"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

АМУ ЭЛИНИНГ ҚУВВАТБАХШ МИЛЛИЙ ТАОМЛАPИ ЁХУД БЕКАЖОН ЭНАНИНГ ПАЗАНДАЛИК СИPЛАPИ

Ер ағдариб толиққан йигит

Қандайин сирсиноатки, февралнинг охирги кунини эринчоқлик билан ойнаи жаҳон қаршисида ўтказган Бекажон момо 1 март тонгиданоқ вужудида жўшқинлик ҳис этди. Изғирин шамолдан юзини паналаб ҳовлига, ховлидан боққа ўтди. Ажабо! Қўшни йигит бу паллада ер ағдараётир.

- Хорма, болам! Аллоҳ ёр бўлсин! – йигитнинг шаштидан суюнди момо.

- Бор бўлинг, момо, картошка экмоқчи эдим! – Йигитнинг овозида дадиллик, қандайдир қувонч бор эди.

- Етказганига шукур, болам, етказганига! Илоҳо, эккан уруғингнинг бири минг бўлсин!

- Омин, момо! – йигит ишида давом этди.

Тушликда келини:

- Эна, Азимбой оға ётиб қолибди, -деди хавотир билан.

- Азимбой? Боя ер ағдараётган эди-ку! – Бекажон энани ҳам хавотир босди. Дарҳол қўшниникига чиқди. Азимбой ҳақиқатдан ҳам кўрпа-тўшак қилиб ётиб олибди.

- Ҳа, болам, не бўлди?- Қўшни йигитга синчков тикилди момо. – Чарчаб қолдингми?

- Билмадим, момо, - Азимбойнинг овози бўғиқ чиқди, - шунақага ўхшайди. Оёғимда мадор, билагимда куч йўқ, астағфурллоҳ,- деди йигит.

- Шундайми? –момо Азимбойнинг бошини силаб қўйди. – Ҳай, болам-а, баҳорга белингни бойлаб пешвоз чиққанинг билан тан-жонингни мойламасанг, қаддингни тутиб туролмайсан. Мен сенга бир дармон таом пишириб берайки, Фарҳоддай тоғни кўчирмасанг, юрган эканман, Бекажон бўлиб!

"Ийжон”

Уйга келибоқ момо ишга киришди. Аввал баҳорга, деб қозиққа илиб қўйган тўрхалтадаги жийдани саралади, тозалаб, офтобга ёйиб қўйди-да, оқ жўхори унидан ярим килосини тарозида тортиб, элади. Омборхонадаги бордондан бир кило кунжут олиб чиқди, ўғирда (зағама) елпиб-елпиб кунжутни топ-тоза қилгач, ўчоққа олов қалади. Келини кунжутни қозонда яхшилаб қовургунича ўзи элаб қўйган жўхори унини лаганга солди. Қайнаб турган сутни устидан оз-оздан қуйиб туриб чаққонлик билан ёғоч қошиқда хамир қориди. Хамирининг тузини ростлагач, совутиш учун олиб қўйди. Оз фурсат ўтгач, жўхори хамиридан узиб-узиб олиб, олмадай-олмадай зувалачалар ясади. Зувалачалар бир оз дам егач, қўллари билан юпқа патрак нонлар ясаб, оштахтага териб чиқди-да келини ёрдамида қозонга ёғ суртиб, патрак нонларни битта-биттадан пишириб олди. Сўнг келига аввал жийдани, сўнг шамолда ёйиб, қотирилган патрак нонларни солиб келинига:

- Яхшилаб туй, тез-тез қўлингда ағдариб тур, -деди.

Қайнонаси буюрган хар бир ишни қойилмақом қилиб бажараётган келин ҳайронлик билан сўради:

- Бу қандай таом, эна?

- Сен айтганимни қилавер-чи, тайёр бўлганида кўрасан! –Бекажон момо сирли жилмайди.

Келида яхшилаб туйилган патрак нон билан жийда талқонини зағамада елпиб, кўзи йирик элакдан ўтказиб олгач, яна келига қайтариб солди-да талқонга қовурилган кунжут донини қўшди. Қилаётган ишидан завқланган келин 15-20 дақиқача кели сопи билан то кунжутнинг ёғи чиқиб, талқонга аралашгунча туйди.

- Энди бўлди! –деди Бекажон момо қувониб.

Талқон ва кунжутли аралашмани карсонга ағдаришди. Момо енг шимариб карсондаги масаллиқни хамир муштлагандай, яхшилаб муштлади-да, сўнг катталиги тухумдай келадиган зувалачалар ясаб, патнисларга териб чиқди.

- Татиб кўр-чи, қизим! –биринчи бўлиб келинига илинди момо. –Бу сенга ҳамма доридан ҳам фойдали. Эмизикли аёл баҳорда бир марта тўйиб "ийжон” еса, бутун аъзолари мойланади, йил давомида чарчоқ нималигини билмайди, сути кўпайиб, боласининг илиги тўқ бўлади!

Бекажон момо катта чинни косага ийжон тўлдириб қўшниникига кирди.

-Ол, Азимбой, -деди қўшни йигитга. – Мана бу "ийжон”дан бир тўйиб есанг, танангга куч йиғилади. Эртагаёқ картошкангни экиб ташлайсан!

Яна тонг отди. Эрталаб қуёш ҳам чарақлаб кетди. Қўшни йигит картошка экди. "Биринг минг бўлсин!” деб қўшнилар тилак айтишди.

- Мен Бекажон момонинг "ийжон”идан куч олдим. Бир тўйиб еганимданоқ танамга дармон кирди. Момонинг "ийжон”идан татмабсиз, дунёга келмабсиз! - "Ийжон”нинг таърифини келтиришдан чарчамайди Азимбой.

Бекажон момонинг "ийжон”ининг сири жуда оддий: 1 кг кунжут дони, 1,5 кг жийда, 0,5 кг оқ жўхори уни, тоза соғилган сут, таъбга кўра туз. Тайёрланг, ҳузурланиб тановул қилинг, тананггизни сизга қувват берадиган табиий дармондорилар билан бойитинг!

Санамойга қувват берган таом

Байрам арафасида Бекажон момонинг катта невараси Санамой эгизак чақалоқлари билан меҳмонга келди. Чевараларини бағрига босган момо Санамойнинг синиққан юзига қараб, бошини чайқади:

- Ҳай, болажоним-а, жуда камқувват бўлиб қолибсан, сутинг ҳам камайиб кетгандир-а? –деди биғиллаб йиғлаётган чақалоқларга қараб.

- Қандай билдингиз? –қошларини чимирди хайрон бўлган Санамой.

- Кўринишингдан. Pанг-у рўйинг айтиб турибди буни. Қани, айт-чи, ётиб қоласанми?

Бекажон момо Санамойнинг "ҳа” деган жавобини эшитди-ю, аста ховлига чиқди. Кенжа ўғлини чақириб, битта она товуқни сўйишни буюрди. Ўзи эса уйга кириб, невараларидан бирига:

- Тезда овул гузаридаги дўкондан бир дона лимон, бир кило ёнғоқ мағизи, кўкатлар олиб кел, -дея пул тутқазди.

Невараси айтилган нарсаларни олиб келгунча сўйилган товуқни яхшилаб тозалади, бўлакларга бўлиб қўйди. Келини ёрдамида картошка, сабзи, шолғом, лавлаги ва пиёзни тахт қилиб олди. Невараси келтирган кўкатлардан кашнич, укроп, барра пиёз ва ялпизнинг яримини майдалаб, ярмини йирик-йирик тўғради. Сўнг қизиган қозонга кунгабоқар ёғини солиб, товуқ гўштининг бўйин ва тўш қисмини бўлаклаб, қозонга ташлади, обдон қовургач, тайёрланган сабзавотларни ҳам лавлагидан бошқасини қўшиб, қовуришда давом этди. Устидан сув қуйиб, қозон қопқоғини зич ёпди. Шўрва қайнаб чиққач, юзидаги кўпигини олиб ташлади. Тоғорага оқ жўхори унини солиб, устига таъбга яраша туз сепди-да, қайнаб турган товуқ шўрвадан оз-оздан солиб туриб хамир қориди. Тайёр хамирни дам олиши учун ўраб қўйди. Икки литрлик банкага товуқ гўштининг қанот, сон қисмини ҳамда жигарини яхшилаб териб чиқди-да, гўшт ораларига бир бош саримсоқ пиёзини ювиб, бутунича жойлаштиргач, гўшт устини йирик тўғралган кўкатлар билан ёпди. Банка оғзини маҳкам ёпиладиган қопқоқ билан бекитгач, бўйи баландроқ кастрюлкани олиб, ичига оқ докани ёзди-да банкани жойлаштирди. Банканинг бўғзидан пастроқ қисмигача сув қуйиб кастрюлканинг қопқоғини ёпди ва оловга қўйди.

Қолган ишларни келини бинойидай бажарди. Шўрвали қозонга жўхори куртукчалар ясаб, солишди. Куртукчалар қозонга ташланаётган пайтда бир бўлак саримсоқ пиёз ва лавлаги солишни ҳам унутишмади. Куртукли товуқ шўрва тайёр бўлгач, патнисга сузилиб, кўкатлар билан безатилиб, дастурхонга тортилганида невараси қувонганидан чапак чалиб юборди.

- Бизларнинг уйда жўхори куртукни қадимгидан қолган таом деб, пиширишмайди, жудаям соғинган эдим, эна! –деди Санамой миннатдорлик билан.

- Сен эмас, сенинг тан-жонинг соғинган, болам, ол, ош бўлсин!

Санамой терлаб-тепчиб таомни тановул қилди. Сўнг кастрюлкага ишора қилиб кулди:

- Эна, товуқнинг қолган гўштини кимга бермоқчисиз? –деди ҳазил билан.

- Ҳозир кўрасан!

Икки соат давомида милтиллаб қайнаган кастрюлка оловдан олинди. Қопқоғи очилмасдан совутилди. Сўнг энанинг ўзи банканинг қопқоғини очиб, гўштнинг селини ярим литрлик банкага қуйиб олди. Гўшт устига туз сепиб, токчага қўйди. Гўшт селини Санамойга тутқазди.

- Мана буни ҳар куни нонуштадан ярим соат олдин бир хўпламдан уч кунгача ичсанг, танангга қувват киради, томирингда қонинг кўпаяди, камқонликдан азоб чекмайсан, -деди.

Невараси келтирган 1 кило ёнғоқ мағизини ҳавончада (келида туйса ҳам бўлади) туйиб, талқон қилди-да сирланган лаганга солиб, устидан бир йиллик сигир сариёғи ва бир йиллик асални тенг миқдорда қўшиб аралаштирди, салгина лимон сувини томизди.

- Мана бундан бот-бот бир қошиқдан тановул қилиб турсанг, сутинг камайиб кетмайди, эгизак чевараларимнинг тишлари маржондай, ўзлари эса соғлом ўсади, -деди меҳр билан.

- Энажон-ей, мен камқонлигим, сутим камлиги учун неча минг сўмлик дори ичдим-а, қадимгиларнинг таомларидан ҳам қувват олса бўлар экан-да!

- Булар, болам, қадимгиларнинг таомлари эмас, миллий таомларимиз. Турган-битгани шифо, қувват манбаи.

Бекажон энанинг бу таомни тайёрлаш усулини чақалоқли келинпошшаларга тавсия қиламиз.

"Кўмоч”

Кўрдингиз, бизнинг Бекажон энамиз ўта пазанда. Айниқса, миллий таомларнинг устаси!

Азизлар, сиз "кўмоч”деган миллий пишириқ хақида эшитганмисиз? Ёки бу ўта ҳуштаъм, айниқса, баҳордаги дармонкетар дамларда танга мадор бахш этувчи "кўмоч”нинг мазасини бир бора татиб кўрганмисиз? Қизиқаяпсизми? Сездим, унинг қандай тайёрланишидан огоҳ бўлмоқчисиз?

- "Кўмоч”ни емабсиз, дунёга келмабсиз, -дейди кулиб Бекажон эна!

Бир куни денг, қирчиллама йигит ишдан келиб: "иштаҳам йўқ”, деб овқат ейишдан бош тортди. Бекажон эна сўради:

- Қорнинг очми, болам.

- Қорним ўлардай оч, лекин ҳеч нарса егим йўқ.

Эна билди, баҳорги дармонсизлик. Дарров ошхонага ўтиб, бу гал ҳам оқ жўхори унини элади. Тузнамагини ростлаб, қайноқ сувда хамирни қошиқ билан яхшилаб қориди, совутиш учун устини дастурхон билан ёпди. Ярим килоча оқ (фақат оқ) пиёзни майдалаб тўғради-да, сўнг бир бўлак ёғли мол гўштини чопқида эзиб чопди. Кашнич, шивит (укроп) қизил қалампир, бир бош саримсоқ пиёз, бир тутамгина барра пиёз, йўнғичқа майсаси, ялпиз ҳамда қоқи ўтни майдалаб тўғради-да туз солиб гўшт билан яхшилаб аралаштирди. Тўғралган пиёзни тайёрлаб қўйилган хамир устига солиб муштлаб, пишитди-да муштдай-муштдай зувалачалар ясади. Зувалачаларни ёйиб, устига 1 сантиметр қалинлигида гўштли қиймани ёзиб, устини иккинчи ясалган хамир билан ёпди. Хамир четларини гўшт сели оқиб кетмаслиги учун чимчилаб чиқди-да ёғланган товага жойлади. Устини това қопқоғи билан зич ёпиб, ҳозиргина нон ёпилган тандир ичидаги чўғ билан кўмди.

– Чўғ жудаям кучли ёки ўчиб қолмаслиги керак, -ўргатди келинига.

40-45 дақиқалардан сўнг Бекажон эна тандир чўғи остидаги товани чиқариб олди. У товани очганида атрофни ҳеч қаерда учрамаган ниҳоятда ёқимли ҳид тутди. Иштаҳаси йўқ, лекин қорни оч, сулайиб ётган йигит бошини кўтарди. Таомнинг ёқимли ҳидининг ўзи унинг танасида илоҳий бир куч уйғотдими, аста юриб Бекажон энанинг тандири томон келди. Эна товада қип-қизил бўлиб пишган "кўмоч”ни патнисга ағдарди.

- Юр, болам, очиққан, лекин таом истамайдиган қорнингни би-и-ир тўйғазиб ол! –деди меҳрибонлик билан.

Йигит "кўмоч”ни иштаҳа билан еди, чеҳраси очилиб, дили, тани яйради. Шундан сўнг то пишиқчилик пайтигача иштаҳаси йўқлигидан нолимади.

- "Кўмоч”,-дейди Бекажон эна, - одамнинг аввало қувватини оширади, тананинг касалликларга чидамлилигини таъминлаб, ёшларнинг илиги тўқ бўлиб ўсишида энг яхши, табиий дармон.

"Кўмоч” тайёрлаш учун озгина ҳафсала бўлса бас. 4 кишилик "кўмоч” пишириғи учун 1 кг оқжўхори уни, 0,5 кило ёғли гўшт, бир боғламдан барра пиёз, шивит, кашнич, қоқи ўт барги, барра йўнғичқа, икки дона қизил қалампир, бир бош саримсоқ пиёз, хамирига қўшиш учун уч-тўрт бош оқ пиёз керак бўлади. "кўмоч”ни электр тандир-печда ҳам пишириш мумкин.

"Наврўз гўжа”

Шунақаям гўжа бўлар эканми, деманг, азизлар. Келинпошшаларга гўжа пишир, дейишса, оқ жўхорини келида туйиб-тозалаб, нари борса ловия қўшиб пиширишади-да, дастурхонга тортишади-қўяди. Лекин Бекажон энанинг "наврўз гўжа”си номи билан ҳам ўзгача, ҳам ширин, ҳам ўта қувватли. Ошқозони, жигари, талоғи оғришидан шикоят қилувчиларга доим Бекажон эна "наврўз гўжа” ичишни тавсия қилишдан чарчамайди.

- Жуда хушхўр,-дейди эна, - қолаверса, бу гўжани йил давомида пишириб, тановул қилиш соғликка жуда фойда. Наврўз яқин қолди, келинг, гўжа пишираётирман.

Бекажон эна келини яхшилаб туйиб берган оқ жўхорини шамол тегиб турадиган кунгай жойга ёйди. Тез-тез қўли билан пешалаб, қуритди-да, ўғир (зағама)да кепагини ажратиб олди. Қизиб турган қозонга кунгабоқар ёғи солиб, майда тўртбурчак шаклида тўғраб, тайёрлаб қўйилган картошка, сабзи ва гугурт қутисидайгина турпни солиб, яхшилаб қовурди. Қайлани босиб турадиган сув солиб, тузини ростлади-да қопқоғини ёпди. Қайла қайнаб чиққач, ялпиз ва шивит, саримсоқ пиёз, аввалдан пишириб қўйилган ловия ҳамда оз миқдорда қизил қалампир қўшиб, тайёрланган гўшт қиймасидан ўрик данагидай майда-майда зувалачалар ясаб, қайла устига териб чиқди. Қозон қопқоғини зич ёпиб, дамга қўй-ди. Иккинчи қозонга сув солиб, қайнатди, қайнаб чиққач, тайёр жўхори гўжани солиб, милтиллатиб қайнатди. Гўжа пишишига оз қолганида майда тўртбурчак шаклида тўғралган беҳи, шу шаклда тўғралган қовоқ ва шолғомдан (ҳар қайсиси бир пиёладан) гўжа ошга қўшиб юборди-да, масаллиқлар пишгунича тез-тез ковлаб турди. Гўжа ош пишгач, тузини ростлаб, оловдан туширди. Келини косаларга гўжани сузиб, устидан иккинчи қозонда тайёрлаб қўйилган қайладан бир чўмичдан солиб ҳар косага бир чимдим кўкат, қўшимча косада қатиқ билан дастурхонга тортди.

Азизлар, ана энди Бекажон энанинг "наврўз гўжа”сидан татинг-у, пазанда момомизга баҳо бераверинг. Ана гўжа ош-у мана гўжа ош! Таъми бир умр оғизда қолади-я!

Биргина оқ жўхори унида шунчалик ҳикмат борлигини билмас эканмиз! Қаранг-а, миллий таомларимизда шунчалар ажиб хислатлар, тўғрироғи, танга қувват берувчи дармонлар бор экан-а!

Ҳа, азизлар, бундай қувватбахш таомлар дастурхонимизга ҳам, вужудимизга ҳам кўрк бағишлайди. Чеҳрамизга тиниқлик, руҳиятимизга сокинлик бахш этади. Она заминимизда ҳам, унинг бағрида унган неъматлардан танларга жон бахш этишга қодир таомлар тайёрлаб, Аллоҳ берган ризқимизни янада зиёда қилишга интилаётган пазанда момоларимизнинг ошхоналарида ҳам оламжаҳон ҳикматлар бор. Бу ҳикматлардан баҳра олинг, азизлар.

Барчангизга ёқимли иштаҳа, тан соғлик ёр бўлсин!

Бекажон энанинг пазандалик санъатини сиз азизлар билан баҳам кўрган

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: