"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9537.55 +26.01
  • 1 EUR = 10545.7 +68.60
  • 1 RUB = 149.88 +1.21

СПОPТЧИЛАP ОИЛАСИ

Спортни саломатлик калити, дейишади. Шу сабабдан ҳам унга ошно бўлган инсонлар доимо ҳаракатда бўлишга, машаққатли бўлсаям спортнинг машқларини доимо бажаришга интиладилар.

Шундай инсонларнинг бири, ҳамюртимиз Аллаёр Йўлдошев кичкиналигиданоқ спортга ҳавас қўйди. Спорт билан бетиним шуғулланиши натижасида у ўқувчилик даврларидаёқ кўпгина мусобақаларда иштирок этарди. Мусобақаларнинг ҳаммасида эмас, айримларидагина эришган ғалаба Аллаёрнинг шу соҳага бўлган қизиқишини тобора ошириб борарди.

Спортга бўлган қизиқиш, ўз мақсади сари интилиш Аллаёрнинг Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтига ўқишга киришига сабабчи бўлди. Олийгоҳни муваффақиятли тугатган Аллаёр ўқитувчи сифатида дастлабки иш фаолиятини 1978 йилда ўрта мактабда жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлашдан бошлади. У мактабда жисмоний тарбия муаллими бўлиб ишлаган пайтида ўқувчиларнинг жисмоний тарбия ва спортга бўлган қизиқишларини оширишга ҳаракат қилди.

Кейинчалик, 40-сонли ҳунар-техника билим юртида ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, 1-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи, услубчи мутахассис, шу спорт мактаби директори лавозимларида фаолият юритганида ҳам ёш авлоднинг жисмонан ва ақлан соғлом бўлиб вояга етишларига доимо эътибор бериб келди.

А.Йўлдошев 2012 йилдан буён 1-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида мураббий вазифасида фаолият кўрсатмоқда. У турмуш ўртоғи Дармон Жумамуродова билан биргаликда 3 нафар ўғилни яъни, 3 нафар спортчини вояга етказишди. Аллаёрнинг рафиқаси Дармон Жумамуродова Амударё агробизнес касб-ҳунар коллежида ўқитувчилик қилади. Шу билан бирга у коллеж хотин-қизлар қўмитасининг раиси, коллежда аёллар ўртасида волейбол бўйича ўтказилган мусобақаларнинг бир неча бор ғолиби ҳисобланади.

Оиланинг катта фарзанди Беҳзод Йўлдошев 2012 йилда Нукус Давлат педагогика институтининг жисмоний тарбия факультетига ўқишга кирди. У ўтган йили Самарқанд шаҳрида волейбол бўйича ўзбекистонлик талабалар ўртасида ўтказилган мусобақаларда фахрли 2-ўринни ва Тўрткўл шаҳрида волейбол бўйича ўтказилган мусобақада 1-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Айни кунда Беҳзодга тажрибали мураббий Аллаёр Казаков устозлик қилмоқда. Ўртанча фарзанд Бунёд Йўлдошев ўрта махсус маълумотга эга бўлган спортчи. У Амударё агробизнес касб-ҳунар коллежини жисмоний тарбия йўналиши бўйича тугатган. Бунёд ҳозирги кунда ҳам туманимизда ўтказилаётган спорт мусобақаларининг кўпчилигида иштирок этиб, яхши натижаларга эришиб келмоқда.

– Кенжа ўғлингиз Жаҳонгир ҳам спортга қизиқадими? – дея савол берганимда Аллаёр Йўлдошев менинг қўлимга "Жисмоний тарбия ва спорт” журналини тутқазди-да:

– Ҳақиқий спортчи кенжа ўғлимиз Жаҳонгир бўлади-ёв чамамда, – деди.

Журнални варақлаб, унинг қўш саҳифасида эълон қилинган Нукус шаҳрида бўлиб ўтган футбол бўйича XVI Pеспублика мусобақаларининг ҳудудий саралаш босқичи иштирокчилари – Қорақалпоғистон футбол жамоасининг каттакон суратини, улар орасида Жаҳонгир ҳам борлигини кўриб ҳам ҳайратландим, ҳам қувондим.

Аллаёрнинг айтганича бор экан, Жаҳонгир ҳақидаги маълумотларни кўздан кечириб, ҳақиқатан ҳам унда спортга бўлган ҳавас ва иштиёқнинг кучли эканлигини англадим. Негаки у 5-синфдан Нукус шаҳридаги футбол мактабига ўқишга бориб, ўқиш жараёнидаёқ мусобақаларда фаол иштирок этиб, футбол бўйича 1-даражали дипломни, "Энг ёш спортчи” фахрий ёрлиғини, "Мини футбол” турнирининг 2-даражали дипломини ва бошқада бир қанча мукофотларни олишга эришган экан.

2013 йилда футбол мактабини муваффақиятли тугатган Жаҳонгир Йўлдошев Олимпия заҳиралари коллежига ўқишга кирди. Айни кунда унга таниқли спорт мураббийи Нигматулла Қутибоев устозлик қилмоқда.

Биз ушбу мақоламизда Қипчоқ овулида ҳамма ҳавас қиладиган спортчилар оиласи – Аллаёр Йўлдошев ва унинг турмуш ўртоғи Дармон Жумамуродовалар оиласида тарбия кўриб, вояга етаётган спортчи фарзандлар ҳақида қисқагина ҳикоя қилдик.

Бу аҳил оилада ўсиб-улғаяётган фарзандларнинг бахтли келажаги, қувончли кунлари ҳали олдинда.

Биз бу ёшларга нуфузли спорт ареналарида ғолиблик нашидасини суриб, юзи ёруғ бўлишини тилаб қоламиз.

Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ, "Менинг оилам”

газетаси мухбири.

Янгиликни бўлишинг: