"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

ЭКОЛОГИЯ ҲУҚУҚИ ВА ЭКОЛОГИК ҚОНУНЧИЛИК

Экологик ҳуқуқ ва экология қонунчилигининг такомиллашиши мамлакатимизда экологик сиёсатнинг янада ривожланишига имконият яратади.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Pеспубликаси Конституциясида табиий ресурслар давлат муҳофазасида эканлиги кафолатланди, фуқароларнинг атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбурияти белгилаб қўйилди. Бу эса экологик қонунчиликнинг янада ривожланиши учун асосий омил бўлиб хизмат қилди. Экологик қонунчилик иқтисодиёт ва экологиянинг ўзаро боғлиқлигини юзага чиқаради. Айнан шу талабдан келиб чиқиб Конституцияда мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва тасарруф этиши мустаҳкамлаб қўйилган. Шу билан бирга мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларига дахл қилмаслиги шарт.

Pеспубликамизда атрофмуҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлашга доир 20 дан ортиқ қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги, "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги, "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, "Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, "Экологик экспертиза тўғрисида”ги, "Давлат санитария назорати тўғрисида”ги ва бошқа Қонунлар, Кодекслар ҳамда қонуности ҳужжатлар шулар жумласидандир. Ушбу Қонун ҳужжатлари экология соҳасини тартибга солишнинг ўзига хос жиҳатларини акс эттирувчи муҳим тамойилларни ўз ичига олган.

Давлатимиз раҳбарининг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган таклифи асосида атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва экологик вазиятни соғломлаштириш мақсадида 2013 йил 28 декабрда Ўзбекистон Pеспубликасининг "Экологик назорат тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Дунё тажрибасидан маълумки, экология соҳасида қабул қилинган қонунлар атроф-муҳитни муҳофаза этишда барча бошқарув тизимларининг тўлақонли фаолияти ва кенг жамоатчилик иштирокини назарда тутади.

Шу боис, ушбу Қонун лойиҳасида атроф-муҳит ифлослантирилишининг олдини олиш, фуқаролар ҳаёти ва саломатлигига хавф солиши мумкин бўлган вазиятларни кузатиш, уларнинг олдини олиш, экологик назорат, жумладан, жамоатчилик назоратини амалга ошириш тизимини мукаммаллаштириш ўз ифодасини топди. Қолаверса, унда жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш кўламини кенгайтириш, фуқаролик жамияти институтларининг атроф-муҳит муҳофазасига оид давлат дастурларини бажаришдаги иштирокини таъминлаш каби мақсадларга эришиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, ушбу ҳужжатда атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга доир қонунчилик талабларини бузганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини кучайтириш, хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа муассасаларнинг табиатни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатларига риоя қилинишини таъминлаш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқаришга экологик тоза, кам чиқитли ва чиқитсиз технологиялар жорий этилишини назорат қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича кенг кўламли тадбирларни амалга ошириш каби вазифалар белгиланди.

Ер, сув, ҳаво, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сақлаш, эъзозлаш нафақат миллий, балки умумбашарий аҳамиятга молик масаладир. "Экологик назорат тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши мамалакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг экологик хавфсизликни таъминлашдаги иштирокини кучайтириш билан бирга уларнинг бу борадаги масъулиятини оширади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизнинг экологик қонунчилиги атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазасини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш, ҳар бир фуқарога қулай табиий шароитларда яшаш ва ишлаш имкониятини яратиш каби эзгу мақсадларга йўналтирилган.

Зулхумор Болтабоева, туман

ФҲДЁ бўлими инспектори.

 
Янгиликни бўлишинг: