"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

ПАХТАКОРЛАРГА ҚЎЛ-ҚАНОТ БЎЛИБ

06-октябрь 2016 йил, 11:39. Ўқилди: 1716 марта

Пахта – миллий бойлигимиз, ғурур ва ифтихоримиз. Халқимиз фаровонлигини, озод ва обод турмушини таъминлашга хизмат қилувчи кафолатли бюджет манбаи. Шунинг учун ҳам пахтачилик соҳасини ривожлантириш, ҳосилдорлигини ошириш, тола сифатини жаҳон талаблари даражасига етказиш, деҳқонларимизнинг пешона тери эвазига етиштирилган "оқ олтин” ҳосилини сифатли йиғиб-териб  олиш нафақат  пахтакор деҳқоннинг, балки бевосита соҳа ривожига дахлдор хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ходимларининг  ҳам зиммасидаги масъулиятли вазифадир. Пахтани экишга тайёрлашдан тортиб, уни дахлсиз сақлаш, қайта ишлаш саноати корхоналарига жўнатишгача бўлган узвий иш жарёнида ўнлаб корхоналарнинг ходимлари тинимсиз фаолият олиб боришади.

Туманимизнинг юксак "оқ олтин” хирмонини бунёд этишга муносиб ҳиссаларини қўшган корхона ва ташкилотларнинг раҳбарлари билан суҳбатимиз айнан шу ҳақда, туманда пахтачиликни янада ривожлантириш, юқори ҳосил олиш ва сифатли йиғиб-териб олиш омиллари хусусида бўлди.

Улуғбек Ибрагимов, туман пахта уруғчилик лабораторияси мудири: - Аввало бутун туманимиз халқини эришилган юксак ғалаба – етакчи тармоқ бўлган пахта етиштириш бўйича белгиланган шартномавий режанинг бажарилиши билан табриклайман.

Деҳқончиликда бир қоида бор – танлаган уруғинг сара бўлса, хирмонинг баланд бўлади. Яхши уруғ танланмаса, қанча куч сарфлаган билан кўзланган натижага эришиш қийин, жуда қийин.

Шунинг учун ҳам туманимизда келгуси йил ҳосили учун тайёргарлик ҳозирдан бошланади. Эрта баҳорда уруғчилик учун экилган майдондаги ғўза ниҳоллари алоҳида эътибор билан парваришланади. Уруғлик чигит олиш учун мўлжаллаб экилган ғўза ниҳоллари, аввало чанқаб қолмаслиги ёки сувбосди бўлмаслиги талаб этилади. Ҳар икки ҳолатда ҳам уруғ сифатига салбий таъсир кузатилиши мумкин.

Шунинг учун бизнинг ишимизда сифат энг муҳим омил саналади. Яхши етилган кўсаклар табиий очилиши керак. Биз дефолиация қилинган майдонлардан терилган ҳосилдан янаги йил ҳосили учун асло уруғлик тайёрламаймиз. Уруғлик чигит учун фақат биринчи терим палласида, аъло навли пахта танланади.

Бу йилги ҳосил учун ғўзанинг "Султон” ва "С-4727”, шунингдек, янги "Бухоро-8”ва "Бухоро-102”навларидан уруғлик  тайёрланди. Ўтган 2015 йилги пахта йиғим-терими мавсумида сифатли териб олинган ҳосилдан энг сара чигит ажратиб олиниб, ўз вақтида ишлов берилди ва талаблар даражасида сифатли сақланди. Натижада чигит экиш даврида пахтакорларимиз учун бу борада муаммо туғилмади. Фермер хўжаликлари билан тузилган шартномага мувофиқ туманимиз пахтакорлари учун 1230 тонна уруғлик чигит ўз вақтида етказиб берилди. Натижа эса кутилганидан ҳам зиёда бўлди. Туманимиз далаларида мўл ҳосил етиштирилди. Уруғлик учун танланган "Султон” навли пахта уруғи ўзининг эртапишарлиги ва серҳосиллиги, тола сифатининг юқорилиги билан деҳқонларимизга манзур бўлди. Албатта, буларнинг барчаси тинимсиз фидойи меҳнатнинг самарасидир.

Бахтиёр Давеков "Манғит-Назархон” ирригация тизими бошлиғи: - Биз деҳқончилик маданияти ҳақида кўп гапирамиз. Лекин жуда кўпчилик ҳолатларда айнан деҳқончилик маданиятига амал қилиш борасидаги хатоларга дуч келамиз. Айниқса, сувдан фойдаланиш масаласида. Модомики, сув йўллари ва сувдан тўғри фойдаланилмас экан, деҳқончиликда кўзланган натижага эришиш қийин. Буни моҳир деҳқонларимиз жуда яхши билишади. Шунинг учун ҳам ота-боболаримиз: "Сувнинг ортиғи ҳам, кам бўлиши ҳам экинни қуритади, ҳар қандай ҳолатда ҳам меъёрни бил” – дейишган.

Мазкур қишлоқ хўжалик йилида ирригация тизими тасарруфидаги марказий сув йўлларидан фойдаланишда қатъий тартибга амал қилинди. Аввало 296 км. узунликдаги хўжаликлараро ва 1342 км. узунликдаги ички хўжалик сув йўлларидан фойдаланувчи фермер хўжаликлари билан тузилган шартномага мувофиқ ерларнинг  шўрини ювишдан тортиб, ғўзаларга сув тарашгача бўлган даврда ҳар бир фермер хўжалиги учун зарур бўладиган кунлик, ҳафталик ва ойлик сув сарфи ҳисоблаб чиқилиб, ҳудудлардаги аҳоли томорқаларини ҳам инобатга олган ҳолда лимитлар берилди. Сувнинг беҳуда сарфланишига йўл қўйилмади. Бунинг учун марказий ва ички сув йўлларида сув сарфининг қатъий назоратга олингани эса минглаб кубометр оби-ҳаёт манбаини тежаш имконини берди. 3560 нафар ходимлар сув сарфини доимий назоратда ушлаб турдилар. Натижада пахтани суғориш пайтида сув етишмаслиги билан боғлиқ муаммо юз бермади. Деҳқонларимиз уйган 32840 тонналик улкан "оқ олтин” хирмонининг бунёд  бўлишига озми-кўпми ҳисса қўшганимиз, пахтакорларимизга мададкор бўлганимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Хирмонларингиз янада сарбаланд бўлсин, азиз бободеҳқонлар, деймиз.

Махсетбой Матмуротов,  "Амударё агротехсервис МТП” МЧЖ раиси: - Бугунги қишлоқ хўжалик экинлари ривожини техникасиз тасаввур этиш қийин, албатта. Айниқса, миллий ғуруримиз ва бебаҳо бойлигимиз бўлган пахтачиликда техника – деҳқоннинг қўл-қаноти.

Корхонамиз йил давомида 16 та қишлоқ хўжалик техникалари билан жами 400 млн. сўмликка яқин техника хизмати кўрсатиб, бу борадаги режасини ортиғи билан уддалади.

Фурсатдан фойдаланиб, туманимиз халқини, барча деҳқонлари, фермер хўжаликлари раҳбарларини давлатга пахта топшириш йиллик шартномавий режаларини бажарганлари билан қизғин табриклайман!

Наримон Собиров, "Элликқалъа нефть база”си УК Қоратов филиали директори: – Бизнинг корхонамиз ҳам йил бошиданоқ ўз зиммасидаги шартнома-мажбуриятларини аниқ  ва пухта режа асосида бажариб келмоқда. Хусусан, фермер хўжаликларига 3110 тонна дизель ёнилғиси, 65 тонна бошқа ёнилғи-мойлаш материаллари етказиб берилди. Пахта йиғим-терими мавсуми даврида техникаларнинг бетўхтов  ишлашини таъминлаш мақсадида қўшимча заҳира  ҳам жамғариб қўйилгани боис, дизель ёнилғиси ва бошқа ёнилғи-мойлаш материаллари тақчиллиги билан боғлиқ муаммо юз бермади. Шунингдек, 7 жойда ташкил этилган шохобчалар кеча-кундуз тинимсиз ишлаб, 17 та ёнилғи ташиш агрегатларида кўчма хизматлар ташкил этилди.

Туманимиз пахтакорлари улуғвор "оқ олтин” хирмонини бунёд этишиб, юксак довондан ошдилар. 32840 тонна Амударё "оқ олтин” хирмони уйилди.

Олдинда эса забт этилмаган яна бир  довон турибди. Лафзи ҳалол деҳқонларимиз давлат омборига яна 12,5 минг тонна пахта етказиб бериш ва умумий "оқ олтин” хирмонини 45 минг тоннага етказиш учун қўшимча мажбурият қабул қилдилар. Биз навбатдаги юксак довонни забт этишга чоғланган пахтакорлар билан ҳамиша биргамиз!

 

Суҳбатдош

Робия ЙЎЛДОШЕВА. 

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш