"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8039 +176.83
  • 1 EUR = 9347.75 +265.41
  • 1 RUB = 118.05 +5.41

ФЕPМЕPЛИК ҲАPАКАТИ: ЮPТ PАВНАҚИ ВА ЖАМИЯТ ТАPАҚҚИЁТИ ЙЎЛИДА

Pеспубликамизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи кўп жиҳатдан қишлоқ хўжалиги соҳасида эришаётган ютуқларимиз салмоғига боғлиқ. Шу боис ҳам истиқлол йилларида мамлакатимизда қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни жадаллаштириш ва бу соҳада туб бурилиш ясашга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Муҳими, босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мукаммал қонуний асоси яратилди. Хусусан, "Деҳқон хўжалиги тўғрисида”, "Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар, янги таҳрирдаги "Ер кодекси” ҳамда деҳқон фермер хўжаликларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга оид ўндан ортиқ ҳукумат қарорлари шулар жумласидандир.

Қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар мустаҳкам ҳуқуқий базага асосланган ҳолда босқичма-босқич амалга оширилаётганига яна бир аниқ мисол сифатида 2003 йилда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг "2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини кўрсатиш мумкин. Мазкур қарордан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш борасида аниқ йўналишлар бўйича пухта ишлаб чиқилган концепцияни ҳаётга татбиқ этишга киришилди. Бу жараёндан сўнг ҳукуматимизнинг "2006 йилда қишлоқ хўжалик кооперативлари (ширкатлари)ни фермер хўжаликларига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан мамлакатимизда фермерлик ҳаракатига янада кенг йўл очиб берилди. Ерлар танлов асосида ҳақиқий эгаларига, яъни ер билан тиллашадиган, деҳқончиликда суяги қотган одамларга бўлиб берилди.

Туманимизда 2002-2004 йиллар давомида 19 та ширкат хўжаликлари тугатилиб, улар негизида жами 595 та фермер хўжаликлари ташкил қилинган бўлса, ана шу жараёндаги танловлардан тортиб, ҳозирги пайтгача фермер хўжаликларининг қишлоқ хўжалигига оид қонун талабларига қай даражада риоя қилаётганлиги доимий назорат қилиб борилмоқда.

Фермерлик ҳаракатида ҳам бошқа тармоқлардаги каби ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилиб келинмоқда.

Pеспубликада фермер хўжаликлари ривожининг биринчи босқичи - 1992-1998 йилларни қамраб олиб, бу даврда фермер хўжаликлари, асосан меҳнат ресурслари етарли бўлмаган ҳудудларда, жамоа хўжаликлари раҳбарларининг қарорига асосан, хўжаликнинг балансида бўлган ер участкаларида ташкил этилган эди.

Бу пайтларда туманимизда 245 та фермер хўжаликлари фаолият кўрсатиб, уларнинг умумий ер майдони 3165 гектарни ёки ўртача бир фермер хўжалигига тўғри келадиган ер участкаси ўртача 12,9 гектарни ташкил этар, шу сабабли фермер хўжаликларининг фаолият юритиши учун иқтисодий ва ҳуқуқий асослар яратишни замон талаб этмоқда эди.

Шунинг учун ҳам иккинчи босқич - фермер хўжаликларини ривожлантиришнинг ҳуқуқий-меъёрий асосларини яратиш босқичи бўлди. 1998 йилнинг 30 апрелида Ўзбекистон Pеспубликасининг "Ер кодекси”, "Қишлоқ хўжалик кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида”ги, "Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, "Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонунлари қабул қилинди ва шулар асосида қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун тўла ҳуқуқий асос яратилди.

Бироқ, фермер хўжаликлари фаолияти чуқур таҳлил қилинганда, амалга оширилган чора-тадбирларга қарамай ҳали ҳам фермер хўжаликлари фаолиятида бир қатор ечимини кутаётган долзарб муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Хусусан, айрим фермерлар томонидан ер майдонларидан самарасиз фойдаланилаётганлиги, молиявий-иқтисодий аҳволининг сурункали нобарқарорлиги, хўжаликларнинг тармоқ ихтисослиги (пахта ва ғаллачилик, боғ ва узумчилик, сабзавот ва полизчилик, чорвачилик ва бошқалар) бўйича ер участкалари мақбул бўлинмаганлиги каби масалалар кўзга ташланиб қолди.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2008 йил 6 октябрдаги "Фермер хўжаликлари тасарруфидаги ер участкалари майдонини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойиш шу каби масалаларнинг ечимини топиш мақсадида қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган мақбуллаштириш жараёнида тумандаги фермер хўжаликлари сони 620 тадан 362 тага ёки 59,8 фоизга камайди. Бунда фермер хўжаликларининг ўртача ер майдонлари 74,5 гектардан 127,6 гектаргача кенгайди.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2009 йил 22 октябрдаги "Фермер хўжаликлари тасарруфидаги ер участкалари майдонларини янада мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида бирмунча ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, ер майдонлари тўлиқ инвентаризациядан ўтказилиб, фермер хўжаликларининг фаолиятини танқидий баҳолаш асосида уларнинг ер майдонларини мақбуллаштириш бўйича кенг кўламли, шу билан бирга пухта ўйланган ишлар амалга оширилди.

2009 йилдаги мақбуллаштириш жараёни таҳлил қилинганда, фермер хўжаликларининг айланма маблағлари кўпайгани, ер, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш, техника ва бошқа моддий ресурслардан самарали фойдаланиш кўрсаткичлари бирмунча ошди.

Асосланган ҳолда ўтказилган мақбуллаштириш жараёни натижаларига кўра, 2009 йилда 42 та (11,6 фоиз) фермер хўжаликлари, 2011 йилда 40 та (12,5 фоиз) фермер хўжалиги тугатилиб, бугунги кунда фермер хўжаликларининг жами сони 274 тани ташкил қилади. Шундан 251 таси (91,6 фоиз) пахта ва ғаллачилик, 5 таси (1,8 фоиз) боғдорчилик, 12 таси (4,4 фоиз) чорвачилик ҳамда 6 таси (2,2 фоиз) паррандачилик йўналишидаги фермер хўжаликларидир.

Бугунги кунда ўртача бир фермер хўжалигига тўғри келган ер майдони 170,6 гектарга етди. Фермер хўжаликларининг ўртача ер майдонларини тармоқлар бўйича олиб қарайдиган бўлсак, пахтачилик ва ғаллачиликда 118,0 гектардан, боғдорчиликда 4,5 гектардан, чорвачиликда 53,2 гектардан тўғри келмоқда.

Туманимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, уларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қатор дастурлар амалга оширилди. Жумладан, 2002-2014 йиллар (12 йил) давомида 28 млрд 353 млн сўмлик 914 та турли хилдаги қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари олиб келинди.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2012 йил 22 октябрдаги "Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан фермерлик ҳаракатида фермерликни қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги босқич бошлаб берилди.

Шунингдек, ушбу Фармон билан фермер хўжаликларига бир қатор имтиёзлар тизимини жорий этиш бўйича қонунлар ҳамда қонун ости ҳужжатларига қўшимча ҳамда ўзгартиришлар киритиш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Шу асосда туманда 2012 йилда туман Фермерлар Кенгаши ташкил қилинди. Фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, фермер хўжаликларининг оладиган даромадларини фақат пахта ва ғалладан эмас, балки бошқа соҳаларни ҳам ривожлантириб, фермер хўжаликлари кўп тармоқли фермер хўжаликларга айлантирилди.

Шунингдек, фермер хўжаликлари ер майдонларининг мелиоратив холатини яхшилаш мақсадида қатор давлат дастурлари амалга оширилди. Жумладан,
2008-2012 йиллар давомида 1219 км узунликдаги коллекторларда 8 млрд 64 млн сўмлик реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган бўлса, 2013-2017 йилларда 1630 км узунликдаги коллекторларда 22 млрд 579 млн сўмлик мелиоратив тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган. Шундан, 2014 йилда 273,4 км узунликдаги коллекторда 4 млрд 334,1 млн сўмлик ишлар амалга оширилди.

Туманда фермер хўжаликларини ташкил қилиш, қайта ташкил қилиш ва тугатиш билан боғлик масалаларни кўриб чиқиш учун туман ҳокимлиги ҳузурида ишчи гуруҳи тузилган бўлиб, бу ишчи гуруҳ фермер хўжаликларини ташкил қилиш, қайта ташкил қилиш ва тугатиш билан боғлик масалаларни кўриб чиқишда "Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Pеспубликаси Қонуни талаблари асосида иш олиб борилмоқда.

Қонунда деҳқончилик маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжаликларига ижарага бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами пахтачилик ва ғаллачилик учун камида 30 гектарни ташкил қилиш белгиланган бўлиб, бу кўрсаткич бизнинг туманда ўртача 118 гектарни, 5 та боғдорчилик фермер хўжаликларида ўртача 4,5 гектарни, 12 та чорвачилик фермер хўжаликларида ўртача ҳар бир фермер хўжалигига 53,2 гектарни, 6 та паррандачилик фермер хўжаликларида ўртача 76,4 гектарни ташкил этади.

Ер участкалари берилганда фермер хўжалиги ўз зиммасига қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги ернинг кадастр баҳосидан кам бўлмаслигини таъминлаш мажбуриятини олади. Бу мажбуриятлар туман ер ресурслари ва давлат кадастри билан тузилган ер ижара шартномасида мустаҳкамлаб қўйилган.

Фермер хўжалигини ташкил қилувчи шахс тендер танловидан ғолиб деб топилиб, туман ҳокими қарори билан тасдиқланиб, юридик шахс мақомини олиб, давлат рўйхатига олинган пайтдан ташкил этилган деб ҳисобланиб, ўз номига муҳролишга ва банкда ҳисоб-китоб варағини очишга ҳақли ҳисобланади. Бу "Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасида ўз ифодасини топган.

Янгидан ташкил қилинаётган фермер хўжаликларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекцияси иш олиб бормоқда.

Фермер хўжаликларини юритиш учун ер участкалари очиқ танлов асосида, ижарага эллик йилгача бўлган, лекин ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга берилади.

Захира ерлардан ёки юридик ва жисмоний шахсларга берилмаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи туман комиссияси ўтказган танлов якунларига кўра туман ҳокимининг қарорига асосан берилади.

Лекин давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имконият ва енгилликларга қарамай тумандаги айрим фермерлар томонидан ўз фаолиятини тўғри йўлга қўйиш ўрнига қонун талабларига зид равишда ваколатларини суистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учраб келмоқда. Масалан, 2013 йилда Хитой овули ҳудудидан 6 та, "Оқ олтин” овули ҳудудидан 3 та, Қангли овули ҳудудидан 2 та, Назархон овули ҳудудидан 2 та, Қипчоқ,"Тўлқин”, "Чойкўл” овулларининг ҳар бирида 1 тадан, Бўзёп овули ҳудудидан 2 та, жами 18 та фермер хўжаликларида давлатга пахта ва ғалла топшириш бўйича шартномавий режаларини бажармаганлиги сабибли ушбу фермер хўжаликларининг ер майдонлари туман ҳокимлиги заҳира ер фондига тегишли тартибда қайтариб олинди.

Жорий йилнинг 6-7 декабрь кунлари ана шундай ердан самарасиз фойдаланган 60 та фермер хўжаликларининг ерлари туман заҳира ер фондига қайтариб олиниб, мазкур ер участкалари танловга қўйилган ва айни кунларда танловда иштирок этиш истагидаги фуқаролардан ҳужжатларни қабул қилиш жараёни кетмоқда. Туманимиз фуқаролари танловда иштирок этиб, белгиланган тартибда ғолиб бўлсалар, фермерлик фаолияти билан шуғулланиб, юртимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишлари мумкин.

Энг муҳими, Ўзбекистон Pеспубликасининг "Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуни ва тегишли ҳукумат қарорлари талабларининг туманимизда ижроси қониқарли деб айтишга ҳақлимиз. Чунки, мана бир неча йиллардан буён туманимиз давлатга пахта, буғдой ва пилла топшириш бўйича шартномавий режаларини, мамлакатимизда биринчилардан бўлиб адо этиб келмоқда. Бундай шарафга сазовор бўлиб, туманимиз довруғини мамлакат миқёсида танитаётган фидойи фермерларимизга, жонкуяр деҳқонларга ҳар қанча таҳсин айтсак арзийди. Ўз меҳнатлари билан Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётган, жорий қишлоқ хўжалик йилини ҳам муваффақиятли якунлаган туманимиз фермерлари ва соҳа ходимларини бу йилги меҳнат зафарлари билан яна бир марта муборакбод қилиб, юртнинг фаровон келажаги йўлида қилаётган хайрли ишларига барака тилаймиз!

Анвар ЙЎЛДОШЕВ,

туман Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи,

халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.

Янгиликни бўлишинг: