"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8562.34 +26.26
  • 1 EUR = 9731.96 +165.00
  • 1 RUB = 135.34 +2.43

“ТИНЧЛИК УЧУН КУPАШИБ, НИЯТИМИЗГА ЕТДИК”

Инсон то ҳаёт экан, нафақат ўзи, балки оиласи, ён-атрофидагилар ва бутун жамиятга ўзини дахлдор, деб билади, юрт тинчлиги, осойишталиги ва фаровонлигига ҳисса қўшишдек эзгу ният билан яшайди.

Иккинчи жаҳон уруши бошланган вақтда ўзбекистонлик барча ишга яроқли эркакларни қўлига қурол олиб, Ватан ҳимояси учун, бутун инсониятни фашизм балосидан асраш учун ҳаёт-мамот жангларига киришга ундаган туйғу ҳам шу бўлса керак. Собиқ иттифоқ ҳудудига хиёнаткорона бостириб кирган душманлар билан бўлган жанглар беаёв, беомон бўлмади.

Орамизда ўша қирғинбарот урушдаги ғалабага муносиб ҳисса қўшиб келиб, мамлакатимизнинг бугунгидек тинч ва фаровон бўлишида ҳам хизмат қилиб, айни кунда давлатимизнинг, эл-юртнинг, оила аъзоларининг эътиборида, эъзозида яшаётган нуроний кексаларимизнинг  борлиги ҳар биримизни қувонтиради.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уларнинг хонадонида бўлиб, суҳбатлашдик.

 

Pажаб Казаков,  "Дўстлик” маҳалласидан:



- Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабага бу йил 71 йил бўлаяпти. Мен айни куч-ғайратга тўлган йигит ёшимда ҳаёт-мамот жангларида қатнашиб, ғалабага ўз ҳиссамни қўшдим. Баданимга теккан ўқ асоратлари туфайли 71 йилдан бери соғлиғимда муаммолар билан яшайман. Бироқ, афсусланмайман. Чунки кўплаб йўқотишлар эвазига бўлсада, душманни тор-мор қилиб, нафақат ўз Ватанимизни, балки бутун инсониятни фашизм балосидан асраб қолдик.

Мамлакатимизда уруш фахрийларига, кексаларга, меҳнат фронти фахрийларига кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиромлардан бошимиз кўкка етади. Ҳолимиздан доимо хабардор бўлиб, зарур пайтда ёрдамга шай турган тиббиёт ходимларидан ҳам чексиз миннатдормиз. Кексаларини азиз тутган, эъзозлаган юртимизга кўз тегмагай!

Собир НУPУЛЛАЕВ, Навоий номли маҳалладан:



- Мен урушга кетганимда 18 яшар йигит эдим. Pадиода бериладиган эшиттиришлар орқали уруш хабарларини эшитиб, юрагимизни ваҳм босиб борарди. 

Шундай таҳликали кунлар менинг кўнглимда тезроқ урушга борсам, душман  билан олишсам, деган ниятни тобора авж олдирарди. Бу ниятим 1942 йилнинг кўкламида амалга ошди. Олломберган Ўрозоқов, Собир Бобожонов, Давлатбой Бобожонов деган йигитлар билан Манғит туманидан чақирилган саф-саф йигитлар бирга йўлга тушдик. Ҳали ҳозиргача аниқ эслайман, ўша вақтда ҳеч кимнинг кўнглида қўрқув  ё ўз жонини асраш деган ўй йўқ эди, сидқидилдан душман  билан олишамиз, енгамиз деб ният қилган эдик. Ниятимизга етдик. Худога шукур, мана роҳатини кўриб яшаяпмиз.

Ҳар йили 9 май куни хонадонимизда байрам бўлиб кетади. Қариндошлар, қўшнилар, фарзандларим, невара, чевараларим, бутун эл қутлагани чиқади, доим ҳолимдан хабар  олиб туради. Уларнинг меҳридан, ғамхўрлигидан куч олиб, 93 ёшимда ҳам бардам, бақувват юрибман. Балиқ овлаш энг севимли машғулотим, яна велосипед ҳайдашни яхши кўраман. Велосипедда равон  кўчаларда сайр қилиш, бахтиёр одамлар билан саломлашиб, омонлик сўрашиш қандай яхши! Шу машғулотлар билан соғлигимни асрайман.

Pажаб ЭШМОНОВ,  "Холимбег” овулидан:




- Мен урушга 1942 йил 20 июнда Манғит бозори олдидан жўнаган эдим. Тумонат одам йиғилган. Шунда бир ҳарбийча кийинган  йигит олдинга чиқиб, чақирилувчиларнинг исм-фамилияларини ўқиди ва араваларга мининг, деди. Аравада Гурлангача, Гурландан пароходда Чоржўйга, кейин  поездда Саратовга бориб тушдик. Тўрт ойлик ҳарбий тайёргарликдан сўнг 1-Украина фронти таркибидаги қисмлардан бирига келиб тушдик ва жангга кирдик.

Жанг  манзараларини эслашнинг ўзи оғир. Лекин ҳеч ким нолимас, сувсадим, очқадим демас, фикру ёдимиз тупроғимиздан душманни ҳайдаб чиқаришда эди. Шу йилнинг  декабри охирларида бир куни уйқудан уйғонгандай бўлиб кўзимни очдим. Қарасам, жанг  майдони эмас, госпиталдаман. Шундагина оғир яраланганимни, бир неча  кун шу  ерда беҳуш ётганимни англадим. Жароҳатим оғир ва кўплиги сабабли шу ерда бир йил даволандим ва 1943 йил декабрнинг охирида уйимга қайтдим. Ярадор бўлиб қайтиб, душман билан ғалабагача олиша олмаганим кўнглимда армон бўлиб қайтгандим. Келиб, 17-сонли мактабнинг юқори синф ўқувчиларига бошланғич ҳарбий таълимдан дарс бердим, юртимиз ўғлонлари кўнглида Ватан ҳимояси учун қалқон бўлишдек муқаддас туйғуни тарбиялашга  ҳаракат қилдим. Кейинчалик хўжаликда зоотехник, бригада бошлиғи бўлиб ишладим. Худога шукур, бугунги дориломон кунларга етдик.

Pажаб Юсупов, Қиличбой овулидан:



- Мен урушга 1942 йилда кетиб, бир ярим йилча оловли сўқмоқларда кечган даврларимни эсласам, бугунгидай дориломон, тўкин-сочин, фаровон кунлар учун фахрдан кўнглим тўлиб кетади. Биз кўрган жабр, уқубатларни, урушни эндиги авлодлар кўрмагай, деб яратгандан тинимсиз тилайман. Илоҳим, энди бутун ер юзида тинчлик бўлсин!

Биз овулдош дўстлар Ҳайитбой Омонов, Болтабой Матирзаевлар урушга бирга отланганмиз. Худога шукур, урушдан омон элга қайтиш учовимизга ҳам насиб этди.

Мен 1943 йил охирида ярадор бўлиб қайтиб келдим. Келгач, яримжонман демай, собиқ М.Горький номли совхозда ишчи, табельчи бўлиб ишладим. Тўққиз ўғил, 2 қизнинг отаси  бўлдим. Ҳозир 60 дан зиёд невара, 20 дан зиёд чеварам бор. Атрофимда ота-ота, деб чуғурлашиб юрганларида уларнинг бахтиёрлигини, ғам-ташвишсиз яшаётганини кўриб, қувончим ичимга сиғмайди. Илоҳим юртимизнинг тинчлиги, осойишталиги боқий бўлсин, дейман!

Суҳбатни Ойгул PАЖАБОВА ёзиб олди.

Янгиликни бўлишинг: