"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

ҲАPБИЙ ХИЗМАТ ЙИГИТЛАP УЧУН ТАPБИЯ МАКТАБИДИP

Халқимизда кимнингки оиласида ўғил фарзанд туғилса, Ватан ҳимоячиси туғилди, дея суюнчилашади, полвон йигит бўлсин, ор-номусли, оиласига, эл-юртга муносиб посбон бўлсин, дея тилак тилашади.

Дарҳақиқат, ўғил болалар улғайиб бир куни камолга етганида халқи, она Ватани олдида содиқ хизмат қилиш, тинчлик-осойишталикни асраш учун ҳарбий хизматга чақирилади. Юртимизнинг ҳар бир ўғлони борки, ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган давр оралиғида, саломатлигига кўра Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўташга яроқли бўлса, ҳарбий хизматга мажбурдирлар.

Ҳарбий хизматнинг муддатли ҳарбий хизмат, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат, шартнома бўйича ҳарбий хизмат каби турлари мавжуд бўлиб, буларга чақирилувчиларнинг хоҳиш-истагига, уларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан баркамоллигига, соғлиги тўғрисида тиббий ҳайъат текшируви хулосаларига кўра қабул қилинади.

Муддатли ҳарбий хизмат - чақирилиш ёшидаги фуқароларнинг оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида, шунингдек, муқаддам ҳарбий хизматни ўтамаган офицерларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддат мобайнида Қуролли Кучлар сафидаги мажбурий хизматидир.

Муддатли ҳарбий хизмат хизматни оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида ўтаётган ҳарбий хизматчилар учун ўн икки ой, олий маълумотлилар учун, шунингдек, чақирув бўйича офицерлар таркиби лавозимларида ўтаётган офицерлар учун ҳам тўққиз ой қилиб белгиланган.

Муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ёки чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар сафарбарлик чақируви резерви сафига олинадилар.

Шартнома бўйича ҳарбий хизмат - Қуролли Кучлар сафидаги ҳақиқий ҳарбий хизматга ихтиёрийлик асосида, ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар орқали давлат билан тузиладиган шартномага биноан кирган фуқаролар бажарадиган ҳарбий хизмат туридир. Қисқа қилиб айтганда, ҳарбий хизматни касб тариқасида танлаган фуқаролар шартнома бўйича ҳарбий хизматни оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркиби лавозимларида ўтайдилар. Муддатлари ва шартлари эса шартномада белгиланади.

Умуман олганда, ҳарбий хизмат ўташ–йигитларнинг иқтидорини, интеллектуал салоҳиятини , туғилиб ўсган юртига меҳр-муҳаббатини, юрт хизматига фидойилигини яққол намоён этадиган жараёндир.

Шуни фахр билан айта оламанки, туманимизнинг йигитлари қайси ҳарбий хизмат турларида бўлсалар-да, хизмат қилаётган қисмларида энг намунали аскарлар саналадилар. Бунда туманимиздаги касб-ҳунар таълими муассасаларида ёшларни ҳарбий чақириққача тайёрлаш фанининг бугунги кун талаблари асосида ўқитилаётгани муҳим ўрин тутади. Айниқса, Дўрман қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Отамурод Юсупов, Амударё маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Мадрим Бобожонов, Амударё қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Юсуфбой Оллоберганов, Амударё мелиорация ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Лазиз Матсафоевлар бўлғуси аскарларни чақириққача пухта тайёрлаётгани боис, ўқувчилари соҳага доир танловлар ва мусобақаларда фаол қатнашиб, ғолиблар сафидан жой олишмоқда.

Ҳарбий хизматни ўташ йигитлар учун муҳим синовдир. Чақириққача пухта тайёргарликдан ўтган йигитларимиз эса бу синовни муваффақиятли ўтаб келмоқдалар.

Акмал Олимов,

туман мудофаа ишлари бўлими
бошлиғи ўринбосари, майор.
(Фото - uza.uz)
Янгиликни бўлишинг: