"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

МУСТАҲКАМ ҲАМЖИҲАТЛИК НАТИЖАСИ

06-октябрь 2016 йил, 18:42. Ўқилди: 1161 марта

Алижон Нурмонов, Қуйи Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси қошидаги Қорақалпоғистон гидрогеолого – мелиоратив экспедицияси Амударё мелиоратив тизими бошлиғи:

- Туманимиз пахтакорларининг жорий йилимиз учун белгиланган давлатга пахта сотиш режасини ортиғи билан адо этганликлари тўғрисидаги хушхабар бизнинг меҳнат жамоамизни ҳам қувончга белади. Чунки эришилган ғалабада бизнинг ҳам ҳиссамиз улкан.

Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшиламай туриб, ундан кўзланганидай ҳосил олишнинг иложи йўқ. Шуни инобатга олган ҳолда кейинги йилларда туманимиз ҳудудидаги экин майдонларининг тупроқ унумдорлигини ошириш борасида муттасил равишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўзида биринчи босқичда Қиличбой коллекторининг 12 километри реконструкция қилиниши натижасида 1520 гектарэкин майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланди.

Шунингдек, Холимбег, Қиличбой ҳудудида 34 километрдан зиёд, Хоразм вилояти билан чегара ҳудудда 62 километрга яқин коллектор ва захкашларда тиклаш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Иккинчи босқичда "Шўрёп” СИУга қарашли ҳудудда 90 километрдан зиёд коллекторларда тиклаш-таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги туфайли 3000 гектарернинг  унумдорлиги ортишига замин яратилди.

Туманимиз пахтакорлари бунёд этган юксак пахта хирмонида амалга  оширилган бу тадбирларнинг ҳиссаси катта.

Музаффар Эшчонов, туман Ўсимликларни ҳимоя қилиш отряди бошлиғи:

- Туманимиз пахтакорларининг эришган улкан ютуғи барча қатори бизнинг меҳнат жамоамизни ҳам севинтирди. Чунки биз ҳам йил  бошидан бери деҳқонларимизнинг  улкан пахта хирмони бунёд этишдек эзгу мақсадининг амалга ошиши учун ҳамжиҳатликда меҳнат қилдик.

Маълумки, ғўза ниҳолларини биологик ҳимоя қилиш кимёвий препаратлардан фойдаланишдан кўра арзон ва зарарсиздир. Кейинги йилларда қишлоқ хўжалик экинларини турли зараркунандалардан ҳимоя қилишда фақат биологик усулдан фойдаланилаяпти.

Жорий йилда бизнинг биолабораторияларимизда пахтачилик учун режадаги 39 млн. 675 000 дона ўрнига 39 млн. 883 800 дона олтинкўз, 127 600 грамм ўрнига 127 620 граммтрихограмма, 47 млн. 850 000 дона ўрнига 47 млн. 863 400 дона бракон етиштирилди. Натижада ғўза ниҳоллари зараркунандалардан ишончли ҳимоя қилинди.

Жамоамиз аъзолари етиштирилган ҳосилни йиғиб-териб олишда ҳам пахтакорларга мавсум давомида кўмакдош бўлишмоқда. Яратилган хирмонда ҳиссамиз борлигидан фахрланамиз.

Янгибой Ешмуратов, "Амударё - Агромаштранс МТП” МЧЖ раиси:

- Бир вақтлар Ўзбекистон шароитига мос пахтанинг эртапишар навлари бўлмагач,  йиғим-терим мавсуми қиш ойларигача чўзилар, катта-ю кичик теримга  жалб этилиб, мавсум тугагунча халқнинг тинкаси қуриб қоларди. Илм-фан ютуқлари соҳага жалб қилиниши туфайли ҳозирги кунда пахтанинг эртапишар навлари экилиб, ҳосил йиғим-терими кузнинг  илиқ кунларидаёқ ниҳоясига етказилмоқда. Пахта терими энди машаққатли меҳнат эмас, балки завқли, эл-юрт бирлашиб, эзгу ният йўлида қилинадиган байрамона саъй-ҳаракатга айланди. Терилган пахталар  дала бошида ўлчаб олиниб, қабул пунктларига жўнатилади. Теримда қатнашаётганларга иссиқ овқат ташкил қилиниб, унумли ишлашларига шароит яратилмоқда.

Пахтазорларимизда бугунгидай мўл ҳосил етиштирилишида, кўзланган режанинг барвақт адо этилишида бизнинг  меҳнат жамоамизнинг ҳам муносиб ўрни бор. Эрта баҳорда ерларни сифатли ҳайдаб, экишга тайёрлашдан то йиғиштириб олинган ҳосилни қабул пунктларига  ташишда ҳам бизнинг техникаларимиз деҳқонларга қўл-қанот бўлмоқда. Экиш мавсумида 1715 гектар ер сифатли ҳайдалди, то шу кунга қадар фермер хўжаликларининг техникалари учун зарур эҳтиёт қисмлар етказиб берилди, айни кунда ҳам саккизта транспорт тракторларимиз териб олинган пахтани қабул пунктларига ташишда яқиндан ёрдам бераяпти.

Бирлашган ўзар, деганларидай туманимиз халқининг мустаҳкам  ҳамжиҳатлиги натижасида бугунги улкан 32840 тонналик хирмон яратилди. Далаларда халқимизнинг ризқини яратаётган пахтакорларимизни, уларга кўмакдош бўлган барча ҳашарчиларни бугунги ғалаба билан қутлайман!

Ҳамро Матёқубов, туман ИИБ ЁХБ бошлиғи, майор:

- Йиғим-терим даврида ёнғин ҳавфининг олдини олиш алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, пахта – бизнинг миллий бойлигимиз, ифтихоримиз ҳисобланади. Шунинг учун уни асрашга барча шарт-шароитларни ишга солиб, ёнғин чиқишининг олдини олишга ҳаракат қилаяпмиз. Пахта ҳосилини пахта қабул қилиш пунктларига элтишда алоҳида эътибор ва масъулият зарур. Трактор тиркамаларига ортилган пахта устига албатта шолча ёки брезент ёпилиши назорат қилинмоқда. Пахта қабул қилиш пунктларида ва пахта далаларида чекиш, очиқ оловдан фойдаланиш ҳамда пахта ҳосилини йўл четларида қуритиш қатъиян ман қилиниши соҳа ходимларига тушунтирилмоқда.

Туманимиздаги "Амударё пахта тозалаш” акциядорлик жамияти ҳамда унга қарашли пахта қабул қилиш шохобчаларида пахта ҳосилини қабул қилишга тайёргарлик билан бир қаторда ёнғиннинг олдини олиш  ишлари пухта олиб борилди. Жамият ва унга қарашли шохобчалар ёнғинга қарши бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланди. "Пахта-2016” йиғим-терим мавсумига ёрдамга келган ҳашарчиларнинг яшаш жойларида ёнғин хавфсизлиги чоралари кўрилди.

Ҳозирги кунда юқоридаги тартиб-қоидалар тўғрисида суҳбатлар ўтказилиб, йўриқномалар ва кўрсатмалар берилмоқда. Пахта қабул қилиш шохобчаларида кўнгилли ёнғин ўчириш гуруҳлари тузилиб, гуруҳ аъзоларига тегишли вазифалар юклатилди.

Бизнинг мақсадимиз деҳқонларимизнинг пешона  тери, машаққатли меҳнатлари туфайли етиштирилган ва йиғиштириб олинган пахтани ёнғиндан асрашдир.

Суҳбатдош Ойгул РАЖАБОВА.

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш