"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7997.95 -28.83
  • 1 EUR = 9396.79 -201.29
  • 1 RUB = 128.37 -1.63

ЧОPВА, ПАPPАНДА, КЎЧАТ ВА УPУҒЛИК - БАНК КPЕДИТИ ҲИСОБИГА БЕPИЛАДИ

Оила даромадининг муҳим манбаи

Юртимизда халқ фаровонлигини янада яхшилиш мақсадида аҳолининг даромад манбаларини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада аҳолининг шахсий томорқасидан унумли фойдаланиши ҳамда хонадонларда чорвачилик ва паррандачиликни янада ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Pеспубликаси Бош Вазирининг 2015 йил 20 январдаги "Аҳолининг шахсий ёрдамчи хўжаликларидан самарали фойдаланиш, улар учун талаб этиладиган моддий ресурсларни етказиб бериш ва молиялаштириш ишларини тизимли ташкил этиш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги топшириғи юзасидан туманимизда ҳам амалий ишлар бошлаб юборилди.

Юқоридаги топшириқ асосида туман ҳокимининг қарори қабул қилиниб, қарор билан овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолининг шахсий ёрдамчи хўжаликларидан самарали фойдаланиш, улар учун талаб этиладиган моддий ресурсларни етказиб бериш ва молиялаштириш ишларини тизимли ташкил қилиш бўйича туман штаби таркиби тасдиқланди ҳамда бу бўйича белгиланган вазифалар ижроси мониторингини ташкил этиш ва назоратни олиб бориш бўйича овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларига масъуллар бириктирилиб, бу борада амалга ошириладиган ишлар режаси тасдиқланди.

Белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида ташкил этиш бўйича овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ишчи гуруҳлар ташкил қилинган бўлиб, улар томонидан хонадонлар кесимида аҳолининг шахсий ёрдамчи хўжаликлари хатловдан ўтказилмоқда.

Мавжуд қишлоқ хўжалиги экинлари, мевали боғлар, токзорлар майдонлари, чорва моллари ва паррандалар бош сони аниқланиб, деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш учун уруғликлар, кўчатлар, қорамоллар, қўй ва эчкилар, паррандалар ва бошқа зарур моддий ресурсларга бўлган талаб аниқланмоқда.

Ишчи гуруҳлар мониторинги натижаларига кўра, тумандаги мавжуд 28 мингдан ортиқ хонадонларда 5094 сотихдан ортиқ томорқа ер майдонлари мавжуд.

Белгиланган меъёрлар бўйича ушбу хонадонларга 79 минг бошдан ортиқ парранда, 3200 бошдан ортиқ қўй, 560 бош эчки, 200 бош қорамол етишмаслиги ҳамда шу мақсадлар учун 4.9 миллиард сўмдан ортиқ банк кредити талаб қилиниши аниқланди.

Бугунги кунда овул ва маҳаллаларда талаб қилинадиган моддий ресурслар бўйича микрокредитлар ажратиш учун зарур ҳужжатлар олинмоқда.

Аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш ҳамда шахсий ёрдамчи хўжаликларни ривожлантиришнинг молиявий асоси

Айтиш жоизки, юртимизда аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш ҳамда шахсий ёрдамчи хўжаликларида паррандачилик ва асаларичилик билан шуғулланиш учун микрокредитлар ажратиш бўйича тизимли равишда ишлар қилинмоқда.

Ўзбекистон Pеспубликаси марказий банки бошқарувининг 2012 йил 10 мартдаги қарори билан "Тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун микрокредитлар бериш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланган бўлиб, ушбу Низом тижорат банклари томонидан шахсий ёрдамчи хўжаликларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, шунингдек паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш ҳамда ихчам иссиқхоналар ташкил этиш учун микрокредитлар бериш тартибини белгилайди.

Микрокредитлар қандай шартлар асосида берилади?

Юқорида таъкидланган мақсадлар учун микрокредитлар бериш қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида амалга оширилади.

Шахсий ёрдамчи хўжалик нима?

Шахсий ёрдамчи хўжалик деганда, шаҳарча, қишлоқ, овулларда яшовчи фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида уй-жой қуриш учун берилган участкаларнинг бир қисми – томорқада оила азоларининг шахсий меҳнати асосида оила эҳтиёжлари учун деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда оила эҳтиёжидан ортиқчасини деҳқон бозорларида сотиш билан шуғулланадиган оилавий хўжалик тушунилади.

Микрокредитлар қанча миқдорда берилади?

Шахсий ёрдамчи хўжаликларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун энг кам иш ҳақининг 100 бараваригача бўлган миқдорда микрокредитлар берилади (Бугунги кунда энг кам иш ҳақи миқдори – 118 400 сўм, унинг 100 баравари эса 11 миллион 840 минг сўмни ташкил этади).

Микрокредитлар қанча муддатга берилади? Кредитни қайтариш учун имтиёзли муддат бериладими?

Ушбу микрокредитлар шартнома асосида қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқисиз:

- мевали дарахтлар ва узум кўчатлари сотиб олиш учун бир йиллик имтиёзли давр билан 3 йилгача бўлган муддатга;

- уруғликлар, минерал ўғитлар ва ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини сотиб олиш, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш ҳамда паррандачилик ва асаларичиликни ривожлантириш учун олти ойлик имтиёзли давр билан 2 йилгача бўлган муддатга берилади.

Имтиёзли давр ўрнатилган ҳолда берилган кредитлар бўйича асосий қарзни тўлаш имтиёзли давр тугагандан кейинги ойдан бошланади.

Имтиёзли даврда фақат кредит бўйича фоизлар ҳисобланади ва ундирилади. Бунда фоизлар қарз олувчига кредит бўйича қарздорликнинг амалдаги қолдиғига кунлик ҳисоблаб борилади ва ҳар ойда бир марта ундирилади.

Микрокредитларнинг фоиз ставкаси миқдори қанча?

Микрокредитлардан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси миқдори Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси даражасидан юқори бўлмаган миқдорда белгиланади. Бугунги кунда Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси 10 фоизни ташкил қилади, микрокредитлар йиллик9 фоизлик ставка билан берилади.

Микрокредитлар қайси тижорат банки томонидан берилади?

Шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахслар микрокредит олиш учун ўзлари истиқомат қиладиган жойдаги тижорат банклари филиалларидан бирига мурожаат қиладилар.

Микрокредит олиш учун қандай хужжатлар талаб қилинади?

а) Белгиланган мақсадлар учун микрокредит сўралган ариза;

б) маҳалла, қишлоқ, овул фуқаролар йиғини Кенгаши раиси томонидан имзоланган, белгиланган тартибда берилган санаси ва рақами қайд этилган ҳамда гербли муҳр билан тасдиқланган тавсиянома ва микрокредит олувчи шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахсда томорқа участкаси мавжудлиги ҳамда унинг майдони кўрсатилган маълумотнома.

в) кредит олувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатининг нусхаси;

г) микрокредитлар қайтарилишининг таъминоти сифатида тижорат банки филиалига қуйидаги таъминот турларидан бири тақдим қилинади:

- мол-мулк гарови;

- банк ёки суғурта компаниясининг кафолати;

- учинчи шахс кафиллиги;

- қарз олувчи томонидан олинган кредитни қайтармаслик хатарининг банк фойдасига суғурта қилинганлиги тўғрисидаги суғурта полиси.

Тижорат банкларининг маълумотига кўра, энг кам иш ҳақининг 50 бараваригача (бугунги кунда 5 миллион 920 минг сўм) бўлган микрокредитлар учинчи шахс кафиллиги билан берилади. Бунда кафил шахснинг бир йиллик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган даромадлари белгиланган меъёрдан кам бўлмаслиги керак. Энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан ортиқ бўлган кредит маблағлари юқоридаги таъминот турларидан бири мавжуд бўлганда берилади.

Ариза неча кунлик муддатда кўриб чиқилади?

Микрокредит сўраб, белгиланган барча зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда берилган ариза банкка келиб тушган кундан бошлаб тижорат банки филиали кредит қўмитаси томонидан уч иш кунидан ошмаган муддат ичида кўриб чиқилади.

Кредит шартномаси қачон тузилади?

Тижорат банки филиали кредит қўмитасининг микрокредит бериш тўғрисидаги ижобий қарори қабул қилинган тақдирда, қарз олувчи билан кредит шартномаси тузилади ҳамда кредитнинг таъминоти сифатида юқорида санаб ўтилган қарз олувчи томонидан тақдим этилаётган таъминот турларидан бири қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилади.

Кредитлаш қандай амалга оширилади?

Кредит шартномаси тузилиб, кредитнинг таъминотига оид ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштириб бўлинган куннинг эртасидан кечиктирмаган ҳолда тижорат банки томонидан қарз олувчига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ссуда ҳисобварағи очилади.

Микрокредитлар қарз олувчининг ссуда ҳисобварағидан унинг тўлов топшириқномасига асосан кредит шартномасида белгиланган мақсадлар учун тегишли ташкилотларнинг банкдаги талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Микрокредит ҳамда унга ҳисобланган фоизлар қандай усулларда тўланади?

Шахсий ёрдамчи хўжалик юритувчи жисмоний шахс томонидан микрокредит ҳамда унга ҳисобланган фоизларни тўлаш тижорат банки кассасига нақд пул топшириш ёки қарз олувчининг омонат ҳисобварағидан пул ўтказиб бериш, ёхуд банк пластик карточкалари орқали амалга оширилади.

Микрокредит маблағлари қайси ташкилотга ўтказиб берилади?

Шахсий ёрдамчи хўжаликларга ажратиладиган микрокредит маблағлари эвазига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари уруғлари, қорамол, парранда, қўй ва эчкилар етказиб бериш учун туманимизда "Amu naslli chorva” ҳамда "Amu meva-sabzavot” агрофирмалари ташкил қилинди.

Тижорат банклари томонидан ажратилган микрокредитлар кредит шартномаси тузилганидан кейин банк томонидан микрокредитнинг мақсадига кўра ушбу агрофирмалардан бирининг ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.

Микрокредит эвазига харид қилинадиган чорва моллари ва паррандалар ҳақида маълумот:

Айни кунда "Amu naslli chorva” агрофирмаси томонидан хорижий давлатлардан сунъий уруғлантирилганига 4 ой бўлган наслли чорва моллари олиб келиш бўйича амалий ишлар қилинмоқда.

Айтиш керакки, ҳар бир наслли чорва молидан ўртача 15-25 литр сут олинади. Агар оила аъзолари эҳтиёжи учун ҳар куни 5 литр сут ишлатилиб, қолган 20 литр сут сотилса, ҳар ойда оила 600-900 минг сўм даромад олади.

Агрофирма томонидан парранда харид қилувчиларга 1 ойлик жўжалар ҳамда тухум қўяётган товуқлар таклиф қилинмоқда. Шуниси эътиборлики, товуқлар учун қафас ҳамда 2 ойга етадиган ем қўшиб берилади.

Микрокредит эвазига харид қилинадиган сабзавот уруғи ҳамда мевали дарахт кўчатлари ҳақида маълумот:

"Amu meva-sabzavot” агрофирмаси томонидан томорқага экиш учун картошка уруғи, шунингдек, олма, нок, беҳи, ўрик, шафтоли, анор каби мевали дарахт кўчатлари ҳамда атиргул кўчатлари таклиф қилинмоқда.

Чорва моллари ва паррандалар, сабзавот уруғи ҳамда мевали дарахт кўчатларининг нархлари қандай?

"Amu naslli chorva” агрофирмаси томонидан таклиф этилаётган сунъий уруғлантирилган 1 бош наслли чорва молининг нархи – 9 миллион 500 минг сўм. 1 ойлик бир дона жўжанинг нархи – 4 минг 500 сўм. Тухум қўядиган бир дона товуқнинг нархи эса 25 минг сўм.

"Amu meva-sabzavot” агрофирмаси томонидан таклиф этилаётган 1 килограмм картошка уруғининг нархи – 2 минг сўм. Бир туп мевали дарахт кўчатларининг нархи эса қуйидагича (нархлар мевали дарахт кўчатларининг навларига қараб белгиланади): олма – 4500-5000 сўм, нок – 4500 cўм, беҳи – 4000 cўм, ўрик – 4500 сўм, шафтоли – 4500cўм, анор – 3000 cўм.

Хулоса

Ҳурматли томорқа эгалари!

Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган бундай катта имкониятдан фойдаланиб қолинг. Тижорат банкларнинг микрокредитлари эвазига шахсий томорқангизда мева ва сабзавот етиштириш ҳажмини ошириб, оилангизни кафолатли равишда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланг. Қарамоғингиздаги чорва моллари ҳамда парранда сонини кўпайтириб, уларнинг наслини яхшилаш орқали эҳтиёжингиз учун зарур гўшт, сут ва тухумни ўзингиз етиштириб, оилангиз иқтисодини яхшилаш имконини қўлдан бой берманг!

Бу билан сиз нафақат оила аъзоларингиз рационал овқатланиб, ушбу кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш учун кетадиган маблағларни тежайсиз, балки оилангиз эхтиёжидан ортиб қолган қисмини сотиб, даромадингизни оширасиз ва бозорларимизнинг янада тўкин бўлишига ўз ҳиссангизни қўшасиз.

Микрокредит олиш истагида бўлсангиз, ўзингиз истиқомат қилаётган овул ёки маҳалла фуқаролар йиғинларига мурожаат қилинг.

Ғ.Ешниёзовтайёрлади.

Янгиликни бўлишинг: