"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

2015 ЙИЛ - КЕКСАЛАPНИ ЭЪЗОЗЛАШ ЙИЛИ

Инсон камолотида оиланинг ўрни ғоят катта. Чунки биз ана шу мўъжаз макон, Ватанимиз ичра кичик Ватан - оилада туғилиб, вояга етамиз. Жамият тараққиётига ҳисса қўшишга қодир шахс сифатида шаклланамиз. Шу азиз макон сари ҳар лаҳзада талпиниб турамиз.Чунки бу маконнинг бағри иссиқ, меҳригиёси, одамни ўзига тортиб турувчи оҳанрабоси, қалбларимизни равшан қилгувчи нурафшон зиёси бор. Бундан ҳам муҳимроғи эса, бизнинг ҳар бир қадамимизни жиддий назорат қилиб, хулқ-атворимизни одамийлик тарозиси ила ўлчаб, яхшиликларга йўллаб тургувчи ота-онамиз, бобо ва бувиларимизнинг меҳр-муҳаббати ҳоким унда. Асрлар давомида шаклланган оила қадрияти миллатимиз учун том маънодаги интеллектуал маънавий мероски, бу маънавий меросни ҳеч қандай моддият билан қиёслаб бўлмайди. Оиламиз фариштаси, хонадонимиз кўрки бўлган бобо ва момоларимиз, азиз бувижонларимиз қанотлари остида бизнинг фарзандларимиз, ҳатто невараларимизнинг улғайиб, камол топишида, битта оила негизида шаклланган ибратга лойиқ шажаранинг яралишида жуда катта ҳикматлар мужассам. Бу ҳикматлар ана шу маънавий-ахлоқий тарбия макони – оиладаги тўкисликни бир хил мезонда ушлаб турувчи улуғ ёшдаги кексаларимизнинг ўзига хос ўзбекона тутумларида, оила аъзоларининг хулқ-атворидаги гўзал сифат ва фазилатларда намоён бўлади. Шунинг учун ҳам кексалар бор жойда файз бор, барака бор. Ва муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидай: "Қариси бор уйнинг париси бор,” "Қариялар – хонадонларимизнинг файзи ва фариштаси”дир.

Дарвоқе, қайсики хонадонда кекса бобо ва момоларимиз бўлса, ўша хонадоннинг ҳавоси бошқача. Ўғил-қиз, невара-чевара, ҳатто эваралар жамлигидаги бу катта хонадонда бирдамлик, жипслик, ўзаро меҳр-оқибат ўзгача, гўзал. Топиш-тутишининг баракасидан наинки хонадонга, балки эл-юртга файз ёғилади. Чунки икки-уч, ҳатто тўрт авлод жипслигидаги аҳиллик, ўзаро меҳр-оқибат мезонларидан куч олган, қалблари зийнатланган хонадон аъзолари кексалар дуосини олиб, юмушга, тижорат, тадбиркорлик ишларига қўл урадилар, эл-юрт манфаати учун фидойилик қиладилар. Хонадонлари остонасидан ташлаган эзгу қадамлари эл-юрт фаровонлиги йўлидаги ниятлари улуғ. Бу бобо ва момолардан фарзандларга ўтган бебаҳо қадрият.

Шунинг учун ҳам бизнинг мамлакатимизда ёши улуғ кексаларга эътибор, ғамхўрлик давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Чунки турли соҳаларда эришилаётган ютуқлар, олиб борилаётган изчил ислоҳотлар замирида кекса авлод вакилларининг бетимсол фидойиликлари мужассам. Собиқ тузум давридаги қолиплаштирилган сиёсат туфайли халқимиз ҳаётида юз берган катта йўқотишлар, қатағон ва сургунлар, иккинчи жаҳон уруши жанггоҳлари ҳамда фронт орқасидаги машаққатли ва азобли меҳнат, етар-етмаслик, очарчилик азобларига сабр - тоқат билан чидаб яшаган, ҳар қандай мураккаб вазиятларда ҳам ўзлигини йўқотмаган нуроний ёшдаги отахон ва онахонларимизга эъзоз ва эътибор кўрсатиш бугун ҳар биримизнинг зиммамиздаги фарзандлик бурчимиздир.

Мамлакатимизда ёши улуғ инсонлар ҳамиша эътиборда, эъзозда. Кексаларимизнинг яхши дам олишлари, нуронийлик даврларини ҳузур-ҳаловатда ўтказишлари учун давлатимиз томонидан беқиёс ғамхўрликлар қилинмоқда. Хусусан, 2014 йил 13 октябрда қабул қилинган "1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонига мувофиқ эндиликда улар йилига бир марта ўзлари учун энг маъқул бўлган муддатларда санаторий-соғломлаштириш муассасалари-да давлат хисобидан даволаниб, соғликларини мустаҳкамлашлари учун кенг имкониятлар яратилди.

"Кексаларни эъзолаш йили” муносабати билан ўтган йилларга берилган номларга монанд ишлаб чиқиладиган Дастурда нуроний кексаларимизга кўрсатиладиган эътибор, эъзоз, беқиёс ғамхўрлик тадарруклари ила ҳаётимизга янада файз ва барака олиб киради. Зеро, улуғлари эъзоз топган юрт аҳлининг кўнгиллари хотиржам, ҳаёти тинч, осойишта, турмуши эса обод ва фаровон бўлади. Халқимиз ҳаётини ана шу мазмун, файзиёб онлар асло тарк этмасин. Хонадонларимизнинг пир-у бадавлат соҳиблари, фаришталари омон бўлсинлар!

Таҳририят.

Янгиликни бўлишинг: