Сабр-у матонатни ўзда этиб жам,

Кенгликни, онажон, сендан ўргандим.

Жоним тиғ устида ҳалак бўлган дам,

Тўлғоқлар тишларим тўкиб қўйган дам.

Болам, деб жонимдан кечиб турган дам,

Ҳаётга қайтмоқни сендан ўргандим.

Дунё бир айланиб келганда, ҳатто,

Бор тирик мавжудот ўзгарса, ҳатто.

Биламан! Шунда ҳам бўлмайди хато,

Болам, деб дунёни қучмоқ ирсият,

Аёлни тарк этмас шу улуғ ният!

Қарздорлик

Онажонимнинг дугоналари кўп эди: Тожигул, Ойша, Тўлғон, Ўрол, Малика, Ҳайитбика, Ақлжон, Бибисора, Бикажон... Уларни санасам, адашиб кетаман. Уларнинг барчаси колхоз ишига бирга бориб, бирга келишарди. Дугоналарининг барчаси серфарзанд эдилар. Ҳатто Тўлғон дугонасининг 10 нафар ўғил-қизи бўлиб, бу жафокаш аёл эридан 30 ёшнинг нари-берисида бева қолганди.

Онажонимнинг дугоналари. Уларнинг барчалари фидойи, меҳнаткаш, рўзғор ташвишлари бўйларидан баланд аёллар эдилар. Тез-тез йиғилишиб, борди-келдилар қилиб туришганлари учун бир-бирларининг оилалари ҳақида биз ҳам яхшигина тасаввурга эга эдик. Улардан биронтаси касал бўлиб қолишса, барча дугоналар жамлашиб, кўргани боришарди. Тўй-маъракалар ташвишлари ҳам ўртада – дугоналар жам бўлишиб, тўй нонларини ёпишардилар, бўғирсоқ ва қатламалар пиширишарди. Тўйга атаб янги кўрпа-тўшаклар, ёстиғ-у кўрпачалар қавишарди.

Эсимда: мен Тошкентга, ўқишга кетадиган бўлдим. Уйимизга онажонимнинг дугоналари йиғилиб келишди. Онам палов дамладилар, аёллар дастурхон тузадилар. Кетар чоғимда менга оқ фотиҳалар қилишди. Барчалари қўлимга 5-10 сўм (ўша пайтда бу катта пул эди) пул, банкага жойланган тухум, сўйиб, тозаланган товуқ гўшти, мева-чева тутқазишди. Қўшнимиз Малика чеча эса катта-катта икки қовун кўтариб келибди.

– Ўзимизники, биринчи пишган гурвак, олиб кет, - дейди-да рўмоли учини тишлаб, қўшиб қўяди. – катта одам бўлганингда эслаб турарсан.

Эслаш... Ахир унутиладиган ҳолатлар, воқеалар, одамлар бот-бот эсланади-ку! Мен сизларни қандоқ унутайин, Онажонларим! Онажоним билан бўйлашган, бирга сирлашган, ҳаётнинг ширин-аччиқ синовлари қошида қадларини букмай тик туришган меҳрибон, мунис чеҳраларни унутмоқ осонми? Ахир ана шу меҳрибонларим билан боғлиқ умрим лаҳзаларида онажонимнинг мардона қадам товушлари, бардоши чўнг юрак туғёнлари қолган-ку! Бу мунис чеҳраларда Онажонимгагина ўхшаш гўзаллик бор, меҳр-муҳаббатга йўғрилган самимият бор, оддийлик, соддалик, ҳокисорлик, ҳалоллик бор! Мени, менинг "мен”имни улғайтирган куч-қудрат ҳоким бу чеҳраларда. Эслаш... Йўқ, мен бу чеҳралар – Онажонлар чеҳраларини бот-бот эслаб туриш учун кўзларим қароғига чизганим йўқ, балки уларни жонимда асраб олиб юриш учун юрагимга жо этдим. Ва бир умр Онажонлар қаршисида бош эгиб тургувчи қарздор Дил бўлдим. Зотан, онажонларимиз ҳақини адо этмоқнинг уддасидан ҳеч бир зот чиқа билмаган ва бу душвордир.

АДОЛАТ ИЗЛАГАН ОНАМ

"Олти милён” деган бало дориган,

Дамлар букиб кетди адл тизларни.

Кўрдим. Жўякларда кўзи ёриган,

Оналар зоридан қолган изларни.

Унутмоқ осондир одамни одам,

Кўнгиллар тош қотиб, кўнгиллар музлаб...

Йиллар саҳросида баҳорий олам –

Оналар ёдини урмайди кузак...

Онам-ай, юраги қон бўлган онам,

Урушнинг заҳридан яраланган дил.

Устидан самолёт заҳар сочса ҳам,

"Нега?” деган сўзни айтолмаган тил.

"Қазувга-а-а!” – тонг билан чорласа биргад1

Эркаклар билан тенг юмушга шошган.

Тўнгларни2кўчириб қабатма-қабат,

"Норма”, деб ўзини мутлақ унутган.

Ўша йиллар... Лаънати ўша йилларда,

Қиш қирови урди гулгун юзини.

Колхоз юмушига элтар йўлларда,

Ичига ютди у айтар сўзини.

Бир куни ичини

Куйдирган тутун,

Оловга айланиб,

ёндирди кўзин.

Ойнаи жаҳонда

Московлик хотун,

Ёқиб, шодон кулди

Ўзбекнинг газин.

________________________________________________________________

1 биргад – шева, бригадир маъносида.

2 тўнг – шева, музлаган, муз қотган ер.

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш