"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

МЕҲP-МУPУВВАТ – ОЛИЙ ҚАДPИЯТ

Айни кунларда юртимиз узра баҳор шукуҳи кезиб юрибди. Наврўз аждодларимизнинг яратувчанлик, янгиланиш билан боғлиқ ҳаётбахш ғояларини ўзида мужассам этган бетакрор қадриятларимиздан биридир. Бу фусункор шодиёна ҳамиша эзгуликни улуғлаб, халқимиз дилига бунёдкорлик, меҳр-мурувват, тинчлик, ватанпарварлик, мўл ҳосил ва қут-барака тилаш ғоясини жо этиб келмоқда.

Истиқлол йилларида халқимизнинг Наврўз билан боғлиқ барча қадимий қадриятлари нафақат асл қиёфасига қайтди, балки уларнинг мазмун-моҳияти янада бойиди. Жумладан, кўпкари, кураш каби миллий ўйинларимиз, арғимчоқ учиш, варрак учириш, қўчқор уриштириш анъаналари, фольклор-этнографик жамоаларнинг чиқишлари, лапар, ўланлар айтиш, қўлигул ҳунармандлар ясаган ранг-баранг амалий санъат намуналари, маҳалла-кўй ободлиги, оилалар фаровонлиги, муҳтож кишиларга хайр-саҳоват кўрсатиш билан боғлиқ удумларнинг янгича талқинлари бу байрамга янада ўзгача файз бағишламоқда.

"Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси бошқарувининг қарори билан Наврўз байрами арафасида оила ва жамиятда улуғ ёшдаги одамларнинг ўрни ва обрўсини ошириш, ёш авлодда ота-оналарни ва ҳар бир кекса кишини чуқур ҳурмат қилиш, эъзозлаш ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилиш туйғусини шакллантириш мақсадида "Маҳалланинг энг тиниб-тинчимас кексалари” танлови туманимизнинг 47 та овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилди.

"Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” шиори остида туман марказий ўйингоҳида ўтказиладиган байрам тадбирида 47 та "Маҳалланинг энг тиниб-тинчимас кексалари”танлови ғолиблари эълон қилинади ва муносиб тақдирланадилар.

Бундан ташқари, Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, етим, ногирон ва боқувчисини йўқотганлар, кўп болали оналар истиқомат қилаётган жами 250 нафардан ортиқ оилаларга "Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси томонидан 3 миллион 250 минг сўмлик мурувват ва саҳоват ёрдамлари кўрсатилди.

Бундай инсонпарварлик, саҳоватпешалик ёрдамлари туманимиз маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ҳомий ташкилотлар томонидан ҳам амалга оширилади. Зеро, меҳр-мурувват, саҳоват халқимизнинг олий қадриятларидандир.

Гавҳар ЧИМБОЙЧИЕВА, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси бош мутахассиси.

Янгиликни бўлишинг: