"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

Хуш келдинг, Наврўзим, обод юртимга!

Оқшомлари осуда, осмони мусаффо, ҳар бир тонги эзгу ниятлар билан отадиган юртимизга барчамиз орзиқиб кутган Наврўзи олам кириб келди.

Она заминимиз яшил либосга бурканиб, бетакрор гўзаллигини кўз-кўз қилаётган, ҳақиқий кўклам нафаси уфуриб турган шу нурафшон кунларда барча ватандошларимиз энг қадимий ва асл миллий байрамимизни шоду ҳуррамликда қарши олмоқдалар.

Наврўз янги кун чин маънода бутан табиатнинг уйғониши, деҳқончилик ишларининг бошланиши, эзгу ниятлар ила уруғ сепилиб, тўкин-сочинлик бўлишини тилаб ҳурсандчилик қилинадиган, табиатга ҳамоҳанг тарзда кишилар қалбида ҳам янги ниятлар, куч-ғайрат, азму шижоат жўш урадиган, бир-бировига меҳр-оқибат, саҳоват, муҳтож одамларга беминнат ёрдам кўрсатиш каби асрий урф-одатларимиз, қадриятларимиз яққол намоён бўладиган кун сифатида биз учун жуда қадрли байрамдир.

Шу боисдан байрам тантаналари овул ва маҳаллаларда, меҳнат жамоаларидан, умутаълим ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида бир нечта кун олдин бошланиб кетди.

19 март куни Манғит шаҳридаги Марказий ўйингоҳда "Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин” шиори остида бўлиб ўтган байрам тадбирида ҳам юртдошларимизнинг илдизлари олис ўтмишимизга туташувчи энг қадимий ва ҳамиша навқирон, асл миллий байрамимиз Наврўз соғинчи, қувончи яққол акс этди.

Тантанада дастлаб овул фуқаролар йиғинларида фаолият юритаётган миришкор деҳқонларимиз етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, улардан тайёрланган ноз-неъматларнинг кўргазмаси билан бошланди. Уста-ҳунармандларимиз ясаган буюмлар, наққошлик намуналари ҳеч бир томошабинни бефарқ қолдирмади.

Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан туманимизнинг барча овул ва маҳаллаларида ўтказилган "Маҳалланинг энг тиниб-тинчимас кексалари” кўрик танлови ғолибларининг тақдирланиши улкан ҳаётий тажрибаси, ўзининг ҳаёти билан бугунги авлод вакилларига намуна бўлиб келаётган нуроний кексаларимизга ҳурмат-эҳтиром рамзи бўлди.

Қийғос гуллаган ўрик рамзи, қулф уриб очилган турфа гуллар, шарлар билан безатилган майдон узра "Баҳор” вальси янгради, булбуллар сайроғи йиғилганларнинг кўнглига олам-олам қувонч ҳадя этди. Барча Наврўз айёми тантаналарининг бошланишини шоду-ҳуррамлик билан қарши олди.

Туман ҳокими P.Йўлдошевнинг туманимиз аҳолисига Наврўз байрами қутловини биринчи ўринбосари Б.Эрназаров ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг туман маданият ва спорт бўлим томонидан тайёрланган "Ассалом Наврўз” деб номланган театрлаштирилган байрам томошалари бошланди. Қуёш илиқ нурларини сахийлик билан томошагоҳда ижро этилган она Ватанни, Наврўзни, яшариш фасли кўкламни, бахтиёр замонамизни улуғловчи куй-қўшиқлар, рақслар барчага манзур бўлди.

Навбат кураш, арқон тортишиш, қўчқор уруштириш каби миллий ўйинларга берилди.


Байрам томошалари барча томошабинларга чексиз қувонч бахш этди.

О.PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: