"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7883.99 -26.37
  • 1 EUR = 9150.95 -156.16
  • 1 RUB = 124.89 -2.72

ЁШЛИК ШИЖОАТИ

Илк қадам

Инсон ҳаётида ёрқин из қолдирувчи воқеалар, ҳолатлар кўп. Ҳаётнинг ана шундай ёрқин лаҳзалари кўпинча инсон учун умр мазмунига айланиб кетади. Шу мазмун унга ҳаётдан завқ олиб яшашнигина эмас, балки ўзгалар умрига ҳам зеб берадиган эзгуликлар йўлида интилиб яшаш туйғусини ҳам ато этади. Бизнинг бугунги қаҳрамонимиз Мансурбек Искандаровнинг қалбида эл-юртга хизмат қилиб, эзгуликлар йўлида интилиб яшаш туйғуси уйғонганида у ҳали жуда ёш, 8-9 яшар болакай эди. Жуда яхши эслайди: 1994 йиллар эди. Биринчи синфда ўқирди. Дадаси раҳматлик Тўлибой Искандаров билан оила эҳтиёжлари учун харажат қилгани бозорга чиқишди. Аввал бозор айланишди. Мева-чеванинг нархи осмонда. Шира-шарбат сотиладиган дўконларнинг пештахталари бўм-бўш. Қанча дўконга киришди, саноғи эсида йўқ, ун топишолмай, анча сарсон бўлишди. Зўрға навбатда туриб 10-15 кило ун сотиб олишди.

– Кўрдингми, -деди дадаси ўшанда,- бундан буён тадбиркорлик билан иш тутмасак, оиламиз иқтисоди "ўтириб” қолади.

"Ўтириб қоладиган иқтисод” нима эканига ақли етмаган Мансурбек:

–Қаерда ўтиради, дада?–дея болаларча соддалик билан сўради.

Дадаси кулиб юборди. Сўнг жиддийлик билан деди:

–Бизнинг ақлимизда, сўнг эса чўнтагимизда. Агар ақлингни ишлатсанг, иқтисод сенинг ақлинг билан бизнинг ҳаётимизни гуллатиб юборади, бойиб кетамиз, ўғлим!– деди дадаси Мансурбекнинг бошини силаб.

Шу бўлди-ю Мансурбек бўш вақт топди, дегунча автобусга ўтириб дадасининг олдига, Қипчоқ овулидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасига бориб дадасининг ишларига ёрдамлашадиган бўлди. Туманда биринчилардан бўлиб тадбиркорликка қўл урган Тўлибой Искандаров раҳбарлигидаги "Қипчоқ-балиқ” МЧЖга қарашли Қипчоқ овули марказидаги АЁҚШда назоратчилик вазифасини кўпинча Мансурбек бажарар, мактабдаги дарсларидан бўш вақтларини ана шу ерда ўтказарди. Ўзи билан тенгқур жўралари кўча чангитиб юрганида Мансурбек дадасидан энг аввало ҳисоб-китобни,қандай иш юритишни, мижозлар билан муомала маданиятини ўрганди. Иқтисодий билим асосларини ўрганиш ҳам ўзига, ҳам оиласига, ҳам эл-юртига бирдай манфаат келтиришини англаб етганида Мансурбек 12 яшар болакай эди.

–Энди ўйлаб қарасам, -дейди Мансурбек босиқлик билан, ота–онам менинг ва ака-укамнинг ҳаётда ўз ўрнимизни топишимиз, ҳар ишда тадбирли, ўз оила иқтисодимизни шакллантира оладиган даражада билимли бўлишимиз учун 7-8 ёшимиздан ишга ўргатиб, жуда қаттиққўллик билан тарбия қилган эканлар…

Орзулар–эзгу режалар сари йўл

Фарзандларнинг ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишида оила муҳити муҳим аҳамият касб этади. Мансурбек улғайган хонадон гарчи ўзига тўқ,ҳамма нарса етарли бўлса-да, тумандаги нуфузли идора раҳбари бўлган онаси Гуласал Ўрозимбетова ҳам, "Қипчоқ –балиқ” МЧЖ раҳбари, тадбиркор отаси Тўлибой Искандаров ҳам фарзандларининг бўш вақтлари учун алоҳида жадваллар тузиб, уларни шу асосда ишга ёки бирон ҳунар ўрганишга жалб қилишарди. Оилада ҳар бир боланинг бўш вақтида бажарадиган ўз машғулоти бўларди. Албатта, уларнинг қизиқишлари ҳам инобатга олинарди. Мансурбек 8-9 ёшидан ҳисоб-китобга пухталиги учун бўш вақтини АЁҚШда дадасига ёрдамчи назоратчилик қилиб ўтказарди. Тадбиркор дадасининг ишларига ёрдамлаша бошлаганда 9 яшар бўлган Мансурбек то ўрта мактабни тугатиб, олий ўқув юртига ўқишга киргунича одамлар билан ишлашишни, ҳатто АЁҚШ ишини юритишнинг барча расмий-ҳуқуқий жиҳатларини ҳам пухта ўрганди. Дадаси билан биргаликда Назархон овули ҳудудидаги "Сойкўл”да балиқ овлаш мавсумини кузатар, овланган балиқ махсулотини қандай усулда сотиш бўйича режалар тузишда қатнашарди. Шундай кунларнинг бирида у дадасига:

–Овланган балиқ маҳсулотларини тўғридан-тўғри харидор-мижозларга арзонгаров бериб юбораяпмиз, уни қайта ишлаш йўлини қилиб кўрмаймизми? –дедидилига тугиб юрган орзуси ҳақида.

Дадаси ўйланиб қолди. Ахир "Сойкўл”да балиқ етиштириш, овлашнинг ўзига қанча куч, маблағ сарфланади. Харидорлар овланган балиқни арзон-гаровга сотиб олишади-ю тайёр ёки ярим тайёр маҳсулот сифатида ошхона ва буфетлар орқали икки-уч ҳиссага пуллашади. Мансурбек айтганидай, шу ишни ўзлари йўлга қўйишса-чи?

–Ўғлим, –деди Тўлибой Искандаров. Мансурбекнинг елкасига қўлини қўйиб, –режанг зўр, лекин сен ўқиб, билимингни оширишинг керак. Агар иқтисодни ўргансанг, келажакда бақувват тадбиркор бўласан.

Шу йилиёқ Мансурбек Искандаров Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат университетининг иқтисодиёт факультетига ҳужжатларини топширди. Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, университет талабаси бўлди.

Аммо ҳаёт синовларга, ташвишларга тўла. Мансурбекнинг олий маълумотли иқтисодчи бўлишини истаган Тўлибой Искандаровга ўғлини мутахасислик дипломи билан қутлаб, бағрига босиш насиб этмади. Университетни тугатишига оз қолганида бевақт ўлим билимдон ва тадбиркор инсон Тўлибой Искандаровни ҳаётдан олиб кетди.

2012 йилда университетни муваффақиятли тугатган Мансурбек Искандаров онасининг маслаҳати билан отаси бошлаб кетган ишларни давом эттириш, укаларига, катта хонадонга бош бўлишдек масъулиятни ўз зиммасига олди. Бу масъулият 25 ёшга тўлган Мансурбек учун қай даражада залворли бўлса, шу қадар катта ишонч ҳам эди. Энди Мансурбекнинг олдида узун ва машаққатли, шу билан бирга шарафли йўл турарди. Бу– унга ишонган, унга суянган яқинлари ва эл-юртга яхшилик улашиб яшашга дахлдорлик туйғуларига ошно ҳаёт йўли эди.

Ишонч–

юксалиш омили

Ана шу туйғу ёш тадбиркорга куч бағишлади. Отаси яхши ниятлар билан бошлаб кетган ишлар кўламини янада кенгайтирди.

"Қипчоқ-балиқ” МЧЖ тасарруфидаги "Сойкўл”дан овланадиган балиқ миқдорини кўпайтирди. Аввал йилига 4-5 тонна балиқ овланса, бу кўрсаткич 2013 йил охирига келиб 6-7 тоннага етказилди. Аввал 2 нафар киши ишласа, эндиликда "Сойкўл” балиқчилари сафи 5 нафар бўлди. Мансурбекнинг пухта ишлаб чиққан режасига монанд олиб борилган ишлардаги мана бу рақамларнинг эл-юрт дастурхонига қанчалик файз олиб киришини бир тасаввур қилинг-а! Фақат 2013 йилнинг ўзида 227,3 миллион сўмлик даромад ёш тадбиркор раҳбарлигидаги "Қипчоқ-балиқ” МЧЖ ҳисобига тўғри келди.

–Дадам раҳматлик билан кўп ишларни режа қилган эдик, –дейди Мансурбек иш қоғозларини бирма-бир очаркан. –Аслида "Виктория-Холдинг” МЧЖ фаолиятини йўлга қўйиш фикри ҳам дадамдан чиққан. Ҳатто у кишининг ўзлари ушбу тадбиркорлик йўналишини ташкил этишнинг иқтисодий асосларини онам билан биргаликда ишлаб чиққан эдилар.

Ҳозирги кунда Манғит-Қипчоқ йўлининг шаҳардан чиқаверишидаги чорраҳа қисмининг ўнг тарафида қад ростлаган, пештоқига "Мерос”деб ёзиб қўйилган муҳташам бинода "Виктория-Холдинг” МЧЖнинг офиси, тантаналар зали, супермаркет, умумий овқатланиш ва улгуржи савдо шохобчалари жойлашган. Шарқ ва ғарб меъморчилиги уйғунлашган тарзда барпо этилган бу кўркам бинонинг тамал тошини Тўлибой Искандаров қўйиб берган бўлса, бу ердаги тадбиркорлик ишларини йўлга қўйиш, ривожлантириш, замонга муносиб равишда шакллантириш Мансурбекнинг зиммасида. Корхонанинг бир маромда фаолият юритиши учун эса 6 нафар киши доимий иш билан таъминланган. "Виктория-Холдинг” МЧЖ ҳам қисқа вақт ичида фақат фойда кўриб, халққа манфаат етказиб ишлайдиган корхонага айланди. Яъни, 2013 йилда ўз фаолиятини бошлаган корхонанинг бир йиллик даромади 79,3 млн. сўмни ташкил этди.

– Ҳозир биз 2014 йил якунлари бўйича ҳисоб-китоб ишларини олиббораяпмиз. Бу йилги даромадларимиз янада юқори бўлади, – дейди ёш тадбиркор ишонч билан.

Ишонч–энг аввало масъулият, қолаверса, юксалиш омили. Мансурбекнинг тадбиркорлик қобилиятига ишонган яқинлари, бундан ҳам муҳими,эл-юрт қалбига йўл топиш учун масъулият ҳисси билан қўйган ҳар бир эзгу қадами тадбиркорлик ишлари кўламини янада кенгайтириш имконини берди. У олдинга, фақат олдинга интилиб, ўзига қатъий ишониб яшашни ўрганди.

Тадбиркорнинг яна бир эзгу қадами

Хушхабарнинг қаноти бор, – дейдилар. Хушхабар – энг аввало яхшиликдан дарак, эзгуликнинг қанот ёйгани.

Ёш тадбиркор Мансурбек Искандаровнинг фаолияти ҳақида ушбу очеркни тайёрлаш учун маълумот йиғиб юрсак, яна бир хушхабар етиб келди таҳририятимизга:

–Мансурбек ўз тадбиркорлик фаолиятини яна кенгайтирибди, яна битта МЧЖ шаклидаги корхона очибди!

Очиғи, қувондик. Мансурбекни излаб топиб, учрашдик. Тиниб-тинчимаган бу йигит энди "Беруний инвест плюс” МЧЖ - оҳак ишлаб чиқариш корхонасини давлат рўйхатидан ўтказиб, аллақачон корхонанинг бир қисмини ишга туширишга ҳам улгурибди.

– Ҳозир корхонанинг бир қисмидагина ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, - дейди Мансурбек ўз режалари ҳақида гапираркан. –Корхона 2015 йилнинг апрель ойидан тўла қувват билан фаолият бошлайди.

Мансурбекнинг режалари аниқ, пухта. Ҳисоб-китобларида аниқ мезон бор. Мезон шуки, 2015 йилнинг апрелидан бошлаб "Беруний инвест плюс” МЧЖ корхонаси қурилиш ташкилотлари учун зарур хом ашё - кунига 15 тонна оҳак ишлаб чиқара бошлайди ва бу корхонада 15 нафар одам доимий иш билан таъминланади. Ҳам балиқчи, ҳам дўкондор, саноатчи-тадбиркор Мансурбек Искандаров ҳали жуда ёш. Эндигина 28 ёшга қадам қўйди. Аммо эл-юрт манфаати йўлида қилган, қилаётган эзгу ишлари бир инсон умрига татигулик. Оддийгина якка тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўя олмай, тадбиркорликнинг заҳматини кўтараолмай аро йўлда ишни йиғиштириб қўяётганлар камми? Мансурбекда, аввало ўзига ишонч, қатъият, талабчанлик бор. Ўзига нисбатан қаттиққўллик хислати бор унда. Ана шу фазилатлар уйғунлашиб унинг юрагига, жисмига чидам, ирода кучини берган. Шу кучига суянади у! Ахир 28 ёшида бири-биридан йирик ва фаолият йўналишлари ҳар хил бўлган учта корхонани бошқариш, учта корхонанинг ўзига хос иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, халққа фойдаси тегадиган, ўзи ҳам, оиласи ҳам манфаат кўрадиган катта ишларга бош бўлиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Ёш тадбиркорнинг иқтисодий ҳисоб-китобларига киритмайдиган яна бир фаолияти ҳақида тўхталмай ўтолмаймиз. Унинг бу фаолият кўлами ҳам анчайин кенг. Бу- ҳомийлик ҳиммати. У ўзидан ёрдам сўраб келгувчини ҳеч қачон ноумид қайтарган эмас. Деярли ҳар йили турли саналар муносабати билан нуроний кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлардан моддий ва маънавий ёрдамини аямайди. 2011-2014 йилларда 1 миллион 100 минг сўмлик ҳомийлик ёрдамлари кўрсатгани учун туман ҳокими P.Йўлдошев имзоси билан "Ташаккурнома” ҳам олди. Туман ногиронлар жамиятига, нуроний кексаларга, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлимига ҳамда Ойбек номли маҳаллага кўрсатган ҳомийлик ёрдамларидан эл-юрт миннатдор.

– Бойлик–қўлнинг кири, мансаб–умрнинг, –дейди Мансурбек. – Ҳамма бой ва мансабдор бўлмаслиги мумкин. Орамизда камхаржроқ ва камтар кишилар кўп. Уларнинг кўнглини кўтариш учун бир оғизгина ширин сўз, салгина моддий кўмак кифоя. Энг муҳими, маънавий бағрикенглик, маънавий тўқлик бўлсин. Ана шунда одамларни бир-бирига боғлаб турган меҳр-оқибат ришталари янада мустаҳкам бўлади...

Мансурбек Искандаров билан бўлган суҳбатимиз ғоят мароқли кечди. Агар йўлингиз тушиб, пештоқига "Мерос” деб ёзиб қўйилган муҳташам бинога кириб қолсангиз, яхшилаб разм солинг: бу маскандаги ўзига хос тартиб-интизом, ҳаёти ва қилаётган ишидан мамнун хизматчиларнинг хушмуомалаликлари, буфет-ошхона, улгуржи савдо шохобчаси ва супермаркетдаги қизғин иш фаолиятларини кўриб ҳавас қиласиз. Албатта, ҳавасга лойиқ ишлар булар. Бу Мансурбекнинг битта корхонасидаги қайноқ ҳаёт, қайноқ фаолият. Сиз "Қипчоқ-балиқ” МЧЖ тасарруфидаги АЁҚШга, "Сойкўл”га ёки "Беруний инвест плюс” МЧЖнинг оҳак ишлаб чиқариш цехларига бир бориб кўринг-а! Наинки ҳавасга, балки таҳсинга лойиқ эзгу ишларнинг гувоҳи бўласиз.Дилингизда ҳавас-у таҳсинга қоришиб ҳайрат уйғонади.

–Кўз тегмасин, ёшгина йигитнинг бир ўзи шунча ишга бошми, шунча ишни уддалаяптими?!- дейсиз ҳайрат билан.

Ҳа, шундай, азизлар. Бугуннинг ҳавосидан нафас олиб,эртанги кунга дадил боқиб, келажакка, истиқбол йўлларига шаҳдам қадам қўйган Мансурбек Искандаров каби шижоатли ёшлар омон бўлишсин! Улар эл-юрт фахри, она Ватан ишончи!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА,

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ,

www.amunews.uz веб-сайти мухбирлари.

Суратда: (тепада) ёш тадбиркор М.Искандаров (ўртада) иш жараёнида.

Пастда - корхонага қарашли савдо шохобчаси иш жараёни.

(Pеклама ҳуқуқи асосида).

Янгиликни бўлишинг: