"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

ҲАМЖИҲАТЛИК – ЮТУҚЛАР ОМИЛИ

07-октябрь 2016 йил, 10:41. Ўқилди: 2082 марта

Ҳамжиҳатлик бор жойда ҳамиша ўсиш, ривожланиш бор. Буни мен ўзим раҳбарлик қилаётган "Қиличбой” ММТП мисолида кўп бора синаб кўрганман.

Ўзбекистонда фермерлик ҳаракати бошланган илк йиллардан то шу кунга қадар хўжалигимизнинг ҳар бир аъзосида ана шу хислат устунлиги боис, ишда, айниқса деҳқончилик соҳасида бирон бир иш ўлда-жўлда бўлиб қолганлигини эслай олмайман. 43 та фермер хўжалигини бирлаштирган ММТПда пахта экишдан тортиб, ҳосилни йиғиб-териб олгунгача бўлган даврда ҳар бир фермер бир-бирини қўллаб-қувватлаб, бирида йўқни бири бор қилиб, қўлни-қўлга бериб ишлашганлари боис, айниқса, техника масаласида муаммо бўлмади. Сурим пайтими, ғўза қатор ораларига ишлов беришми, техника билан бажариладиган барча ишлар ҳамжиҳатликда олиб борилди. Таъмирталаб техникалар ММТП устахонасида тез ва сифатли таъмирланиб, ишчи ҳолатга келгунича, фермерларимиз техникаси таъмирда бўлганларнинг даласига ўз техникаларини тушириб, ёрдам беришди. Натижада ишда узилиш бўлмади. Чигит экиш ва ғўзага ишлов бериш даврида ММТП устахонасида уч сменали иш ташкил этилди. Таъмирчи-усталар ва чилангарлар учун яхши иш шароити яратиб бердик. Баҳорги экишга тайёргарлик жараёнидан то етиштирилган ҳосилни йиғиб-териб олгунгача бўлган даврда ММТП устахонасида иш суръати умуман пасаймади.

Аниқ ва пухта режа асосида юритилган иш ўз самарасини берди. Фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳам, механизаторлари ҳам техника ва эҳтиёт қисмлар етишмаслиги масаласида қийналмадилар. Натижа эса кутилганидан зиёда бўлди. Қиличбой ММТП тасарруфидаги фермер хўжаликлари юксак ютуқларни қўлга киритдилар. 43 та фермер хўжаликларининг барчаси зиммаларидаги шартнома-режасини ошириб адо этдилар. Улар томонидан давлат хазинасига 4 минг тоннадан ортиқ "оқ олтин” топширилди.

Фурсатдан фойдаланиб, барча пахтакорларни меҳнат зафари билан табриклайман!

Абдуқодир ТИЛОВМУРОДОВ,

Қиличбой ММТП раиси, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими.

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш