"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8146.38 +9.33
  • 1 EUR = 9965.47 +189.60
  • 1 RUB = 143.97 +0.63

ОЗОДАЛИК – САЛОМАТЛИК ГАPОВИ

Фан ва техника, аниқроғи, саноат ривожлангани сари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи инсоният олдида турган, ечилиши барчага тааллуқли муаммога айланди. Сувлар ифлосланмоқда, теварагимизда турли-туман атроф-муҳитни, ҳавони булғайдиган чиқиндилар кўпайиб бормоқда.

Ўтган асрда атоқли олимлардан бири: "Санитария маданиятисиз умуман маданият йўқ”, дея таъкидлаган эди. Ўз хонадонимизни, иш жойимизнигина эмас, балки кўчамизни, бутун шаҳар ҳатто мамлакатимизни озода ва обод сақлай олсак, қўлимиз баланд бўлади. Бунинг учун барча қайғурмоғи, жамият, инсоният олдидаги улкан масъулиятини чуқур ҳис қилмоғи керак.

Ёшлигимизда ота-боболаримиз бизларга сувни, тупроқни ифлослантириш гуноҳ эканлигини уқтиришарди. Бу борада айни кунда биз кексалар ёшларга ўгит-насиҳатларимизни бериб юришимиз даркор. Тоза ҳаво - танга даво, деганларидек, биз ҳавони ҳар турли ёқимсиз ҳид ва ислар билан булғамаслигимиз зарур.

Маълумки, ҳар йили кузда дарахтлар япроқлари сарғайиб, ерга тўшалиб ётади. Буни бир жойга тўплаб, ёқиб юбориш одатига ҳамон барҳам берилмаётир. Уни ёқиб юбориш ўрнига уйга яқин жойда ўра қазиб, ўша ерга қўмиб қўйилса, баҳоргача бошқа чиқиндилар билан аралаштирилса, албатта, ерга солиш учун тайёр маҳаллий ўғит бўлади, атроф-муҳитнинг ифлосланишига барҳам берилади.

Шаҳримиз кўчаларини айланар эканмиз, баъзи хонадон эгалари кир ювилган сувини асфальтланган кўча юзига сепиб ташлаганига гувоҳ бўламиз. Совун суви таъсирида йўл бора-бора емирилади, ҳавога эса турли микроблар, вируслар, ёқимсиз, қўланса ҳидлар тарқалади. Бунингдек салбий ҳолатларга барҳам бермоқ лозим.

Истиқлол туфайли маҳаллалар ва овуллар қиёфаси тубдан ўзгарди. Аҳоли сони эса йил сайин ошиб бормоқда. Туманда ободонлаштириш, санитария-эпидемиология, табиатни муҳофаза қилиш бўйича идоралар бор. Уларда анча ходим ишлайди. Бизнингча, номи тилга олинган идоралар ходимлари аҳоли ўртасида тозалик, озодалик бўйича тушунтириш ишлари олиб бориши, санитария маданиятига оид қонунларга риоя этмаганларни юз-хотир қилмасдан қонуний асосда жаримага тортишлари даркор. Шунингдек, жойларда экология, тозалик ва озодаликка оид шиорлар ҳам кўзга ташланарли жойларда осилиб турмоғи керак. Бу шиорларни ҳар куни ўқийверган киши улардаги сўзлар мағзини англаб олиши табиий.

Албатта, озодалик ва тозаликка риоя этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишлари мавсумий эмас, балки уни йил бўйи бажариш шарт. Бу ҳақда "Тараққиёт кўзгуси” газетаси саҳифаларида ва Амударё телевидениеси орқали доимий равишда рейд мақолалари ҳамда махсус кўрсатувлар бериб бориш мақсадга мувофиқдир. Энг муҳими, атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда барчамиз фаол бўлишимиз керак.

Саъдулла Хўжаниёзов, Манғит шаҳрининг "Дўстлик” маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси.
Янгиликни бўлишинг: