"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8562.34 +26.26
  • 1 EUR = 9731.96 +165.00
  • 1 RUB = 135.34 +2.43

ИШОНЧ - МАСЪУЛИЯТ ДЕМАКДИP

Бугунги кунда илғор, ижодкор, истеъдодли, таълим бериш жараёнида замонавий ахборот-коммуникация ва педагогик технологиялардан самарали фойдаланувчи, юксак касб маҳоратига эга педагоглар тажрибасини оммалаштириш халқ таълими тизимининг асосий вазифаларидандир.

Амалга оширилаётган "Дарс муқаддас”, "Ўрган, ўргат”, "Устоз ва шогирд мактаби”, "Мураккаб фан ўрганаман”, "Соғлом муҳит – соғлом жамоа”, "Билимлар беллашуви”, "Пухта ишланган режа - самарали натижа”, "Маҳорат мактаби” каби тадбирлар айниқса ўқитувчиларнинг малакаси ва касбий маҳоратини оширишга йўналтирилган.

Ушбу инновацияларни мактабда амалиётга тадбиқ этиш жараёнида биз таълим сифатини оширишга оид таклифларни жамлаш, ўқитувчиларнинг эҳтиёжларини ўрганиш ва таълим мазмунидаги янгиликлар ҳамда дарс бериш методикасига доир сўнгги ютуқларни ўзлаштириш имкониятига эга бўлмоқдамиз. Чунки дарс жараёнида эскича усуллардан воз кечиб, замонавий услуб ва воситаларни қўллай биладиган, салоҳиятли, ўз фанини пухта биладиган маҳоратли ўқитувчиларгина шогирдларини ҳозирги тезкор ва шиддат билан ривожланаётган даврда ўз ўрнини топа оладиган, мустақил фикрга эга, интеллектуал салоҳиятли қилиб тарбиялай олади.

Мамлакатимизда болаларга таълим-тарбия бериш давр талабларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилгани боис, ўқувчиларимиз турли кўрик-танловларда, билимлар беллашуви ва фанлар олимпиадаларида юқори ўринларни эгаллаб келишмоқда.

Ўқувчилар қалбида ўз туғилган маконига, Ватанига, яқинларига муҳаббат ҳиссини тарбиялаш – таълим-тарбия жараёнининг энг муҳим йўналишларидандир. Бунга эришиш учун назарий билим бериш кифоя қилмайди. Жамоа бўлиб ўзгалар кўмагига муҳтож кишиларга ёрдам бериб, ёлғиз кекса, ногирон кишилар ҳолидан хабар олиб, ё оиласида бирор муаммо туғилган синфдошининг муаммоси ҳал бўлишига кўмаклашиб, мактабимиз атрофини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштиришда биргаликда меҳнат қилиб ва шу жараённинг ўзида бунинг аҳамиятини тушунтириш орқали бунга эришишга интилаяпмиз.

Ўқитувчиларимиз, ўқувчиларимиз саъй-ҳаракатлари натижасида мактабимиз атрофи ям-яшил дарахтларга бурканган. Ёз бўйи қулф уриб очилиб турадиган анвойи гуллар барчага завқ бағишлайди.

Менга 2014 йил 21 декабрда бўлиб ўтган сайловда Бойовул сайлов округи сайловчилари ишонч билдиришиб, халқ депутатлари туман Кенгашига депутат қилиб сайлашди. Кенгашнинг Маҳаллий бюджетни шакллантириш, уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича доимий комиссияси котиби бўлдим.

Сайловчилар ишончини оқлашга, ўзимга топширилган вазифани сидқидилдан бажаришга интилаяпман. Чунки ишонч - масъулият демакдир.

Нилуфар ДАВЛЕТОВА, 31-сонли мактаб директори, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.

(Фото - http://img.uz)

Янгиликни бўлишинг: