"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8146.38 +9.33
  • 1 EUR = 9965.47 +189.60
  • 1 RUB = 143.97 +0.63

Ватан ҳимоячилари байрами

Қайсики давлатнинг мудофааси мустаҳкам бўлса, шу юртда тинчлик ва осойишталик ҳукм суради. Фаровонлик ва тараққиётнинг асоси – тинчликдир. Бу – неча минг йиллар давомида ўз исботини топган тарихий ҳақиқат. Ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ва умри давомида шунга амал қилиб яшаган буюк бобокалонимиз Амир Темур давлатни давлат даражасига кўтариш учун аввало, аскарлар ва ҳарбий соҳага катта эътибор қаратган. Сарҳадлари хавфсизлигини таъминлаб, ички низоларни бартараф қилган. Натижада темурийлар давлатида илм ва фан ривожланиб, салтанат бунёдкорлик ва тараққиёт сари юз тутган.

Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк даврлариданоқ муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов бошчилигида ҳарбий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, бугун бу ислоҳотлар ўзининг юксак натижалари бермоқда.

14 январь куни туман марказий маданият уйида Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Йиғилишга туманимиздаги "Аёқчи” ва "Манғит” чегара постлари маъмурияти ҳамда мазкур муассасаларда хизмат бурчини намунали ўтаётган аскар йигитлар, туман ҳокимлиги, прокуратураси, мудофаа ва ички ишлар бўлимлари масъуллари, фуқаролар йиғинлари раислари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари раҳбарлари ва ўқувчилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.

Тадбирни туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова очди ва олиб борди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Pеспубликаларининг давлат мадҳиялари янгради. Табрик учун сўз туман ҳокими Pажаббой Йўлдошевга берилди.

Қайд этилганидек, бошқа соҳаларда бўлгани каби мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ миллий армияни яратиш ва такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратилди. Ўтган қисқа вақт мобайнида юртимизда давр талаби ҳамда жаҳон андозаларига жавоб берадиган Қуролли Кучларни барпо этиш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Кенгашининг 1992 йил 14 январдаги қарори билан мустақил Ўзбекистон Pеспубликаси ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар давлатимиз юрисдикциясига, яъни бўйсинувига ўтказилди. Ўзбекистон Қуролли Кучларининг мамлакат мустақиллигини ҳамда ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлашдаги аҳамияти инобатга олинган ҳолда, 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни, деб белгиланди. Бу йил Ватан ҳимоячилари куни мамлакатимизда "Ватан – улуғ, бурчим муқаддас!” шиори остида нишонланмоқда. Туманимиз ҳокими табрик нутқидан кейин "Аёқчи” ва "Манғит” чегара постлари маъмуриятига ҳамда сана муносабати билан ўтказилган ўзаро спорт мусобақаларида ғолиб бўлган ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари раҳбариятига эсдалик совғаларини топширди.

Сўзга чиққанлар – туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, подполковник Фахриддин Мусулмонов, 31-сонли мактаб ўқитувчиси Саломат Холимбетова, оддий аскар Ҳабибулла Тўхтамуротовлар Миллий Армиямиз ва унинг сафида хизмат қилаётган истиқлолимиз қалқонларининг шарофати билан юртимизда тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётганини, Ватан ҳимояси ҳар бир инсон учун шарафли бурч эканини таъкидлаб ўтдилар.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда бу кунни миллий байрам сифатида катта тантана билан нишонлаш ўзига хос анъанага айланиб бораётганлиги бежиз эмас. Зеро, Сизу — бизнинг бугунгидек тинч, хотиржам ҳаётимиз Қуролли кучларимиз томонидан ишончли тарзда ҳимоя қилинаётган экан, уларни ҳар қанча шарафласак, йигитлик бурчни сидқидилдан адо этаётган, тараққиётимиз барқарорлигига камарбаста бўлаётган ўғлонларимизни ҳар қанча эъзозласак, кўкка кўтарсак, арзийди. Тадбир давомида аскарларга ҳомий ташкилотларнинг совғалари топширилди ҳамда туман маданият ва спорт ишлари бўлими томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш қилинди.

Ғ.Ешниёзов

Янгиликни бўлишинг: