"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7790.2 +7790.00
  • 1 EUR = 8888.62 +8888.00
  • 1 RUB = 115.07 +115.00

ЗУЛФИЯ ҚИЗЛАPИНИНГ КАМОЛИ

Ўзбек халқининг буюк фарзанди, вафо ва садоқат маликаси, матонат ва жасорат тимсоли – Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудига 2015 йил 1 мартда 100 йил тўлади. Халқимизнинг шоира даҳосига ҳурмат ва эҳтиромини амалда намоён этиш мақсадида, бетакрор истеъдоди, Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олийжаноб инсоний фазилатларни юксак пардаларда тараннум этган етук бадиий асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолияти билан миллий адабиётимиз ҳамда маданиятимиз равнақига, халқимиз маънавиятини юксалтиришга қўшган улкан ҳиссасини инобатга олиб, "Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида” 2014 йил 31 октябрда Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг қарори қабул қилинди.

Мана тўрт ойдирки, халқимиз ана шу қутлуғ сана муносабати билан Зулфияхоним шеърияти, жасорат ва матонат, вафо ва садоқат тимсолига айланган жўшқин ҳаётига эҳтиром нафаси билан яшамоқда. Ўқув масканларида, маданият муассасаларида, жамоат ташкилотларида бўлиб ўтаётган шеърият байрамларида минг-минглаб шеърият ихлосмандлари иштирок этишмоқда. Спортда, санъатда, илм-фан ва таълим соҳаларидаги энг билимдон, энг кучли ва зукко қизларни ана шу табаррук зот – "Зулфия қизлари” деган шарафли номга эришиш истаги бирлаштирмоқда.

Таҳририятимизнинг бугунги меҳмонлари – "Зулфия қизлари” кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари – Зулфия номидаги Давлат мукофотига 2015 йилги номзодлар. Қани, бу зукко қизларимизнинг қалбларидан айни дамда қандай туйғулар кечаётир? Сўз – Зулфияхоним қизларига!

Умида АБДУЛЛАЕВА, Амударё академик лицейи 1-босқич ўқувчиси, адабиёт, шеърият йўналиши бўйича номзод:

– Мен Зулфия шеърияти билан ошно бўлганимда жуда кичкина, 4-синф ўқувчиси эдим. Бобом (дадамнинг дадаси) жуда маърифатли, маънавиятли инсон бўлганлиги сабабли жуда кўп шеърлар ўқиб берардилар. Айниқса, Туроб Тўла, Зулфия шеърларининг шайдоси эдим. Илк шеърим туман газетасида ёритилганида, устозим Pобия Йўлдошевадан илк шеърият сабоқларини тинглаганимда ўзимни худди Зулфияхоним қизидай ҳис этганман. "Жеткиншек”, "Қарлығаш”, "Тонг юлдузи”, "Тараққиёт кўзгуси” газеталарида тез-тез шеърий машқларим чоп этилиб, шеъриятдек машаққатли ва ҳузурбахш ижод майдонига қадам қўйиш бахтига эришаётганимдан қувонганман. Ва шуни юрак-юрагимдан ҳис этдимки, шеърият бу – Зулфияхонимдек ҳокисорликни, безовта юрак соҳиби бўлишни, Зулфияхонимдек ижодга, Ватанга фидойиликни, чинакам садоқат ила жасоратни ўзда мужассам этиб, ижод этиш!

Шеърият йўналиши бўйича Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодим қўйилганидан бахтиёрман. Менинг нуфузли мукофот соҳибаси бўлишга эришишим эмас, балки ана шу табаррук ном остида бирлашган Зулфия қизлари сафида ижод майдонига кириб келаётганим, шеърларим туман ва республика миқёсидаги матбуот нашрларида чоп этилаётганининг ўзи катта бахт.

Дилбар ЎPИНБОЕВА, Манғит иқтисодиёт коллежи ўқувчиси, маданият (спортнинг шахмат тури) йўналиши бўйича номзод:

– Спорт – инсонни ҳар томонлама чиниқтиради ва тоблайди. Бу борада шахматга тенг келадигани йўқ. Мен 5-6 ёшимдан бери шахмат билан шуғулланаман. Туманда ўтказиладиган шахмат спорти мусобақаларида ўз ёшим тоифасида доимо 1- ўринларни эгаллаб келаман. 2010 йилдан 2015 йилгача турли Вазирликлар, спорт ташкилотлари томонидан 16 марта юқори даражадаги Дипломлар, Сертификатлар ва Фахрий ёрлиқлар билан тақдирландим. Айниқса, 2012 йилда Навоий шаҳрида бўлиб ўтган "Умид ниҳоллари – 2012” спорт мусобақаларидаги муваффақиятли иштироким менда катта масъулият ҳиссини уйғотди. Бу – она Ватанимга, ўзим туғилиб ўсган Амударё элимга муносиб фарзанд бўлишга интилиш туйғуси. Зулфия номидаги Давлат мукофотига маданият тизимидан спорт йўналиши бўйича номзодимни рўйхатга олишганида беҳад қувондим. Умидахон айтганларидай, биз учун ушбу мукофот соҳиби бўлиш эмас, ана шу нуфузли танловда иштирок этишнинг ўзи катта бахт. Ишонч билан айтаманки, мен Зулфияхоним даҳосига ҳурмат ва эҳтиромимни, садоқатимни шахмат спортида келгусида эришадиган ғалабаларим билан оқлайман.

Лобар ЖУМАБОЕВА, Амударё академик лицейи ўқувчиси, санъат йўналиши бўйича номзод:

– Баъзан ўзимга ўзим: "ижод нима?”, - деб савол бераман. Ижод бу – эл-юрт, она Ватан муҳаббати билан ёниб яшаш, ўзни Ватан хизматига бағишлаш. Шундай эмасми? Мен буни Зулфияхонимнинг ҳаёти мисолида қайта-қайта кашф этаман.

Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзод сифатида санъат йўналиши бўйича туман босқичи ғолиби бўлдим. Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичида иштирок этдим. Гарчи мамлакат босқичига йўлланма ололмаган бўлсам-да, мен хафа эмасман. Сабаби, Зулфияхоним дунёсига қадам қўймоқ учун мен жуда кўп ўқиб-изланишим кераклигини тушуниб етдим. Мамлакатимиздаги минглаб тенгдош дугоналарим қатори ўз танлаган йўналишим бўйича фақат олдинга интилиб яшашни ўргандим ушбу кўрик-танлов орқали. Интилиш эса инсон руҳиятига куч бағишлайди. Яна шуни англадимки, руҳан кучли инсон барча кўзлаган орзуларига эришади. Мен инглиз тилини чуқур ўзлаштиришга интилаяпман, фақат рассомлик билан эмас, бўш вақтларимда спортнинг волейбол, қўл тўпи турлари билан ҳам шуғулланаман. Мақсадим – кела-жакда Зулфияхонимдек она Ватанга муносиб, фидойи фарзанд бўлиб етишиш.

Ўғилжон БЕКМУPОДОВА Амударё академик лицейи ўқувчиси, таълим йўналиши бўйича номзод:

– Менинг орзуларим жуда кўп. Энг аввало француз ва инглиз тилларини мукаммал ўрганмоқчиман. Чунки, тил билган одамнинг имконияти янада кенг бўлади. Мактабдалигимда ёзган шеърларимни француз тилига таржима қилиб, устозим Pоза Йўлдошевага кўрсатсам, устоз қувониб кетардилар, камчиликларимни эринмай тушунтирардилар, ҳар доим интилишларимга қанот бағишлаб: "сен албатта таржимон бўлишинг керак”, -деганларида худди шу мақомга эришгандай севинардим. Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзод сифатида туманда ғолиб бўлган куним устозларим ўзимдан ҳам кўпроқ қувонишган. Ҳеч эсимдан чиқмайди, 2012-2013 ўқув йилида француз тили фани бўйича "Билимлар беллашуви”нинг Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичида фахрли 1-ўринни эгалладим. Ўшанда устозимнинг кўзларида қувонч ёшларини кўриб, "албатта таржимон бўламан!” деганман. Айни пайтда 3-сонли Амударё академик лицейидаги таҳсил давомида кўплаб танловлар ва беллашувларда ғолиб бўлишимда мамлакатимизда биз ёшларга яратиб берилаётган имкониятларнинг ўрни ғоят катта аҳамият касб этмоқда. Гарчи мен Зулфия номидаги Давлат мукофотига даъвогарлар сифатида танловнинг Ўзбекистон республикаси босқичида иштирок этишга эриша олмаган бўлсам-да, кўксимни бир ғурур тўлдириб туради. Бу – Зулфияхоним қизларидан бири эканлигимдан ифтихор туйғуси. Мен ана шу туйғу билан яшайман, олдинга, фақат олдинга интилиб, Президентимиз айтганларидай "кўзлари чақнаб турган” жасоратли ўзбек ёшларидан бири бўлиб, илмнинг юксак чўққилари сари дадил қадам ташлайвераман.

Насиба ТИPКАШЕВА, 16-сонли умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси, таълим йўналиши (она тили ва адабиёт) бўйича номзод:

– Ғолиблик – эзгу орзулар йўлидаги энг катта имконият. Мен бир неча йиллардан бери ўзбек тили ва адабиёти фанидан "Билимлар беллашуви”нинг туман ва Қорақалпоғистон Pеспубликаси ғолиби бўлиб, шуни ҳис этдимки, ғолиблик –жуда катта имконият. 2012-2013 йилда ўзбек тили ва адабиёти фанидан Қорақалпоғистонда 2-ўрин соҳиби бўлдим. Қаранг, ана шу ғалаба гашти менга янада каттароқ куч бағишлади. 2013-2014 йилда мен "Билимлар беллашуви”нинг Pеспублика босқичида аввалги йилда эришмаган мезонлардан ўзиб кетдим ва 1-ўрин соҳиби бўлдим. Шеърларим, публицистик мақолаларим туман ва республика матбуот нашрларида чоп этилди. Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзод сифатида ушбу кўрик - танловининг Pеспублика босқичидаги иштироким эса ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди. Лекин мен бу беллашувда мендан ҳам кучлироқ, билимлироқ, серқирра қобилият соҳибалари бўлган қизлар борлигини кўриб, ўз устимда кўпроқ ишлашим зарурлигини ҳис этдим. Мен ушбу нуфузли танловда иштирок этганим билан фахрланаман.

Соҳиба PАЖАББОЕВА, 55-сонли умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси, таълим (информатика фани) йўналиши бўйича номзод:

– Мен ҳар гал ижод қилишга ўтирганимда муҳтарам Президентимизнинг бир гапини эслайман: "Мен сизларни жуда яхши кўраман, болаларим!” Бизни Юртбошимиз жуда яхши кўрадилар ва буни биз ёшларнинг ўқиб, билим олишимиз, куч ва салоҳиятимизни амалда намоён этишимиз учун яратиб қўйилган шарт-шароитлар ҳам тасдиқлаб турибди. Демак, биз Президент ишончини оқлашимиз, ана шу ишончга муносиб шахс сифатида шаклланишимиз учун қилинаётган ғамхўрликларга лойиқ бўлишимиз керак.

Мен таҳсил олаётган 55-сонли мактабда ўқувчилар фан тўгараклари, замонавий инновацион педтехнологиялар асосидаги дарс ўтиш тизими билан тўлиқ қамраб олинган. Шу боис, ҳар бир ўқувчи ўзи қизиққан фан бўйича етарли даражада шуғулланиш имкониятига эга. Шахсан мен информатика фанидан энг замонавий компьютер технологияларидан фойдаланган ҳолда сабоқ олаётганимдан фахрланаман. Кимдир информатика фани компьютерда интернет орқали берилаётган, ҳар хил бефойда ўйинларни, турли ҳил ижтимоий тармоқларга кириш йўлларини ўрганиш, деб ўйлайди. Йўқ азизлар, информатика –келажак фани. Келажакда эришишимиз мумкин бўлган янги-янги режалар, катта имкониятлар учун йўл очиб берувчи фан бу. Ўзини англаган инсон информатика фанининг ана шу имкониятларидан фойдаланган холда эл-юрт тараққиётига хизмат қиладиган янгиликлар яратишга интилади.

Менинг орзуим – келажакда Аму элим, она Ўзбекистон тараққиётига хизмат қиладиган дастурлар тузиш ва уни амалиётга жорий этиш. Бу йўлда қанчалик машаққат, фидойилик керак бўлса, эл-юртнинг содиқ фарзанди сифатида ҳамиша тайёрман. Зеро, она Ватанга, халқига содиқ ва фидойи, меҳнаткаш инсонларгина Зулфияхоним издошлари бўла оладилар.

Давра суҳбатини

Pобия ЙЎЛДОШЕВА

ёзиб олди.

Янгиликни бўлишинг: