"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8068.17 -9.26
  • 1 EUR = 9899.64 -61.07
  • 1 RUB = 131.84 +2.99

БАPАКА УPУҒИ ҚАДАЛДИ

27 март куни туманимиз қишлоқ хўжалиги ходимлари, раҳбарлари ва мутахассислари, деҳқонлар, илғор фермерлар, қишлоқ хўжалигига хизмат қилувчи корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, соҳа мутахассислар иштирокида чигит экиш бўйича кўргазмали семинар-кенгаш бўлиб ўтди.

Кўргазмали семинар-кенгаш Чойкул овули ҳудудида жойлашган "Нуриллаев Бунёдбек” фермер хўжалигида ташкил қилинди. Унда Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси Pаиси М.Ерниязов иштирок этди.

Семинар-кенгаш давомида мавсумда қатнашадиган қишлоқ хўжалик техникалари ва улардан самарали фойдаланиш бўйича мутахассислар томонидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Сўнгра пахта майдонида чигит экиш амалиёти намойиш этилди.

Бу йил туманимиз пахтакорлари 15950 гектар ерга чигит экишни режалаштирмоқда. Фаолият кўрсатаётган 17 та муқобил машина трактор парклари ва 260 та фермер хўжаликлари чигит экиш мавсумига ҳар томонлама пухта ҳозирлик кўрдилар. Ерларнинг шўри ювилиб, техникалар мавсумга шай қилинди, уруғлик чигитлар тегишли шохобчаларга келтирилиб, экишга тайёр қилинди.

Мазкур хўжаликлардаги мавжуд 43 дона юқори унумли, 82 дона оддий сурим тракторлари, 385 та чопиқ ва 180 та транспорт тракторлари, 65 дона плуглар, 60 та чизел, 293 дона мола ва 1700 дона бороналар ҳамда 211 та чигит экиш агрегатларини ўзида жамлаган 60 та отряд чигит экиш даврида кеча кундуз дала бошида бўлиб, ишнинг унумини таъминлайди.

Ўз таркибига тажрибали ва малакали қишлоқ хўжалик мутахассисларини бириктирган 33 та сифат гуруҳлари ерларнинг экишга сифатли тайёрланиши ва сифатли экилишига масъул қилиб бириктирилди. Уларга оқар сув ва ёнилғи-мойлаш материаллари сарфини камайтириш учун бу йилги шароитда қайта экишга йўл қўймай, чигит экиш мавсумини жуда қисқа муддатда тамомлаш топшириғи берилди.

Жорий йил қиш ойларида об-ҳаво кўп йиллик ўртача ҳароратга нисбатан совуқ, серёғин келганлиги боис экин майдонлари тупроғининг намланиш даражаси ҳам нисбатан юқори бўлиши кузатилмоқда. Бундай шароитда чигит экиш мавсумини қисқа муддатда уюшқоқлик билан ўтказиш катта самара беради. Буни яхши тушунган туманимиз деҳқонлари ерларни чигит экишга тайёрлаш, мавжуд техникаларни, шу жумладан экиш агрегатларини ростлаш, чигитни экишга сифатли қилиб тайёрлаш ишларини самарали амалга оширмоқдалар.

Бу йил 6905 гектар майдонга қўшқатор усулда чигит экилади. Тажрибалардан кўринадики, чигитни қўшқатор усулда экишнинг афзаллиги кўп. Шунинг билан бирга қўшқатор усулда экилган ғўзани парваришлашнинг ўзига хос жиҳатлари ҳам бор. Масалан, қўш қаторлаб чигит экиш учун балл бонитети 40-50 баллдан юқори бўлмаган текис, механик таркиби енгил ва ўрта тупроқли, бегона ўтлар кенг тарқалмаган майдонлар ажратилиши керак, бу усулда кўчатлар сони одатдаги бир қаторлаб экишга нисбатан тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда 20-30 фоизгача, енгил ва қумоқ тупроқларда 30-40 фоизгача кўп қолдирилади,. Натижада кўсаклар тез етилиб, 8-10 кун эрта очилади ва ҳосилни 10-15 октябргача тўлиқ териб олиш имкони яратилади. Бу йил 7850 гектар майдонга ғўзанинг "С-4727”, 7 минг гектар майдонга "Султон”, 1100 гектар майдонга бошқа янги навлар экилади. Экиш мавсуми давомида 29 та кўчма устахоналар техник хизмат кўрсатади ва 16 та чигит тарқатиш шохобчалари узлуксиз иш олиб боради.

Муҳими, чигит экишни қулай об-ҳаво шароитида ердан нам кетмасдан, тобида, сифатли якунлаган деҳқоннинг уруғи бехато униб чиқиши тайин. Шунда ҳосил мўл, даромад кўп бўлади. Бугун туманимиз пахтакорлари мамлакатимизнинг улкан оқ олтин хирмонига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиш умиди билан ерга барака уруғини қадамоқдалар. Шундай қилиб, туманимиз хўжаликларида чигит экиш мавсуми бошланди.


Ғ.ЕШНИЁЗОВ.

М.ШОМУPОДОВ олган суратлар.

Янгиликни бўлишинг: