"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 7787.81 -26.42
  • 1 EUR = 9100.06 -76.86
  • 1 RUB = 124.54 -0.19

Мансур ЎPОЗБОЕВ: «ЁШЛАPНИНГ ФАОЛ ҲАPАКАТИ ЮPТИМИЗГА ШУҲPАТ КЕЛТИPМОҚДА»

2014 йилнинг 6 февралида мамлакатимиз Президенти томонидан "Ўзбекистон Pеспубликасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилинган эди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш мақсадида қабул қилинган ушбу қарор ва мазкур қарор билан маъқулланган "Ўзбекистон Pеспубликасида 2014 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”да белгилаб берилган вазифаларни бажариш юзасидан Амударё туманида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилди.

Биз"Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши раиси Мансур Ўрозбоев билан шу хусусда суҳбатлашдик.

Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг "Ўзбекистон Pеспубликасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чоратадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2124 сонли қарори ва шу қарор билан тасдиқланган Дастур асосида туманда қандай ишлар амалга оширилди?

- Президентимиз томонидан қабул қилинган қарор ва ушбу қарор билан маъқулланган Дастур ижросини таъминлаш мақсадида 2014 йил 20 февраль куни туман ҳокимлигининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилиб, унда тегишли ташкилотлар раҳбарлари ва масъул ходимларга қарордан келиб чиқадиган вазифалар батафсил тушунтирилди. Шундан сўнг туман ҳокимининг "Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги "Ўзбекистон Pеспубликасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2124-сонли қарори ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан 7 та йўналишдан ва 67 та банддан иборат чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди.

Мазкур дастурнинг асосий ижрочиси – "Камолот” ЁИҲнинг туман Кенгаши томонидан бир қанча ишлар амалга оширилди. Жумладан, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнларида уларнинг фаоллигини ошириш, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, кенг дунёқараш ва чуқур билимга эга бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялаш, уларда турли мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни шакллантириш каби долзарб вазифаларни бажариш борасида олиб борилган ишлар самараси яққол кўзга ташланмоқда.

Албатта, бу ишларни амалга оширишда "Ўзбекистон Pеспубликасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонунини чуқур ўрганиш, мамлакатимизда сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёшларга тўлақонли тушунтириш, ёш авлодни ушбу жараёнларга жалб этишга қаратилган "Ватан келажаги сенинг қўлингда” тарғибот лойиҳасини амалга ошириш, ёшларни давлат ҳокимияти органлари тизими ва фаолияти билан яқиндан таништириш, уларнинг Ўзбекистон Pеспубликаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 22 йиллигига бағишланган "Ўзбекистон Pеспубликаси Конституцияси - мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” тарғибот лойиҳасини амалга оширишдаги фаоллигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз қўл келди.

Ёшларимизнинг фаоллигини ошириш мақсадидаги интилишларимиз уларнинг спорт мусобақаларида, турли танловлар ва беллашувларда юқори натижаларни қўлга киритишларига йўл очиб берди.

Шунингдек, йил давомида "Камолот” ЁИҲ бошланғич ташкилотлари етакчилари иштирокида ўтказилган семинарлар, ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ҳар хил мавзуларда ўтказилган танловлар, фестиваллар ва бошқа бир қанча тадбирлар - қарорлар ва дастурлар ижросини таъминлашда муҳим омил бўлди.

-Сиз "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши раиси, туман ёшлари етакчиси сифатида бошланғич ташкилотлар фаолиятини жонлантириш масаласига қандай қараяпсиз?

- Айни кунда туманимизда 47500 нафар "Камолот” ва 13000 нафардан зиёд "Камалак” аъзолари мавжуд бўлиб, улар 116 та "Камолот” бошланғич ташкилотларига ва 75 та умумтаълим мактаблардаги "Камалак” ташкилотларига бирлашган.

Бошланғич ташкилотларимиз фаолиятини жонлантириш мақсадида 2012 йил 27 февралда Pеспублика Халқ таълими вазирлиги ва "Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши томонидан "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг умумий ўрта таълим мактабларидаги бошланғич ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида” қўшма қарор қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга асосан таълим муассасалари билан ҳамкорликда қатор кўрик-танловлар ва беллашувлар ташкил этиб келинмоқда. 2014 йилда туманимизда 4 жойда "Камолот” ЁИҲ бошланғич ташкилотлари етакчиларининг ҳудудий семинарлари, "Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик -танловлари ўтказилди. ХТМФМТТЭБ билан биргаликда қабул қилинган қўшма қарор асосида бошланғич ташкилотларга 30 ёшгача бўлган олий маълумотли ўқитувчилар етакчи қилиб бириктирилди ва улар турли хил услубий қўлланмалар ҳамда алоҳида хоналар билан таъминландилар.

Бошланғич ташкилотлар етакчилари фаолиятини кузатганимизда биз ҳар томонлама фаол ёшларни бирлаштириб, ўзига эргаштира оладиган етакчилар сайлансагина, кўзланган мақсадларга эришиш мумкинлигини ҳис қилдик.

-Ҳозирги кунда жамиятимизга турли манбалар орқали оқиб кираётган ёт ғоялар маънавиятимизга завол бўлиши шубҳасиз. Шундай экан, биз аввало ёшларимизни бундай ёт ғоялардан асрашимиз, уларда турли мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни шакллантиришимиз лозим. "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши бу ишга қай даражада эътибор бераяпти?

– Президентимиз Ислом Каримов "Юксак маънавият–енгилмас куч” асарида таъкидлаганидек, бугунги кунда инсон маънавиятига қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган катта зиён етказиши мумкин.

Бизнинг асримизга келиб ҳаёт суръатларининг ўта шиддатли ва мураккаб тус олгани, ахборотнинг ақл бовар қилмас даражада тез алмашиниб бораётгани баъзи бир ғўр ёшларимизнинг "оммавий маданият”га асосланган турмуш тарзини танлашларига сабабчи бўлиши мумкин. Бугун айрим кучлар томонидан турли йўллар ва воситалар орқали тарғиб этилаётган ахлоқсизлик, фикрсизлик, бир сўз билан айтганда, манқуртлик ғўр ёшларни ўз домига тортмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, биргина интернет тизимида экстремистик ғояларни тарғиб қилувчи 500 дан зиёд сайтлар фаолият кўрсатаётган экан.

"Оммавий маданият” дунё ёшларининг ҳаёт, борлиқ, маданият ва санъатга бўлган қарашларини ўзгартириб, дунёқараши ва туйғулари қашшоқлашувига олиб келмоқда.

Биз тобора кучайиб бораётган ғоявий хавф-хатарларни мунтазам равишда олиб бориладиган маънавий тарбия билан енгишимиз мумкин. Шу мақсадда 2014 йилда 318 та давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказилиб, уларда қилинган маърузаларда мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган буюк бунёдкорлик ишлари, инсон қадр-қимматини улуғловчи янгиланишлар ҳақида, айниқса, ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар, уларга яратиб берилаётган шароитлар ва имкониятлар ҳақида кўплаб мисоллар ёрдамида гапирилди. Биз бундай ишларимизни жорий 2015 йилда ҳам давом эттириб, ёшларимиз қалбида она Ватанга муҳаббат ҳиссини кўпроқ шакллантиришга, уларнинг Ўзбекистон – келажаги буюк давлат эканлигига ишончларини мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз.

- Туманда ёшларни ва ёш оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш бўйича қандай ишлар амалга оширилаяпти?

-2013-2014 ўқув йилида туманимизда мавжуд 1 та академик лицей ва 8 та касб-ҳунар коллежларида 8560 дан зиёд ўқувчи таълим-тарбия олиб, 38 ихтисослик бўйича касб-ҳунар ўргандилар. Ўқув йили якунида улардан 2588 нафари ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштирилди.

Касб-ҳунар коллежларида таълим олаётган ёшларимизнинг тадбиркорлик фаолиятига қизиқишларини ошириш мақсадида "Менинг бизнес ғоям” деб номланган танловлар ўтказилиб, уларда бир қанча ёшларимиз ўз иқтидорларини синаб кўрдилар. 2014 йилда 2 нафар ўқувчимиз танловнинг Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон Pеспубликалари босқичларида муваффақиятли иштирок этишга эришдилар. Танловнинг Ўзбекистон Pеспубликаси босқичида иштирок этган 2 нафар ўқувчимиз имтиёзли кредит сертификатини олишга муваффақ бўлди.

Битирувчи ёшларни иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. 2014 йилда тумандаги касб-ҳунар таълими муассасаларининг битирувчи ўқувчиларидан 102 нафарига кредит олиш учун бизнес режаларини тайёрлашга ёрдам қилинди вабанклардан кредит олишларига шароит яратиб берилди. Бунга қўшимча равишда яна 18 нафар ўқувчининг ҳужжатлари туман банкларига топширилди.

Туманимизда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Шулардан энг муҳими - ўтган йилнинг март ойида туман ҳокимининг махсус қарори асосида "Гулзор” маҳалласи ҳудудидан "Камолот” уйлари” қурилиши учун 3 гектар ер майдони ажратилиб, қурилиш ишлари бошланганлигидир.

6 миллиард 64 миллион сўмлик лойиҳа қийматига эга бўлган 4 қаватли, 48 та хонадонга мўлжалланган ушбу "Камолот” уйлари” яқин вақт ичида ёш оилаларни ўз бағрига олади.

- Баркамол авлодни тарбиялашда оммавий ахборот воситаларининг роли бениҳоя катта эканлигини биз яхши биламиз. Бугунги кунда Сиз раҳбарлик қилаётган "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши бу масалага қандай қараяпти?

- Туманимизда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари - "Тараққиёт кўзгуси” ва "Менинг оилам” газеталари, amunews.uz веб сайти ва туман телевидениеси ёш авлоднитарбиялашда муҳим омил бўлмоқда. Одатда ёш авлодга йўл-йўриқ кўрсатиш, панд-насиҳат бериш мақсадида оммавий ахборот воситаларида ёши улуғ кишиларнинг, эл катхудоларининг чиқишлари ташкил этилади ёки уларга сўз берилади. Халқ минбари ҳисобланмиш матбуот нашрлари ва телевидение орқали олиб борилаётган бундай тарбия усуллари ёшларимизни ҳамиша Ватанни севишга, ёмон иллатлардан сақланишга даъват қилишда қўл келмоқда.

Ҳозирги кунда туманимизда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситаларида ёшларнинг ўзларининг чиқишларига кенг ўрин берилмоқда. Доимо олға интилувчан ёшларимиз бирор бир мавзу юзасидан матбуот ва интернет нашрларимизда чиқиш қилганларида, албатта тенгқурларига ўзлари фикр юритаётган масала юзасидан мурожаат қилишади ёки уларни жамиятимизга ёт бўлган иллатлардан сақланишга даъват қилишади. Шуниси диққатга сазоворки, ёшлар мурожаати ёшлар томонидан жуда тез қабул қилинар экан.

Ҳозирги кунда "Камолот” аъзоларидан Азиза Мадраҳимова, Юлдуз Турсунбоева, Моҳигул Эрдошева, Қундуз Юсупова ва Сирож Олимов сингари фаол ёшларимиз "Тараққиёт кўзгуси” ва "Менинг оилам” газеталарида ҳамда amunews.uz веб-сайтида ўзларининг кўплаб мақолаларини эълон қилишмоқда. Улар ўз мақолалари орқали тенгқурларига миллий қадриятларимизни қадрлаш, одоб-ахлоқ, кийиниш маданиятига эътиборли бўлиш, маънавиятимизга зарар етказувчи ва ёшларимиз онгини заҳарловчи бузғунчи ғоялар таъсиридан сақланиш, мустақил Ватанимизнинг муносиб фарзандлари бўлиш юзасидан мурожаат қиладилар.

Албатта, ёшларимизнинг газеталаримиз ва интернетдаги сайтимиз орқали бундай чиқишлари ўз самарасини бермоқда.

Биз келгусида ёшларимизнинг туман телевидениеси орқали чиқишларини ҳам ташкил этишга, ТВ орқали ёшлар ҳаётини кенг ёритишга эътиборни кучайтирамиз.

-Ҳозирги кунда хорижда ҳам, ўзимизда ҳам мустақил Ўзбекистонимизга "Ёшлар мамлакати” дея таъриф берилмоқда. Бу-Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизидан кўпроғини ёшлар ташкил этаётгани туфайли берилган таърифми ёки унинг бошқа сабаблари ҳам борми? Сиз буни қандай изоҳлайсиз?

- Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистонимизда ёшлар кўпчиликни ташкил қилади. Менинг фикримча, Ўзбекистонга фақатгина аҳолининг кўпчилик қисмини ёшлар ташкил этаётгани учун бундай таъриф берилаётгани йўқ. Бунинг бошқа сабаблари ҳам бор. Демоқчиманки, мамлакатимизда ёшларга жуда катта эътибор берилмоқда. Биздагидек ёшларга барча жабҳаларда имкониятлар яратиб бериш, энг асосийси, уларга ишонч билдириш ҳамма мамлакатларда ҳам бўлаётгани йўқ. Ишонч–бу масъулият дегани. Шу боис, ёшларимиз зиммаларидаги масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда давлатимиз томонидан ўзларига билдирилаётган ишончни тўла оқлаб, келажагимизнинг ҳақиқий ворислари эканлигини амалда исботламоқдалар, барча ишларда ҳам пешқадам бўлишга интилмоқдалар. Ёшларимизнинг фаол ҳаракати Ўзбекистонга фақат шуҳрат келтирмоқда.

Ўзбекистон ёшлари муҳтарам Юртбошимиз таъбири билан айтганда ҳақиқатан ҳам Ватани, халқи учун курашга бел боғлаган, софдил, иродаси мустаҳкам, кўзлари ёниб турадиган ёшлардир.

Биз мамлакатимизнинг фаол ёшлари орасида ўзларининг ташаббускорлиги, меҳнатсеварлиги ва фидойилиги билан кўзга ташланаётган амударёлик ёшлар ҳам борлиги билан ҳақли равишда фахрланамиз.

-Келгусида Ҳаракат фаолиятини янада яхшилаш мақсадида қандай ишларни амалга ошириш режалаштирилмоқда?

- Бизнинг ҳозирги кундаги орзуларимиздан бири – бу Ҳаракатнинг туман Кенгаши қошида "Ёшлар маркази”ни ташкил этиш. Агар биз "Ёшлар маркази”ни ташкил эта олсак, маҳаллалардаги уюшмаган ёшларга бепул тил ўргатиш, уларнинг иш билан таъминланишига ёрдамлашиш, ахборот технологияларидан фойдаланишини йўлга қўйиш, дастурлаш ишларини ташкил этиш борасидаги муаммоларимизни ҳал этган бўлардик.

- Сиз билан суҳбатлашиб, туманимизда "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман Кенгаши томонидан олиб борилаётган ишлар ҳамда ёшларимизнинг жипслашган ҳолда она Ватан равнақи йўлида ҳаракат қилишаётгани ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлдик. Айтинг-чи, "Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши раҳбари, ёшлар етакчиси сифатида қайси бир фаолиятингиз ўзингизни қониқтирмайди?

- Очиғини айтсам, маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар билан олиб бораётган ишларимиз мени унчалик қониқтирмайди. Чунки биз улар билан етарли даражада ишлаша олмаяпмиз. Агар биз юқорида айтилганидек "Ёшлар маркази”ни ташкил эта олсак, бу муаммо тўла ҳал бўлади, деб ўйлайман. Биз шунга ҳаракат қилаяпмиз.

-Янги 2015 йилда ёшларга қандай тилаклар билдирасиз?

- Муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримов: "Ёшлар–эртанги кунимизнинг ишончи ва таянчидир” деб бизларга, мамлакатимиз ёшларига катта ишонч билдирган эдилар. Янги йилда мен туманимиз ёшларига давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ишончни оқлаш йўлида ҳар қачонгидан ҳам фаол бўлишларини тилайман. Доимо соғ ва омон бўлишсин!

-Суҳбатингиз учун раҳмат!

"Тараққиёт кўзгуси” мухбири Алламберган ЖУМАНИЁЗОВ суҳбатлашди.
Янгиликни бўлишинг: