"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

Ёшликнинг қадри кексайганда билинади

(Бизнинг мусоҳаба)

Кексалик – пир-у бадавлатлик, инсон умрининг ҳосилга кирган давридир. Ёки нуроний момо ва боболаримиз таърифида тўхтайдиган бўлсак, кексаликка, обрў-эътиборга, эъзозга муносиб инсон сифатида бу манзилга етишмоқ ҳам бахт. Зеро, кексалик манзилининг ўзига хос тутумлари, сир-синоатлари, юракларни гупиртириб юборувчи қувончлар, ҳатто ташвиш ва орзулари бор. Донишмандлар фикрича, кексалик ҳам бир санъат. Нуроний ёшдаги отахон ва онахонларимиз бугунги ёшларга пир-у бадавлатлик санъати ила энг яқин маслаҳатгўй, суянчиқ ва дўст сифатида янада азиз ва қадрли.

Бизнинг бугунги суҳбатдошларимиз ҳаётнинг оғир синовларини ўз ақл-заковати, уддабуронлиги ва мислсиз жасорати билан енгиб ўтган, ҳар бирининг ҳаёт йўли ёшларимиз учун чинакам дорилфунунга айланган, кексалик гаштини сураётган отахон ва онахонлар. Келинг, яхшиси, уларнинг пурҳикмат суҳбатларига ошно бўлайлик, ўзимиз учун ибратли хулосалар чиқарайлик.

PобияЙЎЛДОШЕВА, журналист:

–Ассалому алайкум, аввало давра суҳбатимизга хуш келибсизлар!

"Тараққиёт кўзгуси” газетаси ва amunews.uz веб сайти журналистлари ташаббуси билан ўтказилаётган бугунги давра суҳбатимиз, оддийгина қилиб айтганда, ёшлик даврида ёшликнинг қадрига етиш, обрў-эътиборли инсон бўлиб шаклланиш,кексалик чоғида иззат-ҳурматда, кўнгил ҳотиржамлигида ҳаёт кечиришга замин яратиш масаласига бағишланади, десам хато бўлмайди.

Бизнинг ота-боболаримиз ҳамиша эртанги кун ташвиши билан яшашга, айниқса фарзандларининг бахти-саодати ҳақида қайғуришга одатланишган. Бугун биз ушбу анъанани давом эттириб, ёшларга, фарзандларимизга ёшликнинг қадрига етиш бўйича маслаҳатлар беришга ҳаракат қилмоғимиз керак. Ушбу давра суҳбатини ўтказишдан мақсадимиз ҳам ёшларимизга келгуси ҳаётларида асқотадиган панд-насиҳатларни ва ўгитларимизни беришдан иборат. "Кексалар сўзи – ақлнинг кўзи” эканлигини ёшларимизга яна бир бор эслатишни лозим топдик.

Бекман АЛЛАБЕPГАНОВ, "Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси:

–Газета ва веб сайт журналистларининг бундай саъй-ҳаракатлари менга жуда маъқул бўлди. Негаки, бу хайрли иш. Ёшларимизнинг бугунги ҳаёти, қолаверса, уларнинг келажаги ҳақида қайғуришимиз бизнинг, жамиятимиз фаолларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Ёшлигимизда бизлар ҳам ота-оналаримизнинг, кекса нуронийларнинг панд-насиҳатларини кўп эшитганмиз. Яратганга шукурлар бўлсинким, шу боисдан ҳам биз кам бўлмадик. Ҳаётдан ўз ўрнимизни топдик, сабр-тоқатли, инсоф-у диёнатли инсонлар бўлиб етишдик. Энди биз ўз фарзандларимизнинг, юртимиз ёшларининг шундай инсонлар сифатида камол топишини истаймиз.

Тўғрисини айтсам, ҳар даврнинг ўзига хос урф-одатлари бор. Қолаверса, ҳозирги давр ёшлари билан бундан 50 йил аввалги ёшлар ўртасида кескин фарқ бор-да. Эсимда: қариялар айрим ҳаракатларимизни хушламайроқ гапирсалар, ичимизда ёқтирмай турардик. Баъзан қўл силтаб ҳам кетардик. Энди ўйлаб қарасам, барча даврларда ҳам ёши улуғ инсонларни тингламаслик - ҳам одобсизлик, ҳам гумроҳлик экан. А. Моруа исмли ғарблик бир донишманд: "кексалик санъати – ёшларга тўғаноқ эмас, суянчиқ, рақиб эмас – муаллим, бефарқ эмас – ҳамдард бўлиш демакдир”, деб жуда тўғри айтган экан. Буни ўзим кексайганимда ҳис қилаяпман. Агар кимнингки оиласида қариялар бўлса, қувонсин. Негаки, унинг суянчиғи, устози ва ҳамдарди бор.

Жонгилбека БОБОЖОНОВА, Манғит шаҳрининг "Дўстлик” маҳалласида яшовчи халқ таълими фахрийси:

–­ Ёшлик - инсон ҳаётининг олтин даври ҳисобланади. Ҳар бир инсон дунёга келган пайтида Аллоҳ таоло унга ҳаёти учун керакли бўлган барча имкониятларни яратиб беради. Аммо шу имкониятлардан фойдаланиш ҳар инсонда ҳар хил кўринишда амалга ошади. Масалан, яхши тарбия кўрган, кераклигича катталар ўгит-насиҳатларини олган инсон яратганнинг ана шу туҳфаларини тўлалигича ўзига қабул қилиб, умрининг охиригача улар билан бирга бўлиб, оиласи, яқинлари, эл-юрти ардоғида яшаш бахтига мушарраф бўлади.

Яна бир тоифа инсонлар бўлади-ки, уларга яхши тарбия берилмаганлиги, ақл ўргатувчи, йўл-йўриқ кўрсатувчи инсонлари йўқлиги ёки қайсарлиги сабабли катталар насиҳатларига ва маслаҳатларига қулоқ солмаслиги сабабли Аллоҳ томонидан юборилган имкониятлардан мосуво яшашади. Натижада уларнинг кексалик даври ҳам киши ҳавас қилгулик даражада бўлмайди.

Биз кексалар ёшларимиз ҳаётида иккинчи ҳолатдаги аҳволнинг содир бўлишига асло йўл қўймаслигимиз керак. Айрим ёшлар қайсарлик қилиб ёмон йўлдан қайтмаса, қарияларнинг гапларига қулоқ солмаса, панд-насиҳатларини қабул қилмаса, уларни маҳалла ва жамоатчилик ёрдамида тўғри йўлга солишимиз керак.

Биз айниқса катта ҳаёт бўсағасида турган ёшларга кўпроқ эътибор беришимиз, улардан насиҳатларимиз-у, ўгитларимизни аямаслигимиз лозим.

Кўпчилик ҳолларда оила қураётган, ота даргоҳидан ўзга, янги уйга кўчиб ўтаётган ёшлар ҳали ҳаёт синовларига тайёр бўлмайдилар. Баъзан ота-онага озор берувчилар айнан ўша, ҳаётнинг арзимаган синовларига бардоши етмаган фарзандлар бўлишади. Менимча уларга кекса, нуроний кишилар томонидан ўгит-насиҳатлар бериб борилса, ҳаётлари изга тушиб кетиши мумкин.

Менимча, туманимиздаги умутаълим ва ўрта махсус касб-ҳунар ўқув муассасаларида қариялар суҳбати ташкил этилиб, уларда ёшликнинг қадрига етиш юзасидан насиҳатлар бериб борилса, нур устига аъло нур бўларди.

Абдукарим ҳожи ТЎPАЕВ, "Ўрта калъа” овулида яшовчи меҳнат фахрийси: – Биз ҳам кеча ёш эдик, олов эдик, ерга урса осмонга сапчирдик. Қилаётган ҳар бир ишимизни тўғри, деб ҳисоблардик. Қариялар панд - насиҳат қилсалар, қулоққа ё олардик ё олмасдик. Энди босиб ўтган йўлимизга назар ташлаб, ўзимизча хулоса чиқариб ҳам олдик, тўғрими? Нуроний ёшга етдик. Энди бизга атрофимиздагиларнинг меҳр-мухаббати керак, ҳурмат ва эътибори керак. То кексалик манзилимизга етгунча югурдик - йўртдик. Энди, ором олгимиз, ҳузур-ҳаловатда яшагимиз келади. Биз шунга муносибмизми? Гап мана шунда!

Бир одамни болалигидан яхши биламан: бинойидай оиланинг фарзанди. Эрка, инжиқ ўсди. Не истаса, ота-онаси муҳайё қилди. Ҳаммадан олдин велосипед, мотоцикл, янги чиққан машиналарни минди. Ота-она бақувват эди, олиб бераверишди. Ҳатто уйланиб, бола-чақали бўлганида ҳам ота-она паноҳида шоҳона яшади. Бир куни бу моддиятларнинг охирига етиши, ота-она қариб қолишини ўйлайдиган ёшга етганида элликдан ҳатлаб бўлган эди. Ота-онаси дунёдан ўтгач, у, тўғриси, тўрт томонига қараб қолди. Нима қилиш керак? Ейман-ичаман, деб турган болалар, уларнинг ўқиши, кийим-кечаги. Танбал ўғил вояга етмаган ўғлини ёнига олиб чет давлатга ишга кетди. Икки йил ўғли билан ишлаб, топганини Pоссия ўрмонларида ёғоч қирқиш пайтида буйрагини шамоллатган ўғлини даволатишга сарфлади. Пушаймони, дарди ичида. Ҳар гапининг бирида: –"ёшлигимни ҳою-ҳавасга совуриб юраверган эканман, бирон касбнинг бошини тутмабман”, дейди афсус билан.

Солий СОБИPОВ, Манғит шаҳриниг "Беруний” маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси:

– Қаранг, ўша одам ёши элликдан ўтганида, тўғриси ҳузур-ҳаловат дамларига етдим, деганида ёшликда қилган хатосининг жабрини тортаяпти. Бундай одам учун кексалик оғир юк, катта ташвиш. Ёшлигида бирон бир ҳунарни эгаллаганида эди, ҳали жисмонан етилиб улгурмаган ўғли билан Pоссия ўрмонларида арзимаган чақага ёғоч кесиб юрмасди. Ўзи-ку ёшлигини елга совурибди. Энди вояга етмаган ўғлининг ҳам ёшлиги қадрини оёқ ости қилишни бошлабди. Ундан кўра: "Ўғлим, мен қилган хатони сен такрорлама, ўқи, ҳунар ўрган, ўз юртингда подшоҳлардай яшашга интил”, десин эди. Ҳаҳ, ноқобил ота-я. Ўғлимга яхши бўлсин, деса ўз хатосини фарзандлари такрорламаслиги учун жон койитарди.

Минг афсуски, яширишнинг ҳожати йўқ. Чет давлатга чиқиб, ишлаб пул топаман, деб ёши элликдан ўтиб, олтмишни қоралаб қолган айрим ота-оналар ўзлари билан фарзандларини ҳам эргаштириб олиб кетишаяпти. Айрим ёшлар эса жоҳил ота-оналарининг қистови билан чет давлатларга бориб ишлашга мажбур бўлишаётгани ҳам сир эмас. "Нима, мен боқиб, катта қилдим, ишласин, пул топиб келсин”, деб ўйлашади кўпчилик ота-оналар. Шундайлардан сўрагим келади:

–Ҳей, банда, сен ўзинг фарзандинг учун нима қилдинг? Уни ўқитиб, касб-корли қилаолдингми? Эртага ўзингга ўхшаб ёши бир жойга бориб қолганида ўғил-қизига ибрат бўлгулик инсон сифатида тарбия бердингми?

Афсуски кўпчилик қарияларимиз кексаликни миннат билан қаршилайдилар, бу–нодонликдир. Нодон одам учун кексалик– оғир юк, ташвиш, ранж-алам. Ўз ёшлигининг қадрига етиб, Аллоҳ берган имкониятлардан тўғри фойдаланган ҳолда ўз ҳаёт йўлини безаб яшаган инсон учун кексалик – ганждир.

Салима ХОЛБОЕВА, Манғит шаҳриниг "Янгиобод” маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси:

– Тўғри айтасиз, – ҳаёт йўлини яхшиликлар, эзгуликлар асосига қурган инсон ҳеч қачон нолимайди. Демак, у ҳаётидан, ўтган умридан рози. Кексалик-ганж-у гавҳар. Биз ҳали кечагина оловқалб ёшлар эдик. Бугун нуроний ёшга етганимда ўтган умримга назар солиб, ёшлигимиз қандай мураккаб шароитларга тўғри келганини кўз олдимга келтираман. Ўзбекистондай жаннатмакон юртимизни четдан туриб бегоналар бошқарарди. Иш юзасидан барча расмий қоғозларни рус тилида тайёрлардик. Барча йўналишдаги дарсликлар Москванинг рухсати билан тайёрланарди. Тарихимиз сохта, тилимиз кесилган, динимиз топталган, адабиётимиз қолиплаштирилган, эркимиз занжирбанд қилинган давр бизнинг ёшлигимиз эди, азизлар. Ана шундай шароитда яшаб ҳам биз ўз йўлимиздан оғишмадик. Бугунги осойишта, фаровон даврни орзу қилиб, интилиб яшадик. Бугунги ёшлар учун, ёшлик шижоатини намоён этишлари учун яратиб қўйилган шароитларни қаранг: Улар дунёнинг хоҳлаган давлатида ўқиш имкониятига эгалар. Тил ўрганишлари, касб-кор эгаллашлари учун яратиб қўйилган шароитларнинг барчасини биз ёшлигимизда фақат орзу қилганмиз. Бугунги ёшлар ота-онаси бағрида, уйида ўтириб дунёдаги энг нуфузли кутубхоналардан интернет орқали фойдалана олишлари мумкин. Аммо афсуски, кўпчилик ёшлар бундай электрон хотирали технологиялардан ўз билимини ошириш, янгиликлардан хабардор бўлиб бориш ўрнига қаёқдаги бўлмағур, бошдан-оёқ тарбиясиз, бузғунчи ғоялар билан тўлдириб ташланган сайтларга кириб, ўз онгини заҳарлаётганлари ачинарли.

Ёшлик – гўзаллик, ғайрат-шижоатга, жасоратга тўла умр фасли. Бу фаслни эзгуликлар, бетакрор гўзалликлар билан бойитиб борган инсонгина кексайганида ганж топади. Аксинча, умрининг бу даврини елга совурса, фақат ва фақат ранж топади, пушаймонлар гирдобида қолади.

Йўлдош ФАЙЗУЛЛАЕВ, Манғит шаҳрининг "Бўстон” маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси:

– Сизларнинг гапларингизни тинглаб ўтириб, ўтган асрнинг оловли йиллари ёдимга тушди. Бизнинг болалигимиз халқимиз бошидан кечирган энг оғир, аччиқ ва қатағон йилларида кечган. Ҳамма даврда ҳам хатолар, хато қилгувчилар, хатоларга эргашувчилар бўлади. Лекин ота-онаси, яқинлари, маҳалласи, эл-юртини – Ватанини севган инсон ҳеч қачон хато йўлга кирмайди. Иккинчи жаҳон урушида бутун жаҳон,шу жумладан бизнинг ўзбек ҳалқи ҳам жон олиб, жон берди. Эсласам, ҳамон титраб кетаман: қўлидаги сўнгги бурда нонини барчага тенг бўлган, келинлик сарполарини ҳарбий қурол-аслаҳа ясаш учун пулга алмаштирган қиз-у келинчакларни кўрганман. Ўша пайтларда халқимиз қалбидаги Ватанга муҳаббат туйғуси бизнинг ғалабаларимизни таъминлаб турганлиги рост. Бирон марта ҳам одамларнинг нолиганини эшитмаганман. Шулар ҳақида ўйларканман, Юртбошимизнинг янги 2015 йилга "Кексаларни эъзозлаш йили” деб ном берганларида жуда катта ва бетакрор ҳикмат борлигини ҳис қилдим. Чунки кечаги уруш болалари, уруш даври ёшлари – бугунги кексалар. Ҳамма ҳам ёш бўлади, кейин кексаяди. Кексайганда ҳар ким ўз уйининг "париси” ва "фариштаси” бўлиши учун энг аввало ёшликнинг қадрига етиши керак. Мен бутун дунё халқлари фашизм балосига қарши эрк ва озодлик учун жанг майдонларида қон кечиб юрганида оғирнинг устида, енгилнинг остида, жонини койитмай, пана-пастқамларда турли ғаламисликлар қилиб юрганларни кўрганман. Бундайлар учун кексалик – қиш фаслидай азобли. Чунки бундай кимсалар ёшлигини ўз она Ватани, эл-у юрти, халқи бахт-саодати йўлига бахш этиш, эзгу ва хайрли ишлар қилишга сарфлаш ўрнига худбин, ўзидан нарини кўра олмайдиган тарзда, ғаламисларча яшаганлари учун халқи кўзига тик боқа олмайдилар. Одамлар назаридан қочиб яшайдилар.

Эл-юрт назаридаги инсон сифатида қариш ҳам бир санъат. Бунинг уддасидан чиқиш учун инсон энг аввало ёшликнинг қадрига етмоғи керак.

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ, журналист:

­ – ­Давра суҳбатимиз иштирокчиси Жонгилбека опа ажойиб бир таклифни ­– таълим муассасаларида қариялар суҳбатини ташкил этиш таклифини билдирди. Бу жуда яхши таклиф.

Туманимиздаги барча умумтаълим мактабларида, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида кексалар, меҳнат фахрийлари билан учрашувлар ташкил этиб, суҳбатлар уюштирилса, қариялар ёшларга уруш йилларидаги ва ундан кейинги тикланиш йилларидаги қийинчиликлар, очарчиликлар, мустақилликка эришиш йўлидаги мислсиз қийинчиликлар, халқимиз бошидан кечирган азоб-уқубатлар ҳақида гапириб, ҳозирги дориломон замоннинг қадрига етиш бўйича насиҳатларни берсалар, қандай яхши бўларди. Бундай суҳбатлар чоғида, албатта, ёшларга ёшлик даврининг қадрига етиш борасида панд-насиҳатлар ҳам бериб борилса, фойдадан ҳоли бўлмасди.

Абдукарим ҳожи ТЎPАЕВ: – Юртбошимиз Ўзбекистон Pеспубликаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимда бекорга "Қариялар – хонадонларимизнинг файзи, фариштаси”, "Қариси бор уйнинг париси бор” деган халқимизнинг ҳикматли мақолларини келтирганлари йўқ. Ҳар бир инсон кексайганида ўз хонадонининг файзи, фариштаси ва париси бўлиб яшаши учун, умр йўллари ёшларимизга ибрат ва буюк дорилфунунга айланмоғи учун энг аввало ёшлигидан ўзини ислоҳ қилиб яшамоғи керак. Ана шунда нуроний ёшида оиласида, эл-у юрт – она Ватанида хурмат, эъзоз топади.

Салима ХОЛБОЕВА: –Ҳозирги ёшларимизга ҳавас қилиш керак. Бизнинг оёғимиз етмаган юртларга бориб Ўзбекистон байроғини кўкларга кўтариб келишяпти. Албатта, бундай ёшларга ҳавасимиз келади. Бизнинг ёшлигимизда шароитни ўзимиз излардик. Ҳозирги ёшлар тўла давлат ғамхўрлиги билан қамраб олинган. Хоҳлаганча ўқиб-изланиши, касб-кор эгаллаши, тадбиркор сифатида шаклланиши мумкин. Шундай имконият ва шароитлар яратиб берилаётган бир замонда қулоғига телефонни ёпиштириб, кўча-кўйда, баъзан вақтини ҳар хил зиёфат ёки олди-қочди, маъно-мазмуни саёз фильмлар кўриб, қўшиқлар (аслида қўшиқми?) тинглашга сарфлаётган ёшларга ачиниб кетаман. "Эсиз ёшлик, эсиз ҳавога совурилган вақт”, дегим келади. Ҳатто шундай ёшларга танбеҳ ҳам бериб тураман:

–Шошил, олдингда катта ҳаёт турибди, ўзингни шу ҳаёт карвонида йўқотиб қўймаслик учун, ўзингни англаб олиш учун шошил! – дейман.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА, журналист:

–Ҳурматли суҳбатдошлар!

Бугунги суҳбатимиз орқали ёшларимизга ёшликнинг қадрига етиш юзасидан берган маслаҳатларингиз, кўрсатган йўл-йўриқларингиз айни муддао бўлди.

Ўйлаймизки, сизларнинг ҳаётий мисоллар орқали гапирган гапларингиз ёшларимизга ўз таъсирини кўрсатади ва улар ёшлик чоғида хатоликларга йўл қўймасликка, келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратишга, Ватани, эл-юрти учун фидойи инсонлар бўлиб етишишга ҳаракат қиладилар.

Давра суҳбатимиздаги иштирокингиз учун ташаккур!

Суҳбатни журналистлар Pобия ЙЎЛДОШЕВА ва

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВлар ёзиб олишди.
Янгиликни бўлишинг: