"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

ЎЗБЕКИСТОН ФЕРМЕРЛАРИ КЕНГАШИНИНГ МАМЛАКАТИМИЗ ФЕРМЕРЛАРИГА ҒАЛЛА ПАРВАРИШИГА АЛОҲИДА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШ ҲАМДА МЎЛ ҲОСИЛ ЕТИШТИРИШ БЎЙИЧА МУРОЖААТИ

10-ноябрь 2016 йил, 12:38. Ўқилди: 824 марта

Ҳурматли фермерлар!

Азиз ҳамкасблар!

Асрлар давомида ота-боболаримиз авайлаб-асраб келган муқаддас еримиз, она тупроғимиз, азиз ва жона-жон юртимизга эгалик қилиш, уни кўз қорачиғидек асраш, ўзимиздан сўнг фарзандларимизга кучли, унумли, ҳосилдор ва экологик тоза тупроқ, озод, обод ва жаннатмонанд ватан қолдириш зиммамиздаги энг масъулиятли ва ўта муҳим вазифамиздир.

Бу гапларимиз чиройли ўхшатиш эмас, балки юрак-юракдан отилиб чиқаётган қалб амри, виждон даъвати. Чунки, Сиздек, матонатли, лафзи ҳалол, ўз халқи учун ҳар ишга кўксини қалқон, қалбини малҳам қиладиган азамат фермерлар дунёда йўқ.

Келажак авлодлар фаровонлиги йўлида улкан ишларга, аниқ режаларга қўл урилаётган юртимизда, энг аввало ҳукуматимиз раҳбарининг азму-шижоати, кучли ва доноларча сиёсати, барча соҳаларда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Энг асосийси, бу жараёнлар юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва халқ фаровонлигига хизмат қилаётгани эса, фарзандларимизнинг эртанги куни учун тўла кафолатдир.

Шундай экан, сизнинг бугунги саъй-ҳаракатларингиз, куйди-пишди югуришларингиз, табиат ўз инжиқликларининг барча кўринишларини намоён қилаётган бир пайтда ўз оромингиздан кечиб, далангиз қошида экинларингиз атрофида пешона тери тўкишингиз замирида ҳам фарзандларимиз бахт-иқболи, фаровон ва тинч-осойишта ҳаёти муҳрланаётганлиги айни ҳақиқат.

Азиз дўстлар!

Сизларнинг беминнат меҳнатларингиз самараси ўлароқ, сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари дунёдаги кўплаб ривожланган давлатлардаги кўрсаткичлардан юқори бўлмоқда. Бу ўз навбатида Ўзбекистонда аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, юртимизни, маҳаллаларимизни, ён-атрофимизни обод қилиш, меҳнатга лаёқатли кишиларни, айниқса ёшларни иш ўринлари билан таъминлаш, бозорларимиз тўкинлигини, оилаларимиз фаровонлигини таъминлаш имконини бермоқда.

Шукурким, давлатимизнинг узоқни олдиндан кўра олиб юритаётган дона сиёсати дунё ҳамжамияти олдида қудратимизни янада оширмоқда.

Бири-бирини тўлдириб, мустаҳкамлаб бораётган қарорлар, фармонлар сабаб, ўз меҳнат фаолиятингизни янада эркинлаштириб, янада мукаммаллаштириб бораётганингиз боис, бутун дунёга хавф солиб турган озиқ-овқат тақчиллиги мамлакатимизни четлаб ўтмоқда.

Сизлар бугун мамлакатимиз тараққиётининг локомотивисиз!

Ортингиздан иқтисодиётимизнинг барқарорлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, маҳаллий ва хорижий бозорлар тўкинлиги, аҳоли фаровонлиги каби қудратли эшелонни дадил эргаштиринг!

Бунда сизга ҳар бир қарич ердан омилкорлик ва тадбиркорлик билан фойдаланиш, ҳар бир унган гиёҳдан даромад олиш, маҳсулотларингизни сифатли, экологик тоза, дунё стандартларига хос ва мос етиштириш мактабингиз қўл келади.

Азиз фермерлар, ҳамкасблар!

Мамлакатимиз ўз олдига мақсад қилиб қўяётган ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаш вазифасини озиқ-овқат маҳсулотларини кўплаб етиштириш ва дунё бозорини эгаллаш каби муҳим масалани ҳал қилмасдан туриб амалга ошириш мумкин эмаслигини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Айниқса омборларимизни халқимизнинг ризқу насибаси бўлган дон маҳсулотлари билан, ички истеъмол бозорини йил давомида сабзавотлар, картошка, мева ва полиз маҳсулотлари билан барқарор тўлдириш, ташқи бозорларда харидоргир ва рақобатбардош бўлган ҳўл мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш, мамлакатимиз қайта ишлаш корхоналарини хомашё ресурслари билан мунтазам таъминлаш, бунинг учун ғалладан мўл-кўл ҳосил олиш бугунги куннинг энг долзарб масаласидир.

Ҳурматли фермерлар!

Юртимизда ғалла майдонларидан унумли фойдаланиб, ҳосилдорликни ошириш борасида барча имкониятлар яратилган.

Ушбу имкониятлардан тез ва тўла фойдаланинг!

2017 йил ғалла майдонларидан тўлиқ кўчатлар ундириб олиб, халқимиз дастурхонини мазали ва тўйимли нон ва нон маҳсулотларига тўлдиринг.

Ғалладан юқори ҳосил олишнинг бош омили ўз муддатида экиш, пешма-пеш суғориш, тўлиқ гектарлар яратиш ва ғалла ниҳолларини бир текисда тўлиқ ундириб олиш каби агортехник тадбирлар эканлигини зинҳор унутманг!

Ғаллани қишнинг қаҳратон совуқ кунларидан талафотсиз олиб чиқиш учун бугундан бошлаб меҳр билан парваришлаб ҳар бир майсанинг 3-4 тадан туплашига эришинг. Бунинг учун, ҳар бир ғалла экилган майдонда шарбат ўраларини тайёрлаш ҳамда гектарига 7-8 тоннадан маҳаллий ўғитларни жамғаришни, суғоришни шарбат усулида ташкил этишни муҳим вазифа қилиб олдингизга белгилаб олинг!

Деҳқончиликнинг қадрига етган кишилар сувни "зар”, сувчини эса "заргар” дейдилар. Мана шу ўгитларга амал қилган ҳолда азиз сувчиларимизга озиқ-овқат, меҳнат ҳақи ҳамда ишлаши учун қулай шароитлар яратиб, ғалла майдонларини пешма-пеш сифатли суғоришга эришинг!

Ғалла майсаларини тўлиқ ундириб олиб, туплаган ҳолда қишловга киритган ҳолда янги йилда ғалла хирмонини янада юксалтиринг!

Ғалла экилган майдонларни пайхон қилишдан асраш учун атрофини четанлар билан ўранг!

Муқаддас тупроғимизнинг ҳолатини тоза сақланг!

Ҳурматли ҳамкасблар!

Бизнинг маънавияти юксак ва демократик жамиятнинг фаол аъзолари бўлган фермерларимиз ўта муҳим вазифа саналган сифатли, экологик тоза ва витаминларга бой қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш, ишга ҳалол, виждонан ёндошиб, ерга доимий равишда ишлов бериб, келажак авлодга соғлом, серунум ва серҳосил ер қолдириш каби вазифаларимизга сидқидилдан ёндошиб, зиммангиздаги вазифангизни ортиғи билан уддалашингизга ишонамиз.

Чунки сиз яхши биласиз, юртимизда бошланган қизғин тадбирлар замирида, нафақат сизларнинг, балки бутун мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти, куч-қудрати ва аҳолимизнинг фаровон ҳаёти, осуда турмуши ётибди.

Ўзимизнинг шахсий мулкимиз, бойлигимиз бўлган ерга муносабатимизни яна бир бор тубдан ўзгартирган ҳолда, унда униб чиқаётган қут-барака манбаини улар то ҳосилга кириб, туз-насибамизга етгунга қадар бўлган давргача боламиздек асраб-авайлайлик, кўз қорачиғидек сақлаб, бағримизга олайлик.

Етиштирилаётган экинларимиз бағрида ўзимизнинг, фарзандларимизнинг ҳаттоки, невара-чевараларимизнинг соғлом турмуш тарзи, келажак иқболи, порлоқ келажагию, юксак дунёқараши унмоқда. Буни биз барчамиз юксак маънавият билан англаб етганмиз ва савияси баланд фермерлар сифатида ўз фаолиятимизга татбиқ этаяпмиз. Ана шу фидокорликни янада юксалтириб, энг юқори чўққига кўтаришга эришинг!

Айниқса, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларга эга, ҳаётга янгича қарайдиган, қадриятлармизга, миллий маънавиятимизга ёт тушунчалардан озод бўлиб вояга етаётган, ўз фикри ва қарашларига эга бўлган навқирон ёшларимиз ҳаётга ишонч билан кириб келмоқда, жамиятимиздан мустаҳкам ўрин олмоқда ва мамлакатимизнинг тараққиёти йўлида ҳал қилувчи кучга айланмоқда.

Сиз ҳам юқори ҳосил эвазига эришган миллионлар эвазига янада юксалинг, хўжалигингизга қўшимча инвестиция киритинг ва янада бой-бадавлат бўлинг!

Азиз фермерлар, дала соҳиблари!

Бугундан бошлаб ғалла парваришида долзарб бир ойлик эълон қилинг!

Униб чиқаётган кўк майсаларнинг нобуд бўлишига йўл қўйманг! Ўзингизнинг йиллар давомида тўплаган улкан тажрибангизни ишга солинг ва экинлар парваришида бор куч ва имкониятларингизни сарфланг!

Бугун ўз соҳасининг ҳақиқий усталари бўлган фермерларимиз фаолиятига дунё тан бермоқда. Энг ривожланган давлатлардан келган мутахассислар фермерларимиздан иш ўрганмоқда. Бу ҳам қадим деҳқончилигимизнинг юксак маданиятидан дарак.

Барча имкониятларингизни ишга солиб, 2017 йил қишлоқ хўжалигида энг юқори натижаларга эришиш учун пухта замин яратинг!

Шу кунгача тўплаган бой тажрибаларингиздан кенг фойдаланинг!

Олимларимиз маслаҳатига қулоқ тутинг!

Ушбу хайрли ишда барчангизга соғлик-саломатлик, куч-қудрат, қут-барака ва ҳосилингизга ҳосил қўшилишини Яратгандан сўраб қоламиз!

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш