"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

Илғор теримчилар рағбатлантирилди

20-октябрь 2016 йил, 14:06. Ўқилди: 1550 марта

Айни пайтда жаннатмонанд диёримизда қут-барака фасли, пишиқчилик мавсуми. Бошқача айтганда, ғалвирни сувдан кўтарадиган палла. Деҳқонларимиз йил давомида қилган меҳнатининг самарасини йиғиб, даромадларини сарҳисоб қилмоқда. Юртимиз далаларида пахта йиғим-терими қизғин давом этмоқда. Ҳосилнинг ҳар бир толасини эҳтиётлаб, нест-нобуд қилмай териб олиш уларни янада масъулият билан ишлашга ундаётир. Эл хизматига камарбаста, юрт фаровонлиги йўлида чинакам фидойилик намунасини кўрсатишга қодир пахтакорлар доимий равишда моддий ва маънавий рағбатлантириб келинмоқда. Ана шундай азму шижоатли, меҳнаткаш деҳқонлари бор эл эса асло кам бўлмайди.

Уларнинг фидойилиги натижасида амударёлик пахтакорлар жорий йилда ҳар йилги  анъанага содиқ қолган ҳолда жорий йилда ҳам давлатга пахта сотиш режасини мамлакатимизда биринчилардан бўлиб адо этдилар.

Бунёд этилган 40 минг тоннадан ортиқ улкан пахта хирмони туманимиз меҳ-наткашларининг  мустаҳкам оғзибирчилиги, ҳамжиҳатлиги, эзгу мақсад йўлида бирдамлиги самараси, десак хато бўлмайди. Чунки йиғим-терим мавсумида  ҳар бир корхона, ташкилот муассаса ходимлари пахтакорларга елкадош бўлишди. Айниқса, тиббиёт ходимлари, умумтаълим мактаблари ўқитувчилари умумхалқ ҳаракатига айланган пахта теримида ғайрат-шижоат кўрсатишди.

Яқинда туманимиз ҳокими Султонбой Йўлдошев  йиғим-теримда фаол қатнашиб, энг кўп пахта терган ходимларини совғалар билан тақдирлади.

Дарҳақиқат, юртимизда деҳқон меҳнатини қадрлаш ва рағбатлантириш, ерга, мулкка нисбатан чинакам эгалик ва манфаатдорлик ҳиссини қарор топтириш йўлида изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида деҳқон жамиятимизда муносиб мавқега эга бўлди. Унинг ерга, меҳнатга, ҳаётга муносабати ўзгарди. Ўз даласи, ерининг нафасини сезадиган, шунинг баробарида, унга меъёрида сув тараб, ўғит берадиган бўлди. Бугунги фермер омилкор. Кам харажат қилиб, кўп даромад олишга интилади. Давлатимиз томонидан фермерлик ҳаракати ривожи йўлида қатор имтиёзлар яратилгани, фермер хўжаликлари майдонларини оптималлаштириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, эртапишар ва серҳосил навлар яратиш, ғўза навларини ҳар бир ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитига, сув билан таъминланиш даражасига қараб жойлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилгани, янги техника, минерал ўғитлар, сифатли уруғлик, ёқилғи-мойлаш материалларининг фермер хўжаликларига ўз вақтида етказиб берилгани ҳам пахтачилик соҳасида эришилаётган юксак марраларнинг муҳим омилларидандир.

Пахта йиғим-теримида фаол иштирок этаётган ҳашарчи ва пудратчиларни рағбатлантиришга бағишланган тадбирлар эса давом этмоқда.

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш