"Жайхун садоси" радиосини тинглаб, мутолаа қилинг!

Янгиликборми?

ПАХТАКОРЛАРГА КЎМАКДОШМИЗ

03-октябрь 2015 йил, 08:08. Ўқилди: 2830 марта

Кейинги йилларда мамлакатимиз жаҳон пахта бозорининг асосий иштирокчисига айланиб бораётганлиги, юртимизда етиштирилган хомашёнинг мавқеи ошиб, харидорларни ўзига тобора кўп жалб қилаётганлиги ҳаммамизга равшан. Албатта, бундай ютуқлар аввало, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга улкан эътибор берилаётгани, сифатли тола берувчи, тезпишар ва иқлим шароитимизга мос янги навлар яратилиб, деҳқонларимизнинг йил-ўн икки ой далада ҳаловат билмай қилаётган фидойи меҳнатларининг натижасидир.

Куз - ҳар бир дақиқаси ғанимат, беором фасл ҳисобланади. Меҳнатлари маҳсули тарозида тош босиб, режаси адо этилган кун деҳқоннинг қувончига сарҳад бўлмайди. Ана шундай шарафли ва масъулиятли кунларда бизнинг Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтимиз талаба ёшлари доим амударёлик пахтакорларга ёрдамга ошиқадилар. Ҳар йили йиғим-терим мавсумида кўмакдош бўлаётган ёшларни барча амударёликлар бағрини очиб, илиқ қарши олишади, ўз фарзандидай ғамхўрлик қилиб, далада унумли ишлашлари учун барча шароитларни яратиб беришади.

Айни кунларда туман пахта далаларида 4200 нафардан зиёд талабаларимиз етиштирилган ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан йиғиб-териб, давлат хазинасига топшириш, мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти янада ошишига ҳисса қўшиш мақсадида ёшлик ғайрат-шижоати билан меҳнат қилмоқдалар. Талабаларимиз кунига 200 тонна атрофида пахта теришиб, туман  хирмонига ҳисса қўшмоқдалар.

Шуни мамнуният билан айтгим келадики, туманнинг қайси бурчагига қараманг, талабаларимиз учун яратилган ҳар томонлама шарт-шароитлар, айниқса, оқкўнгил инсонларнинг оталарча ғамхўрликлари ёшларни ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, пахта теришга ундамоқда.

Баланд хирмон кўтаришда ўзининг меҳнатсеварлиги ва фидойилиги билан ажралиб турадиган илғор талаба-теримчиларнинг номларини фахр билан тилга оламиз. Педагогика факультетининг 3-курс талабаси Бибимарям Жиемуратова, ўзбек тили ва адабиёти факультетининг 4-курс талабаси Малоҳат Абдуллаева, қорақалпоқ тили ва адабиёти факультетининг 3-курс талабаси Наврўз Кенесбоев, жисмоний маданият факультетининг 2-курс талабаси Азамат Бердибоев, бошланғич таълим факультети талабалари Навбаҳор Собирова ва Қамар Ҳабибуллаевалар кунига 150-200 килограммдан пахта теришиб, тенгдошларига намуна бўлмоқдалар.

Ҳар йили талаба ёшларимизнинг пахта теришда чаққонлиги, эпчиллигини аниқлаш, мақсадида "Институт биринчилиги” мусабоқасини ўтказиш анъанага айланиб бормоқда. Бу тадбир энг фидойи ёшларни аниқлаш билан бирга, бошқаларнинг ҳам уларга ҳавасини, ғайратини оширмоқда.

Сентябрь ойининг 18 санасида "Оқ олтин” овулидаги "Олломберган ҳожи бобо” фермер хўжалигида бўлиб ўтган мусобақани туман раҳбарияти, институтимиз маъмурияти ҳамда жамоат ташкилотлари ходимлари синчковлик билан кузатиб бордилар. Барчанинг кўнглида бир савол: ким ғолиб бўларкин? Ниҳоят ҳашарчи талабалар куни бўйи терган пахталарини тарозига қўйганларида, институтнинг табиатшунослик факультети 3-курс  талабаси Ҳалима Арзимова 325 килограмм пахта териб, "Институт биринчилиги” мусобақасининг мутлоқ ғолиби бўлди.

Шунингдек, мазкур мусобақада физика-математика, чет тиллари факультети теримчи ёшлари ҳам муносиб иштирок этишиб, ҳар бири 200-250 килограммдан зиёд пахта теришди.

Пахта – халқимиз ризқи, асосий бойлиги. Турмушимиз ободлиги, дастурхонларимиз тўкинлиги деҳқон меҳнатидан. Шу боисдан-да лаҳзалари олтиндан қиммат қуёшли кунларда олий мақсад сари интилаётган деҳқонларимиз, уларга ёрдамга отланган барча ҳашарчилар ҳамжиҳатликда Амударё туманининг давлатга пахта сотиш бўйича шартномавий режасини мамлакатимизда биринчи бўлиб адо этилишига муносиб ҳисса қўшдилар. Ҳалол ва фидойи меҳнат маҳсули бўлмиш пахта далалардаги қолган ҳосилни ҳам йиғиб-териб, давлатимиз хирмонига топширишда куч-ғайратларини аямайдилар.

Ҳамжиҳатлик самараси бўлмиш яратилган улкан хирмон барчангизга қутлуғ бўлсин!

Фурсатдан фойдаланиб, юртимизда истиқомат қилаётган барча ўқитувчи, устоз ва мураббийларни тобора яқинлашиб келаётган касб байрамлари билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Қувондиқ ҚОДИРОВ,

НДПИ проректори. 

Фикрингиз
Бош саҳифа Орқага
Тепага чиқиш