"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

ҲАМИША НАВҚИPОН ВА ГЎЗАЛ АЙЁМ

Наврўз – Ўрта Осиё ва Яқин Шарқ халқларининг қон-қонига сингиб кетган энг қадимий, энг гўзал ва навқирон байрам.

Минг йилларки, халқимиз юрагидан жой олиб, ҳаёт тарзимизнинг беқиёс маънавий гултожига айланган Наврўз - қайси замонда қандай ном билан аталишидан қатъий назар, ҳар кўнгил учун азиз, гўзал, муқаддас ва табаррук. Азизлиги шундаки, Наврўз яқинлашган сари инсонлар бир-бирлари ила янада жипслашадилар: маҳаллаларда бошланган сумалак сайлларида кекса онахонларимиз барча миллат вакиллари бўлган ёш келин-у қизжонларга бош бўлиб, эл-юртга омонлик тилаб, сумалак тортадилар. Сумалак сайлидан бошланган ўзаро меҳр-оқибат, бирдамлик, миллатлараро тотувлик Наврўз куни янада жўшқинлик касб этади. Ана шу лаҳзалар – ўзбег-у қозоқ, туркман-у қорақалпоқ, корейс, рус, татар, яна неча-неча миллат вакилларининг сумалак хушбўйи таралган дамлардаги қувончини кўринг! Бундайин гўзаллик фақат ва фақат бағри бутун, бағри кенг, тотув ва обод юрт Наврўзига хос!

Биз Наврўзи оламни муқаддас ва табаррук қилмоғимизда ҳам олам-олам ҳикматлар бор, азизлар. Халқимизнинг жуда олис ўтмишига бориб тақаладиган тарихий илдизларидаги теранлик Наврўзни бизга муқаддас ва табаррук қилмадими? Тарихий илдизларимиздан то бугунгача етиб келган Наврўз билан боғлиқ маънавий ёдгорликларнинг ўзида минг хил ҳикмат булоқлари ҳамон халқимиз юрагига қувват бахш этиб тургани-чи! Қадимги даврлардан бугунгача етиб келган Наврўз билан боғлиқ осори атиқалар, Абу Pайҳон Беруний, Абулқосим Фирдавсий, Маҳмуд Қошғарий ва Умар Ҳайём асарларидаги Наврўзга хос хусусиятлар, расм-русумларнинг ҳамон халқимиз ҳаётини зийнатлаб турганлиги – олам Наврўзи, мустақил Ўзбекистон Наврўзи билан дилларда фахр туйғуси уйғонади.

Ана шу фахр билан юртимизда янги кун – деҳқончилик тақвимида янги меҳнат фасли – гул Наврўз бошланади. Қаранг, Маҳмуд Қошғарий "Девону луғотит турк” асарида:

Кулди баҳорнинг юзи,

Оқди сел эриб музи.

Чиқди ёруғ юлдузи,

Тингла сўзим кулгусиз,

- дея Наврўз шарҳини ниҳоятда шодиёналик билан тасвирлаб, табиатдаги ўзгаришлар палласига ҳар бир қалбнинг эътиборини қаратишида ҳам инсоннинг орзу-умидларига, меҳнат фасли билан узвий турмуш тарзига, қувончларига гўзал бир ишора ҳоким: баҳорнинг юзи кулди, музлар эриб битди, ёруғ юлдузли кунлар бошланди, хотиржам бўлма, демоқда улуғ бобокалонимиз.

Азизлар, неча аср аввал Наврўзга берилган таъриф ҳамон ўшандай: ҳамон Наврўзнинг ташрифи билан изғиринлар йўлини тўсиб, Деҳқон бобо Баҳоройга пешвоз чиқади, музлари эриб кетган ариқларни ёқалаб юриб, янги режалар тузади. Кечалари осмон шамчироқлари порлаб кетганидан руҳланган шоир тонгда қуёшга бўй чўзаётган майсалар, новдаларда шодаланган куртаклар қулоғига ашъорлар айтади. Варраклар ипини бўш қўйиб, яшил кенгликлар томон қулочин ёйиб югураётган болакайлар шаштидадир Наврўз ҳикматлари!

Ана, боғбоннинг қучоғи тўла кўчат, қаламча! Фаровонлик, ободлик ва тўкинлик ниҳолларини экиб бораётир у! Боғбоннинг ҳар бир ҳаракатидан мустақил Ватан тупроғига минг хил ҳикмат ёғилиб турганини кўрдингизми! Бу ҳикматларда яшамоқ, яшнатмоқ гашти бор, келажакни кўзлаб қўйилаётган энг эзгу, залворли дадил қадамлар бор!

Айланайин, Ватанга эзгуликларни бошлаб, ризқ-у рўз учун ойдин йўллар очиб келаётган гул Наврўз! Мустақил, мангу Баҳор Ватанга қадаминг қутлуғ бўлсин!

Барчага мангу навқирон, азиз ва гўзал, муқаддас ва табаррук Наврўзи олам муборак!

ТАҲPИPИЯТ.

Янгиликни бўлишинг: