"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

Халқимиз орзу-умидлари ифодаси

Конституция - ҳар қандай демократик жамият, давлат ва бошқарувнинг пойдевори, асос-негизидир.

Конституция – сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, ўрнатиш, тузилиш яъни моддий маънода аввало инсон ва фуқаро ҳуқуқлари, эркинликларини мустаҳкамловчи ва кафолатловчи, шунингдек ижтимоий тузум асосларини, бошқарув шакли ва давлат тузилиши асосларини, ҳокимият марказий                  ва маҳаллий органларини ташкил этиш асосларини, уларнинг ваколатлари ва ўзаро муносабатларини белгилайдиган қонун ҳужжати, ҳужжатлар ёки конституциявий одатлар мажмуи ҳамда расмий маънода барча қонунларга нисбатан олий юридик кучга эга бўлган асосий қонун ҳисобланади.

Ҳар йили мамлакатимизда Ўзбекистон Pеспубликаси Конституцияси қабул қилинганлигининг қутлуғ санаси халқимиз томонидан кенг нишонланади. Конституциямиз инсон, унинг ҳаёти, озодлиги, қадр-қиммати               ва бошқа ҳуқуқларини олий қадрият сифатида тан олувчи суверен демократик давлат барпо этишнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Pеспубликаси Конституцияси 6 та бўлим, 26 та бобни ташкил этган 128 моддани ўз ичига олади. 

Конституциямизнинг 2-моддасида қайд этилишича, "Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади.

Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”. Бу норма ҳақиқий маънодаги демократик бошқарувни, халқ ҳокимиятини  ўзида намоён этадиган қоида, фуқаролик жамияти моҳиятининг қисқа ва аниқ тарздаги баёнидир.

Асосий Қонунимизнинг 15-моддасида қайд этилишича, "Ўзбекистон Pеспубликасида Ўзбекистон Pеспубликасининг Конституцияси ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар”.

Кези келганда муҳим бир мулоҳазани таъкидлаб ўтмоқ керак. Яъни Конституция - давлатнинг асосий қонуни, олий юридик кучга эга қонун, деб эътироф этилсада, унга, фақат "қонунлар қонуни” деб қарасак, Конституциянинг моҳиятини тўла англамаган бўламиз. Зеро, бизнинг Конституциямиз янгиликнинг эскилик устидан, эркинликнинг зўравонлик устидан, адолатнинг ҳақсизлик устидан, тараққиётнинг таназзул устидан ғалабасини қонуний муҳрлаган ҳужжатдир.

Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганидек: "Табиийки, ҳар қандай давлатнинг юзи, обрў-эътибори унинг Конституцияси ҳисобланади. Зотан, Конституция давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган Қобусномадир. Шу маънода Асосий Қонунимиз халқимизнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз том маънода халқимиз тафаккури ва ижодининг маҳсулидир”.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Pеспубликаси Конституцияси халқимизнинг орзу-умидлари, иродасини ўзида мужассамлаштирган қомусий ҳужжат бўлиб, юртимизда келажаги буюк демократик давлат барпо этилишининг муҳим ҳуқуқий пойдеворидир.

Шерзод Абдуллаев,

туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси.

Фото - http://farishta.uz

Янгиликни бўлишинг: