"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

ЮЗ БИЛАН ЮЗЛАШАЁТГАН МОМОЛАP

Биз кўп нарсаларни узоқ-узоқлардан излашга одатланиб қолганмиз. Лекин ёнгинамизда мўъжизалар яратган, бугунги дориломон давримизнинг мустаҳкам асосини қурган, ўтмишнинг оғир юкини елкасида тутган фидойи инсонлар биз билан ёнма-ён яшаётганига эътибор бермаймиз. Ҳаётда ҳеч нарса тайёр ҳолда осмондан тушмайди. Бугунги дориломон замон ҳам осмондан тушган эмас. Бу ўтган даврдаги миллионлаб жафокаш, фидойи инсонларнинг оғир заҳматларининг мевасидир.

Ана шундай табаррук инсонлардан Хадича момо Бовбек қизи ва Қизларгул момо Абдуллаевалар айни кунда 98 ёшни тўлдириб, тўқсон тўққизинчи баҳорни қарши олишмоқда. Улар сўнгги 86 йилдан буён тенгқур дугона бўлиб, ҳозирги "Чойкўл” овули ҳудудидаги "Қорақипчоқ” ва "Шағал овул” аҳоли пунктларида истиқомат қилишади. 1929-1930 йилларда мана шу аҳоли пунктлари ҳудудида илк жамоа хўжалиги ташкил этилган. Хадича момо ва Қизларгул момолар ўша пайтда 12-13 ёшда бўлиб, мазкур жамоа хўжалиги пахта майдонларида эрта тонгдан қош қорайгунча меҳнат қилишган.

– У даврларда ерлар кетмон ва белкурак билан ағдарилиб, чигит экиларди. Ер ҳайдаш учун қўш ҳўкиз ёки от, туя ёхуд эшак қўш қўшиларди. Оғир қўл меҳнати тинкамадоримизни қуритарди. Қош қорайганда зўрға уйимизга етиб борардик. 1933-1934 йилларда рўй берган қаҳатчилик ва очарчилик ҳаммасидан ошиб тушди. Жуда кўп болалар, кексалар ва касалманд кишилар нобуд бўлди. Оммавий равишда ёпирилиб келган терлатма касаллиги ҳам кўпларнинг ёстиғини қуритди, бу касаллик ёш-у қарини аяб ўтирмади. Энг сара эл-юрт ўғлонлари қатағон қурбонлари бўлишди. Диний саводли, билимдон кишилар қамоқхоналарда ўлиб кетди. 1929-1930 йилларда ер-мулк эгалари қулоқ қилиниб, уларнинг бутун ер-мулки тортиб олинди. Хуллас, ўн-ўн бир йил давомида сурункасига бирон бир қувончли воқеа ёки ҳодиса рўй бермади. 1941 йил 22 июнда бошланган иккинчи жаҳон уруши биз кўрган кўргиликларнинг ҳаммасидан ёмони бўлди. Қурол-яроғ кўтаришга қурби етадиганбарча эркак кишилар кетма-кет урушга сафарбар қилиндилар. Қишлоқларимизда нуқул хотин-халажлар, кексалар ва болалар қолди. Эндиликда улар урушга кетган кишилар ўрнида ҳам ишлашлари шарт эди. "Ҳамма нарса фронт учун, ғалаба учун!” деган шиор фронт орқасида меҳнат қилаётган бизлар учун уруш йиллари ҳаётнинг туб мазмуни бўлиб, биз ўзларимизнинг фидойи меҳнатларимиз билан урушда ғалаба қозонишга муносиб ҳисса қўшдик. Урушдан кейинги йиллар ҳам осон бўлмади. 1950 йиллардан бошлаб сал қаддимизни кўтариб яшай бошладик. Бугунги мустақиллик даврига тўхталадиган бўлсак, бундай тинч, обод, фаровон ҳаётни биз фақат орзу қилганмиз. Дастурхонимиз нонга тўла, турли ноз-неъматлар бисёр. Невара, чевара ва эвараларимиз мактабларда, коллеж ва академик лицейларда, олий ўқув юртларида билим олишмоқда, етук мутахассислар бўлиб етишишмоқда. Мана шу камолга етаётган янги авлод бизнинг порлоқ келажагимиз. Улар Ўзбекистонимизни бутун дунёга танитишади.

Хадича момо Бовбек қизи билан Қизларгул момо Абдуллаеваларнинг ҳикояларини мароқ билан тингларканман, мен халқимизнинг сўнгги бир асрлик тарихи ҳақида аниқ бир тасаввурга эга бўлдим.

Ҳа, бу табаррук момоларимиз сўнгги бир асрлик тарихимизнинг тирик гувоҳлари ва мазкур тарихий воқеаларнинг бевосита иштирокчиларидир. Биз уларни ва улар сиймосидаги муҳтарам ва азиз кексаларимизни янада қадрлаб, эъзозлашимиз зарур. Бу бизнинг инсонийлик ва фуқаролик бурчимиздир.

Қобул ШОМУPОДОВ.

Суратда: икки дугона момоларимиз - ўнгда Хадича момо Бовбек қизи ва Қизларгул момо Абдуллаевалар.

Муаллиф олган сурат.

Янгиликни бўлишинг: