"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

ОИЛАВИЙ АЖPИМЛАP: муаммоларнинг илдизлари қаерда?

Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан туғилаётган баҳслар, турмушнинг дарз кетиши ва у билан боғлиқ можаролар, айрим хонадонлардаги мавжуд нотинч маънавий-руҳий муҳит натижасида содир бўлаётган никоҳдан ажралишлар бугунги кунда жамиятимизда жиддий эътиборни талаб қилувчи ҳолатдир.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ мамлакатимизда оиланинг ижтимоий негизини мустаҳкамлашга ҳамда барқарорлигига эришишга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Зеро, оила тинчлиги ва осойишталиги жамият барқарорлигининг асосий омилидир. Юртбошимиз ташаббуси билан олиб борилаётган саъйҳара-катлар замирида ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга эътиборни кучайтириш, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза этиш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш каби эзгу ниятлар мужассам бўлиб, бу масалалар бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлиги сир эмас.

Бироқ, афсус билан қайд этиш жоизки, ҳукуматимиз ва фаол жамоатчилик томонидан мунтазам равишда олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга қарамай, оилаларда ажралиш ҳолатлари учраб туради.

Никоҳдан ажралишларнинг сабаблари таҳлили шуни кўрсатадики, бу салбий иллатга ўзаро келишмаслик, аёлларнинг бозорга чиқиб кетиши, эркакларнинг ишламаслиги, рашк, хиёнат каби омиллар сабаб бўлмоқда. Аксарият оилаларда ажралиш ҳолатлари 18 дан 30 ёшгача бўлган фуқаролар томонидан қайд этилмоқда.

Ҳуда-беҳудага оилани барбод этиш, албатта болалар тарбиясига салбий таъсир этади. Боланинг уволи тутади, дейишади қариялар. Дарҳақиқат, увол-савобни билмайдиган, норасидаларнинг етим қолишини ўйламайдиган ота-оналар орамизда бор. Бундай ҳолатнинг вужудга келиши бош омили – уларнинг ҳуқуқий билимга етарли эга эмасликлари, ҳуқуқий саводхонлик даражасининг пастлигидан, маънавиятсизлигидан далолат беради. Шунинг учун ҳам улар ажралиш ҳолати қандай оқибатларга олиб келишини тушуниб етмайдилар. Ажралиш туфайли нотўлиқ оила вужудга келади. Айни кунда ижтимоий хавфли жиноятлар содир этаётган аёллар ва вояга етмаган болалар нотўлиқ оилалардан эканлиги кузатилмоқда. Ёки бўлмаса кундан-кун ошиб бораётган фоҳишахоналар, четга пул ишлаш учун ноқонуний йўл билан чиқиб кетаётган ёш қизлар, аёллар, албатта, буларнинг барчаси ажралиш оқибатида юзага келган нотўлиқ оилаларда бўлаётир.

Ҳозирги вақтда жамиятда оиланинг аҳамияти ўсаётганлиги, унинг ёш авлодни тарбиялашдаги ўрнини ҳисобга олиб, судлар ва ФҲДЁ органларининг оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қўриқлаш борасидаги роли ошмоқда. Яъни бу органларда никоҳдан ажралиш ишларини ҳал этиш жараёнида асосий эътибор эр-хотинни яраштириш ва оилавий вазиятни соғломлаштириш чораларини кўришга қаратилмоқда.

Қонунчиликда никоҳдан ажратиш учун аниқ асослар кўрсатилмаган ва буни кўрсатиш мумкин ҳам эмас. Чунки эр ёки хотин келтирган биттагина асос ҳам айрим ҳолларда никоҳдан ажратиш учун етарли бўлиши мумкин, алоҳида ҳолатларда эса бир қатор сабаблар ҳам ажратиш учун асос бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун амалиётда бу ҳолатлар тўлиқ ҳисобга олиниб, агар эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топилсагина, улар никоҳдан ажратилади.

Никоҳдан ажралиш бўйича ўтказилган умумлаштирмалар таҳлили қуйидагича:

Ажрашиб кетаётганларнинг ёши 20-35 ёшни ташкил қилади. Бу асосан оилавий турмушнинг биринчи 4 йили (35,5%) ва 5-9 йиллари демакдир. Ажрим туфайли ҳар бир нотўлиқ оилада ўртача 2-3 нафардан бола етим қолади. Демак, турмуш ўртоғидан айрилгач, она болалар тарбияси, рўзғорни юритиш каби катта масъулиятни ўз зиммасига олишга мажбур. Бундай оилавий низолар бир-бирига занжирдек уланиб кетадиган муаммоларни келтириб чиқариши муқаррар, энг ачинарлиси, кейинчалик ушбу муаммолар жиноят бот-қоғига элтадиган "равон йўл” бўлиб хизмат қилади.

Президентимиз И.А.Каримов айтганидек, "Бизнинг давлатимизни ҳам катта бир оила деб тушуниш мумкин ва лозим. Бунда ўзаро ҳурмат ва қаттиқ тартиб бўлмаса, оиланинг барча аъзолари ўз бурчларини адо этмаса, бир бирига эзгулик билан меҳр – оқибат кўрсатмаса, яхши ва муносиб тарзда яшаш мумкин эмас”.

Оила инсонга, унинг ҳаётига тўкислик бағишловчи маскан, бахт келтирувчи ва авлодлар давомийлигини таъминловчи гўша, жамият бутунлиги ва аҳиллигини кафолатловчи қўрғон экан, уни давлат аҳамиятига молик қутлуғ иш билиб, мустаҳкамлиги учун бирдам ва бардавом курашайлик!

Санобар ХОЛБОЕВА, туман ФҲДЁ бўлими мудираси.
Янгиликни бўлишинг: