"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

ҚЎШАЛОҚ БАЙPАМ ҚУВОНЧИ

9 апрель куни Қорақалпоғистон Pеспубликаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан Чойкўл овулидаги "Чойкўл” маданият ва аҳоли дам олиш марказининг очилиш маросими ўтказилди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда инсон омилига эътибор давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу халқимизнинг турмуш ва меҳнат шароитларини янада яхшилаш, баракали меҳнат онларидан сўнг мириқиб ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш мақсадларини ифода этувчи ҳукумат қарорларида ўз ифодасини топмоқда. БундаЎзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги 178-сонли "2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрсида”ги қарори муҳим аҳамият касб этади.

9 апрель санаси "Чойкўл” овули аҳолиси учун қўшалоқ байрамга айланди. Улуғ Соҳибқирон Амир Темур таваллуди ҳамда Қорақалпоғистон Pеспубликаси Конституцияси кунини кенг нишонлаётган овул аҳли яна бир қувончли воқеани байрам қилдилар. Шу куни 2014 йил – обод турмуш йили Давлат Дастури режасига киритилиб, 271 млн сўмлик копитал реконструкциялаш ишларидан сўнг тамоман янги қиёфа касб этган, замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Эрталабдан карнай-сурнай садолари янграб, байрамона безатилган марказ биноси овул меҳнаткашлари, ҳудудидаги умумтаълим мактабларининг ўқувчи-ёшлари билан гавжум бўлди.

Марказнинг очилиш маросимига ташриф буюрган узоқ-яқиндан келган меҳмонлар нон-туз билан кутиб олинди. Шундан сўнг Ўзбекистон Pеспубликаси маданият ва спорт ишлари вазирининг ўринбосари Давлат Муллажонов "Чойкўл” овули меҳнаткашларини янги, замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказининг ташкил этилиши билан самимий табриклади. Қорақалпоғистон маданият ва спорт ишлари вазири Маҳмуд Айтниёзов ўз табрик нутқида Амударё туманида 2015 йилда яна шундай аҳоли дам олиш марказларидан иккитаси Бобур номли ҳамда Уйшин овулларида ҳам ташкил этилиши ҳақида гапириб, Амударё туманиниг барча овулларида яқин йилларда худди шундай маданият марказларидан 7 таси капитал реконструкция қилинишини, аҳолининг ва овуллардаги ёшларнинг маданий дам олиш шароитлари замон талаблари даражасига кўтарилишини таъкидлади.

Овул оқсоқолларининг фотихаси билан бино олдидаги рамзий тасма қирқилди.

Меҳмонлар бу ерда овул аҳолисининг завқли меҳнатдан сўнг мириқиб ҳордиқ чиқаришлари, ёшларнинг ўзлари қизиққан тўгараклар машғулотларида иштирок этишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Овул ёшлари эндиликда ушбу дам олиш масканида ташкил этилган рақс, ашула ва доира бўйича санъат йўналишидаги тўгаракларда қатнашиб, ўз қобилиятларини намоён этишлари, тикувчилик, тўқувчилик сирларидан воқиф бўлишлари яратилган шароитлар эътиборга лойиқ.

Маросим меҳмонлари 150 ўринли турли байрамлар ва тантаналар зали замонавий ҳамда шарқона меъморий услублар уйғунлигида тамоман гўзал қиёфа касб этганлигини таъкидладилар.

Шу куни маданият ва аҳоли дам олиш марказининг тантанали очилиш маросими Қорақалпоғистон Pеспубликаси Конституцияси қабул қилинган кунга бағишланган тантанали йиғилиш ҳамда қўшалоқ байрамлар учун тайёрланган концерт дастурига уланиб кетди.

Қорақалпоғистон Pеспубликаси Конституцияси қабул қилинган сана муносабати билан бўлиб ўтган тантанали йиғилишни туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова очди.

Йиғилишда сўзга чиққанлар халқимизнинг тинчлиги, бахт-саодати ва тотувлигини, жамиятда қонун устуворлигини таъкидлашда Конституциянинг аҳамияти хусусида кенг тўхталди ҳамда барчани янги маданият ва аҳоли дам олиш масканининг ташкил этилиши, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Конституцияси қабул қилинган қутлуғ кун ҳамда улуғ соҳибқирон бобомиз Амир Темур таваллуди санаси билан қизғин муборакбод этди.

Тарихдан маълумки, ҳар бир давлат ўз рамзларига эга бўлган. Бу рамзлар шу мамлакат ҳудудида яшовчи халқнинг тарихий, маданий меросини англатган ҳолда, унинг дунё ҳамжамиятидаги ўрнини белгилаб берган. Қолаверса, ҳар бир демократик давлат тараққиёт ва ривожланиш йўлидан ўз конституциясида белгилаб берилган тамойиллар асосида қадам ташлайди. Ўзбекистон Pеспубликаси таркибидаги суверен Қорақалпоғистон Pеспубликасининг 1993 йил 9 апрелда қабул қилинган Конституциясининг 5-моддасида Қорақалпоғистон Pеспубликаси Қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари - байроғи, герби ва мадҳиясига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Давлат рамзларидан фойдаланиш, уларни асраб-авайлаш ҳамда ҳурмат ва эътибор кўрсатиш бугунги кунда дунё халқлари маданиятининг ажралмас бўлагига айланди. 1993 йил 9 апрелда қабул қилинган "Давлат герби тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Pеспубликаси қонунида давлат рамзидан фойдаланиш жойи, вақти ва тартиби аниқ белгиланган бўлиб, ушбу қонун миллий рамзимизга нисбатан ҳурмат-иззатда бўлиш билан бирга масъулиятни янада оширади.

Самимий табриклар туман маданият ва спорт ишлари бўлими санъаткорлари томонидан тайёрланган концерт дастурига уланиб кетди. Шу куниёқ "Чойкўл” маданият ва аҳоли дам олиш маскани ўз фаолиятини бошлаб юборди.

Ғ.Ешниёзов.

P.Йўлдошева.

Янгиликни бўлишинг: