"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7883.99 -26.37
  • 1 EUR = 9150.95 -156.16
  • 1 RUB = 124.89 -2.72

БАҲОP ИЛҲОМЛАPИ

Турсунбой АБДУЛЛАЕВ

Мухторбекни соғиниб...

(26 ёшида, тўйи арафасида бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлган ўғлимни хотирлаб...)

Бугун сенинг туғилган кунинг,

Орзуларинг қолди қаерда?

"Қирра бурун, хурмо ранг” ўғлим,

Тўнгмадингми совуқ қабрда?

Товонингга гар тикан кирса,

Киприги-ла оларди онанг.

Бўлмасмиди тўйингни кўрса,

Қандай ғафлат маҳв этди, болам?!

Сингилларинг қолди-ку қақшаб,

–Воҳ, ака!-деб изингда гирён.

Сувсиз қолган балиққа ўхшаб

Тиқилади бўғзимга бу жон.

Туришларинг кўзларинг яшнаб,

Кўз олдимда туради доим.

Қайтмас жойга кетдинг сен ташлаб,

Жаннатда бўлгай-да жойинг, илойим.

–Мухторбек акамиз қайга кетди?-деб

Жажжи укангларнинг йўлингда кўзи.

–Бир пайтлар озгина зардам ўтди,-деб

Баҳодир акангнинг бўғзида сўзи...

Тўйингга атаган гулларимизни,

Қандайин қўямиз қабринг пойига?

Шум ўлим бойлади қўлларимизни

Хун йиғлаб борамиз ётган жойингга...

Бугун сенинг туғилган кунинг,

Муродларга етмай кетган Мухторсан...

Умидим худодан: жаннатда ўрнинг,

Тирикмиз–биз билан ҳамиша борсан!

Бугун сенинг туғилган кунинг–

Эгасиз тўй каби биз учун олам.

Сиймонг ёдимиздан ўчмайди бир зум

Биз сендан розимиз. Pози бўл, болам...

Бугун сенинг туғилган кунинг...

КЎНГЛИМГА

Агар ҳар ким фақат ўзи учун яшаса: еса, ичса, кийса, ўлим-тирикка қатнашмаса, тўй-маъракани билмаса, оға-инининг етар-етмасидан хабари бўлмаса, яна еса-ичса, кийса, ташласа - қуртдан не фарқи бор, бўсағаси тилло бўлса ҳам?!

Артдингми синглингнинг кўзидан ёшни,

Четга олиб ўтдингми йўлдаги тошни,

Баъзида пайқамай ойни, қуёшни,

Умринг ўтганини билмай қоларсан!

Бир мадад истабон келганда синглинг,

Дардини айтолмай турганда ининг.

Нега кўр, кар бўлдинг?! Нега бўлдинг жим?!

Умринг ўтганини билмай қоларсан!

Жуфтингга ширин сўз кўрмабсан-ку эп,

Ахир шу бўлди-ку ҳаётингга зеб!

Ким бўлди кафилинг: "Фурсатинг кўп!”-деб.

Умринг ўтганини билмай қоларсан!

Жисмингда сув, ҳаво, тупроқ билан ўт,

Ҳар куни бир режа қиласан хомчўт.

Ҳазрати Нуҳ каби минг йил яшаб ўт-

Умринг ўтганини билмай қоларсан!

Кимларга панд бердинг, кимдан единг панд,

Қачон оғу сўрдинг, қачон сўрдинг қанд,

Кўнглинг бўлганида энди ҳаққа банд,

Умринг ўтганини билмай қоларсан!

Аҳмад Нафасов

Аёл-қизларимизга

Аён бу, инсонга ақл ва идрок,

Сизнинг қалбни англаш учун берилган.

Балки шу сабабли қанча даҳолар,

Сизни тавоф қилган, сизга интилган.

Сиз - она, башарга тўкилган меҳр,

Аждодлар давоми, авлодлар боши.

Сиз борсиз - бу дунё дилтортар сеҳр,

Ҳамроҳ бўлганларнинг бахтдир йўлдоши.

Сиз опа, сингилсиз - мужассам иффат,

Мужассам нафосат, ҳаё билан ор.

Сизга доим ҳурмат ҳамда ардоқ шарт,

Чунки сизлар билан гўзал ҳаёт бор.

Сиз - ёрсиз, рўзғорнинг файзи ва кўрки,

Сиз-ла даромадда бўлар баракат.

Шу сабаб ақлли эр зоти борки,

Доим эъзозлашга қилар ҳаракат.

Сиз - келин, эгилиб қайноқ чой тутиб,

Қайнота, қайнона кўнглини топган.

Кетганда кузатиб, келса шод кутиб

Олсангиз куёвлар дер: "Бахтим чопган”.

Не дейлик сизларнинг шарафингизга,

Қанча улуғласак, шунчалар оздир.

Мингта сўз яралса гар тилимизда,

Албат, тўққиз юзи сизларга хосдир.

Қутлуғ бўлсин бугун байрамларингиз,

Сиз борсиз - ҳаётга берилар имкон.

Бизнинг бахтимизга омон бўлингиз,

Сиз билан яшариб, яшнагай жаҳон!

Бўлмаса

Бўлгайми равшан дилинг гар уйда ёринг бўлмаса,

Ҳамфикр, ҳамдам бўлувчи аҳдида боринг бўлмаса.

Дил-ёруғ, ақлинг –тиниқ, бошинг ҳар ғамдан йироқ,

Бўлгайми уйда ҳаловат ғамгусоринг бўлмаса.

Соғлом, басавлатсан, шукур, бу ҳаёт қайда эди,

Жисмидан жон берган ул онаизоринг бўлмаса.

Гулга учган андалибдек талпинарсан уй томон,

Маъни не, ҳар лафзида шаккари боринг бўлмаса.

Доимо ўрнак олиб фарзандларинг топгай камол,

Бу жуда мушкул агар уйда ҳамкоринг бўлмаса.

Давлатинг кўп, омадинг зўр бўлса қанча майлига,

Бари тотсиздир агар чин вафодоринг бўлмаса.

Аҳмадо, тутма қаламни ногоҳ дилингда агар,

Оналарни мадҳ этай деган қароринг бўлмаса.

Анвар Алламбергенов

ЁМҒИP

Ошно қилдинг ҳаётимни хаёл билан,

Дунёда йўқ орзудаги ҳилол билан,

Гуноҳларим бисёрини ювсанг эди,

Беҳиштда тенг турсам эди Билол билан.

Завқ бағишлар ҳар бир томчинг хаёлимга,

Ўйланаман жавоб топмай саволимга,

Парво қилмам бу фанонинг ҳийласи кўп,

Умр бергин хуш ниятим ниҳолимга.

Ёмғир, сенинг шавқинг жуда ёқиб кетди,

Сездирмасдан берган завқинг ёқиб кетди.

Ҳар баҳорда, ҳар ёмғирда эсга тушар,

Ул нигор ҳам армон ўтин ёқиб кетди.

ФарҳодАваз

Ота дуоси

Ишим битсин десанг борган жойингда,

Pизқинг ҳозир бўлсин, десанг пойингда.

Насибанг оқади оқар сойингда,

Отанг дуосини олиб юр, болам.

Ҳар куни бир савоб ишни қилгайсан,

Садақа балога даф, буни билгайсан.

Пайғамбар қабрини тавоф қилгайсан,

Отанг дуосини олиб юр, болам.

Одамнинг аввали одам Атодир,

Банданинг қилмиши доим хатодир.

Ҳар неки иш қилса қодир Худодир,

Отанг дуосини олиб юр, болам.

Отанг хатосини айтма ўзига,

Амал қил ҳамиша айтган сўзига.

Сийламагин фақат элнинг кўзига,

Отанг дуосини олиб юр, болам.

Куфрга берилиб гуноҳга ботма,

Аср, шом вақтида тўшакда ётма.

Сиртидан бўлсада ёмон гап айтма,

Отанг дуосини олиб юр, болам.

Баҳо қўйма отанг каму-кўстига,

Сир бой берма унинг душман-дўстига.

Чиқиб бўлмас отанг бор уй устига,

Отанг дуосини олиб юр, болам.

Фарҳод эслар бугун қилган хатосин,

Pози қилдимикан сийлаб отасин.

Ҳамроҳ қилай десанг Мусо асосин,

Отанг дуосини олиб юр, болам.

Алла айтинг, онажонлар

Илоҳий руҳ ҳақда қасида,

Тингласин мурғак жонлар.

Алла айтинг аллангиздан,

Улғайсин тоза виждонлар.

Алла айтинг –

Ғафлатлар чекинсин дунёда,

Уйғонсин мудроқ жонлар.

Таназзул тутган бани одамга,

Қайтсин ор, ғурур ва шонлар.

Алла айтинг –

Замонлар этагида келган,

Жаҳолатдан қолмасин нишона.

Буюк миллатни елкалаган,

Она бешик бўлмасин вайрона.

Алла айтинг –

Дунё бахт берсин аёлга,

Улуғлансин қадр-қиммати.

Севмоқ, вафо берсин аёлга,

Чекланмасин инсон ҳиммати...

Илоҳий руҳга қасида,

Алла айтинг, онажонлар.

Бугун уйғонмоқ ҳақида,

Алла айтинг, онажонлар

Алла айтинг, онажонлар!

Ўлмасбек ХЎЖАЕВ.

Онажонимга

Сиз она, мен фарзанд қайга қочармиз,

Нурли изингиздан термулар кўзлар.

Қалам тутган қўллар қанчалар ожиз,

Айтинг, сиз ким ўзи - оловли юзлар.

Қуёшнинг кетидан эргашмоқдаман,

Исёнга айланиб бормоқда тақдир.

Дунёни ваъдалар этгим келмайди

Ҳаёл рўё эрур ҳаёт лек хақдир.

Босган изларингиз билмадим недир,

Мадҳингиз куйлайман башариятга.

Сиз сўранг, жонимни беролармидим,

Ҳатто йўқ жасорат курашмоқликка.

Аммо не бўлса-да, рости, азизам,

Фарзандман оқлайман улуғ номингни.

Олдингда бош эгиб тургайман доим,

Гар бурчим унутсам, олгай жонимни.

Шаҳзод ҚУPБОНБОЕВ,

36-сонли мактабнинг

9 синф ўқувчиси.

Онамга

Онажоним, кетмай туринг дунёдан,

Ишонганим, сиз қолдингиз ёнимда.

Парвоналар кўпдир асли онажон,

Сохталикка яқин улар аслида.

Сиз кетсангиз ғарибгина бўлгайман,

Насиҳатни айтинг, кимдан олгайман.

Бошларимни бир бор силанг мунисам,

Бағрингизда бир зум ором олгайман.

Пешонамдан ўпманг асло, онажон,

Ўпиб қўйиб, лабингизни қимтиманг.

Охиратга бу дунёдан кетар чоғ

Қизингиздан, ангоридан куйинманг.

Мард қизиман ўзбек, қорақалпоқнинг,

Гулойим деб бекор қўймадингиз ном.

Фарзандларим камолини кўрсам деб

Эзгуликка интиламан эрта-шом.

Дўстларим кўп, ишим келса ўнгидан,

Сенга "рахмат”,

отангга ҳам. Дер "балли”.

Бироқ сизни ногоҳ қўйсам йўқотиб,

Мен шўрликка кимлар айтгай тасалли.

Онажоним, кетманг фоний дунёдан,

Суянганим, сиз қолдингиз ягона.

Гулойим БЕГЖАНОВА.

(Фото - http://www.uza.uz)

Янгиликни бўлишинг: