"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8312.64 -2.85
  • 1 EUR = 9456.46 +47.75
  • 1 RUB = 125.22 +1.15

ДАВP ТАЛАБИГА МОС ИШЛАШ - БУPЧИМИЗ

Мустақил давлатимизнинг стратегик келажагини бугунги давр ёшларининг куч ва салоҳияти, билим даражаси белгилайди. Шу туфайли мамлакатимизда ёшлар ҳаётига доир барча масалалар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ёшларнинг ижтимоий-маънавий ҳамда сиёсий-ижтимоий жиҳатдан фаоллигини ошириш, уларнинг тўлақонли билим олишлари, фан асосларини чуқур эгаллашлари, ўзлари хоҳлаган касб-ҳунар йўналиши бўйича таҳсил олиб, ҳаётга фаол аралашувини таъминлаш мақсадида кенг қамровли имкониятлар яратиб берилган.

Бугунги кунда ўрта умумтаълим мактабларини тугатган ёшларнинг барчаси академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига, узлуксиз таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олинган. Ўқувчи-ёшларнинг таълим-тарбия олишлари учун бу ўқув масканларида барча зарур шарт-шароитлар мавжуд. Айниқса, ўқувчи-ёшларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш мақсадида турли хил адабий-бадиий тадбирлар, спорт мусобақалари, ҳар хил мавзудаги интеллектуал ўйинларнинг аввал мактаб, лицей ва коллежларда, кейинчалик ҳудудий ва туман босқичларида ўтказилиши, ёшларимиз ўртасида янги-янги иқтидор ва қобилият соҳибларини кашф этиш имконини бермоқда.

Ҳозирги глобаллашув жараёнида ёшлар билан ишлашиш, уларнинг интилишларини ўз вақтида қўллаб-қувватлаш, фикрларини тинглаб, йўл-йўриқ ва маслаҳатлар бериш ҳар биримиздан катта куч ва билим талаб қилади. Айниқса, умумтаълим мактабларидаги "Камалак” болалар ва ўсмирлар ташкилотлари етакчилари билан "Камолот” ЁИҲ бошланғич ташкилотлари раҳбарларининг ҳамкорликдаги ишлари ёшлар ҳаётига оид кўпдан-кўп муаммоларни ҳал этиш имконини беради. Чунки бугунги ўсмир эртага коллеж ва лицей ўқувчисига айланади. Шу боис, айниқса, "Камалак” болалар ва ўсмирлар ташкилоти етакчилари ўқувчи-ёшларнинг касб танлашларида, ўзлари танлаган касб йўналишлари бўйича таълимнинг кейинги босқичига йўлланма олишларида энг яқин маслаҳатгўй бўлмоқлари лозим. Ўқувчи-ёшларни бирон бир касбга йўналтиришда уларнинг орзу инитилишларига эътиборли бўлиш талаб этилади. Бунда мактабларда турли хил тўгараклар фаолияти муҳим ўрин тутади. Тўгараклардаги машғулотлар ўқувчи-ёшларнинг ва ўсмирларнинг қизиқишлари ҳамда иқтидорини юзага чиқаришда энг муҳим восита ҳисобланади. Алоҳида қобилиятли ўсмир-ёшларни ҳар хил мақсадли тадбирларга жалб этиш, беллашувларга тайёрлаш, уларнинг иқтидорини муносиб рағбатлантириб бориш – ҳар бир тўгарак раҳбари, қолаверса, "Камалак” етакчилари ва "Камолот” ЁИҲ бошланғич ташкилотлари раҳбарларининг масъулиятли вазифасидир.

Мактаблар, академик лицей ва коллеж ўқувчи-ёшлари ўртасида гиёҳвандлик ва унинг оғир оқибатлари, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, ёшлар ўртасида "оммавий маданият”нинг ҳар қандай кўринишларига қарши курашиш, саломатлик – соғлом турмуш тарзи каби мавзуларда давлат ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдекжамоатчилик тузилмалари билан ҳамкорликда семинарлар, давра суҳбатлари уюштириш, бундай учрашув-йиғилишларида ёшларнинг иштирокини таъминлаш бугунги давр ёшларининг ижтимоий фаоллигини оширишда энг муҳим омил ҳисобланади.

Демак, умумтаълим мактабларидаги "Камалак” ўқувчи-ўсмирлар ташкилотлари ҳамда "Камолот” ЁИҲ бошланғич ташкилотлари раҳбарлари қоғоз қоралаш, иш столига ёпишиб ўтириб ҳар хил расмий хужжатлар тузишдан амалий фаолиятга ўтмоғи, ҳаётнинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланиб, ўсмир-ёшлар билан ҳамнафас, ҳамқадам иш олиб бормоқлари жоиз.

"Камалак” ташкилоти аъзолари дарсдан бўш вақтларида нима билан машғул? "Камолот” ЁИҲ аъзолари-чи? Уларнинг орасида бир-бирига лоқайд ва бепарво кайфиятли ёшлар йўқми? Уларнинг қизиқишлари қандай? Муаммолари бўлса, ёшлар етакчилари уларни ҳал қилиш учун қандай тадбирлар, режалар ишлаб чиқаётир?

Бугунги ўсмир-ёшлар етакчилари ана шундай саволларга ўз амалий фаолиятлари билан жавоб бера оладиган билим ва салоҳиятга эга бўлмоқлари шарт ва зарур! Бу – давр, замон талаби.

Мансур ЎPОЗБОЕВ, "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши раиси.

(Фото - http://tanlov.uz)

Янгиликни бўлишинг: