"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8146.38 +9.33
  • 1 EUR = 9965.47 +189.60
  • 1 RUB = 143.97 +0.63

ДУГОНАЛАP, БОPМИСИЗ, ОМОНМИСИЗ?!

Аёл – жамият таянчи, кўрки ва эзгулик сари йўналтириб турувчи қудрат соҳибаси. Аёл – у энг аввало она, оила бекаси, рафиқа, малакали мутахассис, раҳбар, илм-фан фидойиси. Кўрдингизми, бугунги замонавий Аёлнинг зиммасида қанчалик залворли юк бор! У ана шу залворли юкни елкасида тутибгина яшамайди,балки ҳар лаҳзада аёллик масъулиятини юрак-юрагидан ҳис этиб, фақат ва фақат олдинга дадил интилиб яшайди. Дадиллик унга куч беради, эзгу орзу-умидлар рўёби учун доимий фаол ҳаракатда бўлишга ундайди.

Хўш, бугунги давр аёлининг ҳаётга қарашлари қандай? Уни қандай муаммолар безовта қилаётир? Ёш аёл-қизларимизнинг ижтимоий фаоллигини янада ошириш борасида қандай муаммолар бор?

Биз бугунги "Дугоналар, бормисиз, омонмисиз?!” деб номланган давра суҳбатимиз иштирокчилари билан айнан юқоридаги саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА, журналист:

– Ассалому алайкум, аввало таҳририятимизга хуш келибсизлар.

Суҳбатимизни бошлашдан олдинэътиборингизни бир фикрга қаратмоқчиман. Яъни, бугунги давр аёли билан кечаги кун аёли ўртасидаги фарқ, уларнинг дунёқараши, жамиятда ўзини тутиши, шахс сифатида шаклланишида жиддий муаммолар юзага келаётгандай...

Ширин ЯНГИБОЕВА, Ўзбекистон "Миллий тикланиш” демократик партияси раиси ўринбосари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати:

– Фикрингизга қўшиламан. Лекин барчага, айниқса, жамиятимиздаги фаол аёлларга нисбатан бундай фикр билан қараш нотўғри бўлади. Аввало, кечаги кун аёли биқиқ бир шароитда яшади, ижод этиб, меҳнат қилди. Собиқ тузумнинг қолиплаштирилган сиёсати таъсирида қанча-қанча иқтидорли аёл-қизларимиз туманимиз маркази – Манғитдан нарига ўтишгани йўқ. XXI аср ўзбек аёли тамоман ўзгарди: у илм-фанда, спортда ва санъатда, барча соҳаларда илгарилаб кетди. Ҳуқуқий онги ўсди, дунёқараши кенгайди. Бу – аёлнинг шахс сифатида шаклланишида муҳим аҳамият касб этади, албатта. Лекин ана шу шаклланиш жараёнида сиз айтмоқчи бўлган муаммолар ҳам юзага келганини яшира олмаймиз. Аввало, кечаги кун аёли билан бугунги замонавий аёлнинг ўзини тутишига бир эътибор беринг-а! Фарқ катта, тўғрими? Бу–айниқса аёлларимизнинг кўча-кўйда, оилада ўзини тутишларида, кийиниш маданиятида яққол сезилади. Энг ёмони, кўпчилик аёлларимизнинг ўзларича "замонавий” бўламан, деб "оммавий маданият” га ружу қўяётганлари.

Гуласал МАТЁҚУБОВА, 10-сонли умумтаълим мактаби директори, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати:

– Мен ҳам шуни айтмоқчи эдим. Назаримда нуроний ёшга етган кекса онахон ва момо-бувиларимиз амал қилган аёллик салтанатининг барча аёллар учун ўта муҳим бўлган сабр-қаноат, меҳр-оқибат, шарқона одоб-икромлилик тамойилларига муносиб фазилатлар кўпчилик аёл-қизларимиз учун бегона. Ҳаётий мисол, мактаб раҳбари сифатида ўқувчиларнинг ҳар хил жимжимадор, қимматбаҳо тақинчоқларга берилиб, мода кетидан қувишига қарши юқори синф ўқувчи-қизлари билан суҳбатлар ўтказаман. Айнан менинг суҳбатимда иштирок этган, танбеҳ эшитган айрим ўқувчи-қизларнинг оналари кўпчилик ҳолларда қизларига танбеҳ бериш ўрнига мендан хафа бўлишади. Қизлари кўча-кўйда очиқ-сочиқ, беўхшов кийиниб, сочларини ёйиб юришса яхшими? Ахир ўсмир ва балоғот ёшидаги қизларнинг тор шим кийиши оқибатида тос суяк зарарланмайдими? Буни замонавий тиббиёт ҳам тасдиқлаб турибди-ку! Доимий равишда тор шим, тор юбка кийган қизлар эртага турмуш қуриб, она бўлганларида қанчалик қийналишини бир ўйлаб кўрсалар ёмонми? "Оммавий маданият”, деб бонг урамиз. "Оммавий маданият”га интилиш оқибатида кўпчилик аёлларимиз ўз қизларига ибрат бўлиш ўрнига ана шу тўрга онглиравишда илиниб қолишаётир. Қаранг, ўзим кўп бора гувоҳ бўлган ҳолат: кўчанинг у юзи билан бу юзида кетаётган икки нафар ёшгина келинчак бир-бири билан сўрашяпти:

– Айва, Дили, как дело?

– Айва, зўр. Давай, Зульфи, ночда кел, подружкаларим келишади.

Сўнг иккаласи бир-бирига қўлларини лабига теккизиб, ғойибона "ўпич” юборишади.

Ана холос, дейман. Бу қандай сўрашиш, бу қандай муомала-муносабат?

Кечаги аёл шундай қилармиди? Йўқ, албатта: ўзбек аёлига хос саломлашиш одоби, ибо ва ҳаё мужассам эди унинг феълида. Ҳеч қачон ўзбек аёли сон ва тирсакларини, аврат жойларини очиб либос киймаган. "Оммавий маданият” қаердан пайдо бўлади? Энг аввало тарбиясизликдан. Савияси пастлик одамни шу кўйга солади.

Зулҳижжа ХУДОЁPОВА, миллий кураш бўйича жаҳон чемпиони, 2-сонли БЎСМ нинг спорт мураббийси:

– Ширин опа, сизXXI аср ўзбек аёли тамоман ўзгарди, барча соҳалар бўйича илгарилаб кетди, дедингиз. Мен ҳам шу фикрдаман. Лекин эшитиб, таҳлил қилиб ўтирсам, Гуласал опанинг куйиб-пишиб гапирганича бор. Ҳақиқатан ҳам биз компьютерлар, юксак технологиялар асрига қадам қўймасимиздан аввал (болалигим эсимга тушади-да) аёлларимизнинг эл ичида ўзларини тутишлари бошқача, гўзал эди. Айниқса, уларнинг либослари! Ҳар хил фасондаги атлас ва шойи кўйлаклари, икки ё бир ўрим қилиб орқасига ташлаб олган сунбул сочлари ёки бошига чамбарак қилинган сочлари устидан нафис ўраб олган рўмоллари аёлларимизга янада гўзаллик, жозиба бағишларди. Энди кўча-кўйда сочи узун қизни кўрсак, худди мўъжизага дуч келгандай бўламиз. Ахир замонавий бўлиш дегани Гуласал опа айтганларидай, она тилимизни бузиб, русча-инглизча сўзларни чала-чулпа нутқимизга қўшиб гапириш ёки қизларимиз кўкрак ва киндигини очиб, тор шим, тор юбка кийиш, дегани эмас-ку!

Баъзан коллеж ўқувчилари бўлган қизларнинг кафе ва ошхоналарда ўртага пул йиғиб, бўш вақтларини бўлмағур ўтиришларга сарфлашаётганига гувоҳ бўламан. Бўш вақт нима ўзи? Бўш вақт – чегараланмаган имконият-ку ахир! Бу имкониятдан балоғат ёшидаги ва бу ёшдан ўтган қизларимиз, барча аёллар унумли фойдалансалар, ёмон бўлмасди. Бошқалар қандай фикрда, билмадим-у, менинг назаримда аёл зотининг бўш вақти бўлмаслиги керак. Ҳеч бўлмаганда бичиш-тикишни ўргансин, бу–оила иқтисодига ёрдам. Спорт билан шуғуллансин, бу машғулот аёлнинг мустаҳкам соғлиги учун кафолат. Шуни биламанки, ҳар иккала машғулот ҳам аёл шахсининг ижобий томонга шаклланишида муҳим омил бўлади. Қолаверса, мамлакатимизда аёллар спортини ривожлантириш борасида Президентимиз раҳнамолигида жуда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Туманимизда ҳам аёллар хоҳлаганча шуғулланишлари учун спорт иншоотларимиз эшиклари ланг очиб қўйилган. Аёл оилавий тарзда спорт тўгаракларига қатнашиши ҳам мумкин. Бунга озгина ҳафсала қилинса, бас. Агар аёл бўш ўтирса, у совуққон бўла бошлайди. Муомаласи, ҳаётга қараши борган сари салбий томонга ўзгариб бораверади.

Pоза ГУЛМОНОВА, туман ДСЭНМ шифокори:

– Зулҳижжа ҳаммамиздан ёш бўлса ҳам жуда кузатувчан, фикри теран қиз экан. Тан олиш керак, спортчилар ҳар томонлама, ҳатто фикрда ҳам соғлом бўлишади. Ҳақиқатан ҳам бугунги давр аёли ҳар соҳада илгарилаб кетди-ю, назаримда қуёшга интилиб ўсган дарахт илдизи туфайли ривож топаётганини сезмагани каби аёлларимиз замонавийлашаман, деб маънавий илдизини унутиб қўяётганлари йўқми? Сабаби, шифокорман, халқ орасида кўпроқ бўламан. Баъзан кир сувларини уйи эшигидан туриб кўчага "шалоплатиб” тўкаётган қиз-у келинларимизни, ҳатто катта ёшдаги аёлларни кўраман. Ёз ойларида оқар сув бўйларида, Манғит арна, Бўз сув, Қипчоқ арна каналларида кир юваётган, ҳатто шу каналларга челак тўла ахлатни ағдариб кетаётган келинпошшаларни жуда кўп кузатганман. Энди кечаги аёлнинг ҳатти-ҳаракатлари билан замонавий аёлларимизнинг қилаётган ишларига бир баҳо беринг-у, хулоса чиқаринг. Хўш, бизнинг оналаримиз шундай номаъқулчиликларни қилганми? Албатта, йўқ! Улар биз қизларини, яъни ҳозирги давр аёлларини ёнларига ўтқазиб қўйиб насиҳат қилардилар:

–Оқар сувга тупурма, кўр бўласан. Ўзингдан каттанинг олдидан кесиб ўтма, одобсизлик бўлади. Сочингни кессанг, бахтинг кесилади. Яхши муомала, чиройли саломлашиш – инсоннинг безаги, – деб қайта-қайта уқтирардилар. Бундай ўйлаб қарасам, айб ўзимизда. Биз аввало аёл, она ва мутахассис ёки раҳбар сифатида ўз маънавий илдизимизни унутиб қўяётирмиз. Қизларимизга оналаримиз бизга берган ўгитларини такрор-такрор уқтирамизу ўзимиз айнан шу ўгитларга жуда кам амал қиламиз. Ўзимизча "замонавий, маданиятли аёл бўлиш”ни истаб, ёшимиз 30-35 дан ўтганида сочимизни кесамиз. Қайсидир хориж давлатининг ёрлиғи билан бозоримизда пайдо бўлган ғалати бичимдаги тор ва очиқ кўйлакни киямиз. Ҳар ойда (шундайлар афсуски, орамизда кўп) ҳеч бўлмаганда бир марта туманимиздаги номдор кафе ёки ошхоналарда "синфдош зиёфат”, "қурдош зиёфат”, "қариндош зиёфат” деган ўтиришларга чиқамиз. Ҳатто айрим аёлларимиз бундай зиёфатлар дастурхонига спиртли ичимликлар ҳам қўйишади ва ... татиб кўришади.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА, журналист:

– Pозажоннинг гапида жон бор. Яхшиси, бир ҳаётий мисол келтирай: таҳририятимизга келган ёшгина келинчак ўзи яшайдиган овул оқсоқолидан шикоят қилди:

–Уч ойдан бери фарзандимга нафақа тайинлашмаяпти, ёрдам беринг, – деди у.

–Хўп, ёрдам берамиз, Сизга нима сабабдан нафақа тайинлашмаётганини суриштирамиз.

Шундай деб келинчак айтган ОФЙ раиси билан телефон орқали боғланиб, вазиятни тушунтирдим. Маълум бўлишича аёлнинг эри бир неча йил шартнома асосида Корея давлатида ишлаб қайтибди. Янги иморат қуриб, енгил машина олибди. Ҳозирги кунда шаҳарлараро йўналишлар бўйича киракашлик қиларкан. Бу оила кам таъминланган болали аёллар учун бериладиган нафақага умуман мухтож эмас экан. Мен аёлга буни ётиғи билан тушунтирсам, нима дейди денг: "Ўзимнинг борди-келдиларим, "ташкил”ларим (зиёфат демоқчи) учун керак опа, эрим "йиғиштир, буларинг учун пул бермайман”, деяпти”, дейди-да! Қаранг! Аёл-нинг оиласи ўзига тўқ, ҳамма томонлама яхши таъминланган экан.

– Эрингга раҳмат, жуда тўғри айтибди, - дедим аёлга. – Яхшиси, эринг айтганидай, "ташкил” деган муаммони йиғиштириб, икки нафар боланинг тарбиясига қара.

Кўрдингизми, айрим аёлларимиз тўқликка шўхлик қилиб, худбинлашиб бормаяптими? Давлат томонидан кам таъминланган оилаларга фарзандларини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида ажратилган маблағлар ҳисобидан нафақа "тўғрилаб”, ҳар хил кўнгилочар ўтиришлар қилишни хоҳлаётган аёллар, тўғриси, мени кечирсинлар-у ўз қобиғига ўралиб, ўзидан нарини кўрмайдиган боқимандаларга айланиб қолишаётир. Кимдир ўғил-қизим яхши еб-ичсин, яхши ўқув юртларида ўқиб, илмли бўлсин, деб югуриб-елади, тадбиркорлик билан шуғулланади. Яна кимлардир давлатнинг ғазнасига кўз тикиб, шахсий режалар тузади, ўғил-қизига яхши тарбия бериш ўрнига бўй етган қизини ё ўғлини эргаштириб "қариндош зиёфат”, "қурдош зиёфат” қабилидаги ўтиришларга боради. Тағин бу каби зиёфатларни номдор кафе ёки ошхоналарда, ҳатто айрим тўйхоналарнинг хилват хоналарида ўтказишади.

Тамара ЮСУПОВА, тадбиркор, "Тамара-Феруза” хусусий корхонаси раҳбари:

– Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида халқимиз ҳаёти қанчалик оғир кечганини бугунги 25-30 ёшдаги биз тенги аёл-қизларимиз жуда яхши билишади. Лекин озгина бўлса-да юрагида орияти бор аёл-қизларимиз бировга, айниқса давлатимизга боқиманда бўлишдан кўра меҳнат қилишни афзал кўришади. Мен туни билан бозорбоп, ҳаммабоп кийим-кечаклар тикиб, эртасига сотувга олиб чиққан, ўз меҳнати билан ўзгалар меҳрини қозонган чеварларни биламан. Улар мисқоллаб топган давлати соясида эл-юрт ҳурматига муносиб, ўз оилаларида ҳавасга лойиқ турмуш тарзини қуришган.

Баъзан ҳайрон қоламан, чўнтагида пули камайган аёл Аллоҳ марҳамати билан дунёга келтирган фарзандини боқиш, едириб-ичириш учун энг мақбул йўл – давлатдан нафақа олиш, деб ўйлайди. Бундай ҳолатни мен миннат қилиш, деб тушунаман. Нима, ОФЙ дан нафақа тайинланмаса, болангни оч қўясанми, ундан кўра оила иқтисодини кўтариш йўлларини изла, интил,дегим келади.

Эсимда: Тошкент шаҳридаги машҳур "Машҳура” фирмаси маъмурияти ва туман хокимлигининг қўллаб-қувватлаши туфайли туманимизда бундан 10 йил аввал "Машҳура” фирмасининг филиалини ташкил қилганман. 25 миллион сўмлик банк кредити асосида ўз хусусий корхонамнинг ишини йўлга қўйдим. Ёш қиз-келинчакларни иш билан таъминладим. Ўз қизиқишларим туфайли йилига юзлаб аёл-қизларга чеварликнинг нозик сирлари юзасидан машғулотлар олиб боришимга тўғри келган. Ишонасизми, баъзан бу машғулотларга қайнона бўлиб қолган онахонлар ҳам қатнашардилар. Ўша пайтдатуман марказидаги маиший хизмат кўрсатиш уйидан ташқари, овулларнинг ҳар бирида битта-биттадангина тикувчилик цехлари бор эди, холос. Бу цехлар ўзини-ўзи қоплай олмас, мижозлари саноқлигина бўларди. "Машҳура” фирмасининг филиалида таҳсил олган собиқ шогирдларимнинг кўпчилиги ўз бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқиб, хусусий корхона эгалари сифатида шаклланганларига шахсан ўзим гувоҳман. Бугун амударёлик Машҳураларнинг саноғига етолмайсиз. Бири-биридан ўзиб ишлашяпти улар. Демак, ишласа, ҳаракат қилса бўлар экан-ку! Бугунги давр аёли қўлини қаерга узатса, етади. Оналаримиз яшаган яқин ўтмиш давридагидай чеклашлар, камситишлар йўқ. Биргина бизнинг туманимизда 2014 йилнинг ўзида 104 нафар аёл-қизга тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйишлари учун 1 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар берилгани ҳақида туман газетасида ўқиб қолдим. Қаранг, давлатимизда аёл-қизлар қанчаликкатта ғамхўрликлар билан қамраб олинган. Ана шу ғамхўрликка муносиб ҳам бўлиш керак-да!

Юлдуз ТУPСУНБОЕВА, Амударё академик лицейи ўқувчиси:

– Тамара опам жуда яхши фикр айтдилар. Ҳақиқатан ҳам мамлакатимизда аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадларини ифода этувчи барча қонуний асослар яратилган. Оддийгина мисол, коллеж ва академик лицейларни битирувчи ёшларга ўзлари хоҳлаган йўналишларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун кам фоизли кредитлар ажратилаётганлигининг ўзи мустақил ҳаёт остонасига қадам қўяётган ёшлар, айниқса, қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топишлари учун жуда катта ғамхўрликлардир. Лекин баъзан ўзим билан тенгдош қизларнинг аввало касб-корли, хунарли ёки билимли бўлишни ўйламай, эрта турмуш қуришга шошилаётганларидан хафа бўлиб кетаман. Нуроний ёшдаги момо ва бувиларимиз "қиз боланинг ҳаёси-давлати, ҳунари – бахти”, – деб бекорга айтишмаган. Онам доим: "эпли бўл қизим, эпинг – зийнатинг”, деб ўгит берадилар. Эпли бўлиш дегани фақат ишни дўндириб қўйиш эмас, балки ҳар томонлама етукликка етишиш ҳамдир. Менинг фикримча, замонавий аёл – билимдон, эпли, касб-корли, энг муҳими, шарқона муомала маданиятини эгаллаган шахс бўлиши керак. Кимга қандай, билмадим-у ўзим билан тенгдош қизларнинг мода кетидан қувиб, қулоғига телефонни ёки наушникларни ёпиштириб, кўча-кўйда очиқ-сочиқ кийиниб юришларини аҳмоқлик деб ҳисоблайман. Кўпинча шундай қизлар бизнинг менталитетимизга тамоман ёт бўлган "Валентин куни” каби бўлмағур тадбир ёки учрашувларни нишонлаб юришади. Интернет оламидаги бузғунчи ғоялар билан тўлдириб ташланган турли хил сайтларга кириб, "оммавий маданият”нинг ёқимсиз жиҳатларини ўзларига одат қилиб олишади. Айниқса, кийиниш бобида. Ҳайрон қоламан, очиқ-сочиқ ҳолда кўчага чиқиб кетаётган қизига ота-онаси, айниқса, онаси: "йўқот, бу кийимингни!”, демайдими? Менимча, оналаримиз айнан шу либосни қизига раво кўриб, фалон сўмга олиб бергани ва кийишга йўл қўйгани учун уялишлари керак. Лекин айрим ҳолларда қизларнинг бундай очиқ-сочиқ либосларни дугонасиникига кириб кийиб чиқиш ҳоллари бор. Қизининг кўчада қандай кийимда юрганини баъзи оналар билишмайди.Тарбиявий ишларни оиладан бошлаш лозим.

Ширин ЯНГИБОЕВА:

- Бир ҳолат менинг жудаям дилимни оғритади. Pобия опа, сиз юқорида фуқаролар йиғинидан фарзанди учун нафақа олиб, ўз шахсий "борди-келди”ларини "ҳал” қилмоқчи бўлган ёш келинчак ҳақида куюниб гапирдингиз. Ҳақиқатан қўлига пул тушган ёш келинчаклар ўша пулга яхши еб-ичиш, фарзандига яхши едириш-ичиришдан кўра кўпроқ янги фасондаги либослар кийишни хуш кўришади. Ҳатто эркаклар билан бир дастурхон атрофида ўтириб спиртли ичимликичишни маданиятлилик белгиси, деб ҳисоблайдиганлар ҳам йўқ эмас. Баъзан байрам ва тадбирларга сочларини силлиқ тараб, рўмол ўраб келган аёлларга беписанд қарагувчиларни кўрамиз. Кўзига ясама киприк ёпиштириб, сочларини ҳар хил рангларга бўяб, юзларига ҳаддан зиёд упа-элик чаплаб ташлаб, баданини бўрттириб либос кийган келинчаклар аслида уялишлари керак. Жамоат олдида тирсак ва сонларини очиб юришлик - энг маданиятсиз, маънавиятсиз аёлнинг иши. Бу ҳам майли, айрим ёшларимиз оила ҳаётига тайёр бўлмасдан эрта турмуш қуришади-ю турмуш чорраҳаларидаги салгина зарбага дош бера олмай, эсанкираб қолишади. Ақл билан иш тутиш, оиласини сақлаб қолиш учун ҳаракат қилишдан кўра ажрашишни маъқул кўришади. Сабабини сўрасангиз, жуда оддий – келин қайнонадан, қайнона келиндан норози. Баъзи ҳолларда куёв билан хулқ-атворлари тўғри келмай қолади. Нима, шунинг учун ажрашиб кетиш шартми? Ўртада фарзанд бўлса, янаям ёмон. Ахир эркак ҳам одам, қайнона ҳам она. Эркак кишига меҳр-муҳаббат, қайнонага эса чиройли муомала керак. Ёш келинчакларимизнинг жуда кўпчилиги оддийгина ана шу қоидага бўйсунгилари келмайди. Оилада ўз ҳукмини юритгиси келади. Айтмоқчиманки, Юлдузхон айтганидай, тарбиянинг тамал тошини биз энг аввало оилада қўйишимиз керак.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА:

–Демак, бугунги давр аёлларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, бу борадаги муаммоларни ҳал этишнинг барча омиллари тўғри тарбияда. Тарбия эса албатта, оиладан бошланади. Бекорга халқимиз: "Қушуясида кўрганини қилади”, деган ҳикматни яратмаган. Аёлнинг ҳар жиҳатдан баркамол, етук шахс сифатида шаклланиши учун энг асосий мезон – оилада яратилади, оила масканида ривожланади.

Азиз меҳмонлар! Бизнинг бугунги давра суҳбатимизни "Дугоналар, бормисиз, омонмисиз?!” деб номлашимиздан мақсад – дугоналарни, фаол аёл-қизларимизни бир жойга жамлаб, улар билан тез-тез суҳбатлар ўтказиб туриш, шу орқали ёш аёл-қизларимизга йўл-йўриқлар кўрсатиш, муаммоларни ҳал қилиш борасида биргаликда фикрлашиш ва ҳаракат қилишдан иборат эди. Бугунги суҳбатимиз ана шундай хайрли ишларимизнинг дебочаси бўлди, десам асло янглишмайман.

Сермазмун ва мароқли суҳбатларингиз учун ташаккур, азиз дугоналар!

Суҳбатдош: журналистPобия ЙЎЛДОШЕВА.

(Фото - ЎзА)

Янгиликни бўлишинг: